Океанлар қандай ўрганилади?

Бошқа фанларда бўлгани сингари океаншуносликда ҳам назарий ва тажриба тадқиқотлари ўтказилади. Улар ўзаро чамбарчас боғланган. Тажриба йўли билан олинадиган кузатишларга оид маълумотлар сизни қизиқтираётган объект — океан тузилиши тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш учун назарий тафаккурни тақозо этади. Ўз навбатида назарий андозалар янада кўпроқ билимга эга бўлиш учун кейинги кузатишларни қай йўсинда ташкил этишда асқотади.

Яқин-яқингача, ҳар нарсага қизиқувчи денгизчиларнинг йўл-йўлакай кузатишларини ҳисобга олмаганда, тадқиқот кемаларидаги денгиз экспедицияси океанни тажриба йўли билан ўрганишнинг асосий воситаси эди. Бундай кемалар махсус жиҳозлар: сувнинг температураси, кимёвий таркиби, оқимлар тезлигини ўлчайдиган асбоблар, денгиз тубидан тупроқ оладиган, денгиз жониворларини тутадиган мосламаларга эга бўлиши керак. Дастлабки океанографик асбоблар кема бортидан металл арқон билан оддий чиғир ёрдамида сувга туширилган.

Катта чуқурликлардаги сувнинг ўзига хос хусусиятларини ўлчаш топқирликни талаб этади. Дарҳақиқат, бир неча километр чуқурликдаги асбоб маълумотларини қандай олиш мумкин? Уни юзага кўтариш керакми? Аммо асбоб юзага кўтарилаётганда, сувнинг турли қатламларидан ўтиши оқибатида ундаги маълумотлар кўп марта ўзгаради. Шу сабабли керакли чуқурликдаги сув температурасини ўлчаш учун тўнтарилувчи термометрдан фойдаланилади. Бундай термометрнинг «оёғи осмондан бўлганида», фақат ўша ўзи тўнтарилган чуқурлик температурасидан бошқасини кўрсатмайди. Унинг тўнтарилишига юқоридан арқон бўйлаб туширилган кичик бир чопар — юк сигнал беради. Маълум бир чуқурликдан кимёвий таҳлил учун сув намунасини оладиган идишнинг бўғзи ҳам у тўнтарилган вақтда ёпилиб қолади. Бундай идишлар батометрлар деб аталади.

Кейинги йилларда океаншуносларга узоқ вақт ёрдам бериб келган бундай оддий асбоблар ўрнини ток ўтказувчи кабель ёрдамида чуқурликларга тушириладиган электрон мосламалар эгаллаб бормоқда. Асбоб бундай кабель билан кема бортидаги компьютерга боғланган бўлади. Компьютер чуқурликдан келаётган маълумотларни эслаб қолади ва қайта ишлайди.

Аммо океан ҳақида тўла маълумот олиш учун илгариги асбобларга нисбатан пухта, аниқ ва қулай мосламалар ҳам етарли эмас. Сабаби, дунё океани ҳажми шу қадар каттаки (Ер юзининг 71% майдонини, яъни 360 млн.кв.км.ни ташкил этади), энг тезюрар кема ҳам унинг барча минтақаларини кезиб чиқиши учун бир неча ўн йиллар керак бўлади. Бу вақт ичида унинг сувлари ҳолати, атмосферада об-ҳаво ўзгаргани каби, жиддий равишда ўзгариб кетади. Кузатишлар вақти чўзилиб кетгани сабабли океан тўғрисидаги тасаввурлар узуқ-юлуқ бўлади.

Океаншуносларга бу борада Ер атрофида бир кеча-кундузда бир неча маротаба айланиб чиқадиган ёки экваторнинг қайси бир нуқтасидаги юксакликда «ҳаракатсиз» туриб коладиган сунъий йўлдошлар ёрдамга келади. Ўша баландликдан Ер юзасининг деярли ярми кўринади.

Бундай юксакликдан океанни ҳар томонлама ўлчаш қийин, аммо бу эпласа бўладиган иш. Ҳатто космонавтлар кузатадиган океан сувининг лойқаланиш ҳодисаси ҳам унинг ҳаракати ҳақида кўп нарса бериши мумкин. Оқим билан бирга кўчиб юрувчи буйларни (сувда саёзлик, йўл ва ҳ.к.ни кўрсатадиган белги) йўлдошлардан кузатиш орқали сувнинг ҳаракатини яхшироқ билиб олиш мумкин бўлади. Аммо океан юзасидан чиқаётган электромагнит тўлқинларини қайд этиб бориш орқали ҳам кўпроқ ахборот олиш мумкин. Йўлдошлардаги асбоблар тутиб оладиган тўлқинларни таҳлил қилиб ҳам океан юзаси температураси, шамол тезлиги, шамол тўлқинларининг баландлиги ва океаншуносларни қизиқтирадиган бошқа кўрсаткичларни аниқлаш мумкин.