Пашшалар нима учун шифтда оёғини юқорига қилиб юради?

Биз тез-тез атрофимизда хонадон пашшаларини кўрамиз ва уларнинг ғаройиб мавжудотлиги ҳақида ўйлаб кўрган эмасмиз. Пашшаларнинг ғайриоддий томонлари кўпки, гапни нимадан бошлашни билмай бошимиз қотади.

Пашшанинг танаси уч қисмдан: бош, ўрта ёки кўкрак ҳужайраси ва қориндан иборат. Ўрта қисмига уч жуфт оёқлари бириккан.

Оёқлари беш қисмдан тузилган, энг охиргиси товондир. Пашша оёқ учида, яъни товонининг ички томонига бириккан чангали икки панжаси билан юради. Чангалли панжасининг тагидаги ёпишқоқ дўмбоқчқлар ўзига хос ёпишқоқ суюқлик ажратиб чиқаради. Дўмбоқчадан келиб турадиган мана шу суюқлик шарофати билан пашша деярли истаган баландликда ўрмалаб юради. У ҳатто шифтда оёғини юқорига килиб юра олади, ҳатто ойна юзида ҳам бемалол ўрмалайди.

Пашшанинг қараши ҳам ғалати. Бошининг ҳар икки томонидаги иккита малла шарча унинг кўзидир. Ҳар бир кўзи минглаб линзадан иборат. Ҳар бир линза пашша қараётган томондаги умумий манзаранинг бир қисмини қабул қилади. Бундай кўзлар жуда мураккаб бўлади. Бошининг қоқ учида яна учта кўзи жойлашган, уларни фақат катта қилиб кўрсатадиган ойна тагида кўриш мумкин.

Хонадон пашшаларининг мўйловчаси ёки антеннаси ҳидни билиш аъзосидир. Бу антенналар ҳидни жуда узоқ масофадан сеза олади. Шунинг учун ҳам пашшалар ҳаердан хушхўр ҳид тарқалса, ўша ерда ҳозиру нозир бўлади.