Момақалдироқ нима?

Баҳорги жалалар, одатда, момақалдироқ билан бирга келади. Момақалдироқ сўзининг ўзи метеорологик ҳодисаларнинг бутун бир комплексини англатади. Улардан ҳаммамиз биладиганларимиз чақмоқ ва гулдиракдир. Чақмоқ қўшни булутлар ўртасида ёки булут билан ер ўртасида чақадиган улкан электр учқунидир. Электрсизланиш (разряд) вақтида тор каналдаги ҳавони қҳиздирадиган катта миқдордаги энергия ажралиб чиқади. Тор канал электр разрядининг тарқалиш йўлидир. Ҳаво тез қизиши натижасида шиддат билан кенгаяди ва зарба тўлқини пайдо бўлади. Бу тўлқин гумбурлаган товуш ҳосил қилади.

Яшиннинг электрсизланиши, мабодо, кузатувчи унинг яқинида турган бўлса, момақалдироқнинг қулоқни қоматга келтирувчи яккаю ягона зарбасини эшитади. Узоқлашиб бораётган чақмоқнинг эса узоқ гумбурлаши эшитилиб туради. Товушнинг асосий зарбадан сўнгги такрорланиши унинг ер юзасидаги ўйдим-чуқурликлар, бинолар, ўрмон чегаралари, булутлар ва ҳк.дан қайтадиган акс-садоларидир.

Яшин уриши нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Унинг талофат етказиш қудрати иссиқлик энергияси ажралиб чиқиши билан боғлиқ. Унинг таъсирида дарахтлар синиши, уйлар, миноралар ер билан яксон бўлиши мумкин. Яшин уришининг олдини олиш мақсадида кўп қаватли уйлар ва иншоатларга токни ерга ўтказиб юборувчи металл таёқча — яшин қайтаргич ўрнатилади. Яшин қайтаргич дейиш ҳам унчалик тўғри эмас, негаки, у яшинни қайтармайди, аксинча, ерга ўтказиб юборади ва шу билан иморатларни унинг зарбасидан ҳимоя қилади.

Оддий туғри чизиқли (ёки илонизи) яшиндан ташқари, баъзида шарсимон яшин — олов шари ҳам пайдо бўлиб туради. Бу шар Ер юзасидан унча баланд бўлмаган ҳавода сузиб юради ва қаттиқ предмет билан тўқнашганда, портлайди.

Момақалдироқ, осмонни тўп-тўп ёмғир булутлари қоплаб олганда кузатилади. Улар бошқа булутлардан ўзига хос шакли (улар тик ҳолда жуда чўзилиб кетган бўлади, устки қисми эса темирчининг сандонини эслатади) ҳамда қорамтир тусдалиги билан ажралаб туради. Ҳаво бундай булутлар ичидан шиддат билан юқорига кўтарилаётиб, ёмғир томчиларини ҳам ўзига тортади ва электр зарядлари ҳосил бўлиши учун зарур шароит туғдириб беради ва ниҳоят яшин туради.

Ҳар дақиқада Ер шарининг турли бурчакларида икки мингга яқин яшин тураётган бўлади. Қуруқлик устида ёзда (баҳорда), сувликлар устида эса қишда кўпроқ яшин туради.