Конденсация буғланишга тескари бўлган жараёндир. Буғланиш жараёнида суюқлик газ ёки буғга айланса, конденсация жараёнида газ ёки буғ суюқ ёки қаттиқ ҳолатга ўтади.
Газ ёки буғнинг ҳажми қисқарганда ёки совиганда конденсация содир бўлади.
Конденсация жараёнида қизиқ нарсалар юз беради. Биринчидан, газ ҳолатидан суюқ ҳолатга ўтиш, модда миқдори ўзгармаган ҳолда ҳажмнинг кичрайишига олиб келади. Иккинчидан, атроф-муҳитга иссиқлик конденсацияси деб аталадиган иссиқлик энергияси ажралиб чиқади. Масалан, ҳар бир грамм сув буғи конденсацияланганда, 540 калория ажралиб чиқади.
Бизни ўраб турган дунёда кечаётган бир қанча жараёнларда конденсациянинг алоҳида ўрни бор.
Дарё, кўл, денгиз ва океанлар юзасидан буғланган сувнинг атмосферада совиши натижасида булутлар ҳосил бўлади. Нам, рутубатли ҳаво совуқ юзага текканида ўт-ўланлар ва япроқларда шудринг ҳосил бўлади.
Конденсация сизнинг кўз ўнгингизда ҳам содир бўлиши мумкин. Агар ёзнинг жазирама кунларидан бирида муздай совуқ сув тўла стаканни ташқарига олиб чиқсангиз, у «терлайди». Бунинг сабаби шуки, ҳаводаги сув буғлари совуқ ойнага тегиши натижасида конденсацияланади.
Баъзида моддалар бевосита газсимон ҳолатдан қаттиқ ҳолатга ҳам ўтиши мумкин. Бу буғ конденсацияланаётган атроф-муҳит ёки юза температураси модданинг музлаш температурасидан паст бўлган ҳолда содир бўлади. Совуқ кунда кўчада сайр қилиб юрган кишиларнинг соқол-муйловида қиров ёки сумалак пайдо бўлишининг сабаби ҳам айнан шу ҳодиса билан боғлиқ. Одамнинг оғзи ёки бурнидан чиқаётган сув буғи конденсацияланиб, музга айланади.