Нега муз қувурларни ёриб юборади?

Кўпгина студентлар: «Нега энди физика ва табиий фанлар билан бошимни қотиришим керак, ахир, мен улардан ҳеч қачон фойдаланмайман-ку?» деб шикоят қилишади. Бундай кишиларнинг физика ва табиий фанларнинг «бефойдалиги» тўғрисидаги гапларига ишониш қийин. Биз, ўзимиз билиб-билмай, кундалик ҳаётимизда физика қонунларидан фойдаланамиз.

Қиши совуқ бўладиган иқлимда яшайдиган ҳар бир киши ўз машинасининг радиаторига антифриз солишни, барча қувурлардаги сувларни тўкиб ташлаш лозимлигини жуда яхши билади. У, мабодо, бундай қилмаса, радиаторида ёриқлар пайдо бўлишини, қувурлар эса ёрилиб кетишини тушунади. Нега бундай бўлиши физика қонунларида асослаб берилган.

Масалан, аксарият моддалар суюқ ҳолатдан қаттиқ ҳолатга ўтганда, уларнинг ҳажми тораяди. Аммо сув — бунинг бутунлай акси. У торайиш ўрнига кенгаяди. Кенгайганда ҳам, тахминан 10 фоиз ёки 1/9 қисмга кенгаяди, яъни челагингизда тўққиз литр сув бўлса, ундан, музлагач, 10 литр қаттиқ муз ҳосил бўлади. Энди сувнинг радиатор ёки қувурда музлаб қолишини тасаввур қилиб кўринг. Ўн литр қаттиқ музга тўққиз литр сувга нисбатан кўпроқ фазо талаб этилади. Аммо радиатор қувурчалари ёки сув қувурлари чўзилиш хусусиятига эга эмас. Чунки уларда ошиқча жойнинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам сув музлаганда, қувурларга сиғмай, ёриб чиқади.

Табиатнинг бундай ўзига хос ҳодисаси катта кучга эга. Сиз қувурлар пишиқ металлардан тайёрланишини яхши биласиз. Финляндияликлар бундай кучдан ҳам унумли фойдаланишади. Улар тош конларида қоялардаги ёриқларга сув қуйишади ва унинг музлашини кутишади. Музлаган сув пона вазифасини ўтайди. Улкан ҳоя тошлари музнинг кенгайиши натижасида катта тошларга бўлиниб кетади.

Муз сувга нисбатан кўпроқ жойни эгалласа ҳам, ундан енгилдир ва унинг устида сузиб юради. Шунинг учун ҳам катта сувликлар ҳеч қачон тўлиқ музламайди. Сув юзасидаги муз қатлами остидаги нарсаларни музлаб қолишдан сақлайди.