Куя таъмни билишга қобилми?

Дуч келган нарсани тешиб ташлайдиган бу митти зарарли капалакни билмайдиган одам дунёда топилмаса керак. Куяни йўқ қилиш мақсадида одамлар нималарни ўйлаб топишмаяпти: ҳар хил заҳарли моддаларни ва тахир ўтларни нарсалар ичига қўйишяпти, аммо буларнинг ҳаммаси бир пул бўлмоқда! У эса учгани учган. Биттасини ўлдирсанг, қаердандир иккинчиси пайдо бўлади. Учадиган куя унчалик кўп зарар келтирмайди, аммо унинг қуртлари даҳшатли, кийим-кечакларни дабдала қилиб ташлайди.

Куя овқатдан ҳазар қилмайди, дуч келган нарса: жун костюм ва пайпоқлар, мўйна пўстин ва гиламлар, дағал қилдан ишланган нарсаларни ва ҳатто тиқинларни кемириб ташлайди, деб ҳисоблашади.

Бироқ куя унчалик ҳам фарқига бормайдиганлардан эмас. Уларнинг ҳар бирининг ўз таъм сезгиси ва ўз «танлаган овқатлари» бор. Куялар ўлчами ва тусидан ташқари турли нарсаларни ейиши билан ҳам фарқланади. Масалан, пўстин куяси гиламни емайди.

Куя биргина уйларда яшамайди ва уйдаги нарсаларни еб қолмайди. Нуқул ўсимликларни ейдиган ва еганда ҳам қаторасига эмас, фақат ўзига ёққанларини танлаб ейдиган бир тури бор. Масалан, олма куяси бор, терак, сирень, карам ва яна бир талай куялар мавжуд. Табиатда ҳам уйдаги ҳол юз беради. Дон куяси қурти, фараз этайлик, фақат донни ейди ва ҳеч қачон смородина меваси ёки куртагини емайди, айни пайтда улар смородина куяси учун ростакамига тансиқ таомдир.