Колибрилар ҳавода муаллақ тура оладими?

Сиз қачонлардир колибрининг бир неча дақиқа гул устида муаллақ турганини кўрганмисиз? Уни ҳеч нарсани ушлаб турмасдан, майда тумшуқчасини гулга тиқади ва тўсатдан яна пайдо бўлади.

Қушча қанотларини жуда тез қоқади, бу унинг ҳавода муаллақ туришига имкон беради. Бу жимитдай қушлар шу қадар тез ҳаракатланадики, биз унинг милт-милт этганини кўришимиз мумкин, холос.

Колибрилар бошқа қушлар сингари уча олмайди. У қанотларини бир секундда 55 марта қоқади! Шу ўринда бармоқларингизни мумкин қадар тез кўтариб-тушириб кўринг. Сиз бир секундда кўпи билан 2 — 3 марта қилишингиз мумкин.

Колибрининг бунчалик тез қанот қоқиши унинг овқатланиши учун зарур. У гул нектари ва гул марказида бўладиган ҳашаротлар билан озиқланади. Аммо бундай гуллар ҳам шу қадар кичкина ва нозик бўладики, колибридай митти қушни ҳам кўтара олмайди. Аммо у қанотларини тез силкитавериб, ўз тумшуғи билан нектар ва ҳашаротни олмагунча, ҳавода тураверади.

Колибрилар Шимолий Америкада жуда кўп яшайди. Унинг томоғи тўқ қизил, думининг учидан то тумшуғининг учигача 8 — 10 сантиметр келади. Ўз ўлчамининг бу қадар кичкиналигига қарамай колибри ўз уясини жуда жасорат билан муҳофаза этади. Уларнинг уясини ўмармоқчи бўлган қирғий ва қарғаларни ҳайдаб қувиши кузатилган.

Колибрининг уячаси унинг мўъжаз бойлигидир. Уя ўсимликлар, ўргимчак тўрлари ва мохдан косача шаклида тикланади. Унда ҳеч қачон оппоқ иккита тухумдан ортиқ нарса бўлмайди.