Қор учқуни табиатнинг энг гўзал ижод намуналаридан биридир. Бундай нафис шаклни ясаш ўта машаққатли иш. Қор ёққанда миллионлаб бундай учқунлар ерга тушади, аммо улар орасидан иккита бир хил учқунни топиб бўлмайди.
Сиз қор музлаган сув эканини яхши биласиз. Агар у музлаган сув бўлса, нега оппоқ? Ахир, музлаган сув рангсиз бўлади-ку! Қорнинг оқлиги сабаби шуки, муз кристаллчаларидан иборат ясси учқун ёруғликни қайтаради ва кўзимизга оппоқ бўлиб кўринади.
Сув музлаётганда кристаллар ҳосил бўлади. Негаки, бунда сув молекулалари ўзига хос тартиб билан тизилади ва биз «кристалл» деб атайдиган геометрик шакл ҳосил қилади.
Сув молекуласи уч заррадан: икки водород атоми ва бир кислород атомидан таркиб топади. Шунинг учун ҳам у кристаллашаётганда, уч ёки олти бурчакли шакл ҳосил қилади.
Қорга айланадиган сув сувнинг атмосферадаги буғидир. Сув кристаллчалари музлаётганда кўзга кўринмас даражада кичик бўлади. Қор ҳосил бўлаётганда бу кристаллчаларни ҳаво оқимлари гоҳ пастга, гоҳ юқорига ҳайдаб юради.
Бундай кўчишлар жараёнида улар чанг зарралари ёки сув томчилари атрофида бирикади. Бундай кристаллар гуруҳи тобора катталашиб боради. Шундай қилиб, бир ядронинг теварагида бир неча юзлаб шундай кристаллар йиғилиши мумкин.
Бу гуруҳ катта ва оғир ҳолга келгач, ерга инади. Биз уни «қор учқуни» деб атаймиз. Айрим қор учқунларининг диаметри 3 см.гача етади. Учқунларнинг ҳажми катта-кичиклиги температурага боғлиқ.