Капалак қурти қандай қилиб капалакка айланади?

Сиз бирор марта капалаклар ҳеч қачон овқат емайди, дегувчи одамлар билан гаплашиб кўрганмисиз? Бу ҳақ гап капалакларнинг айрим турларига тегишли, сабаби унинг капалакка айланиш жараёни билан боғлиқ.

Капалаклар умри давомида 100 тадан бир неча мингтагача тухум қўяди. У ўз тухумларини иложи борича, зурриётлари учун фойдали бўлган ўсимликларга жойлаштиришга ҳаракат қилади. Агар ўша жойда бир хил ўсимлик ўсса, у ўз тухумини ана шу ўсимликка қўяди!

Бу тухумлардан майда чувалчангсимон личинкалар униб чиқади ва улар капалак қурти личинкалари дейилади. Улар озиқланиб, ўса бошлайди, бу орада уларнинг териси бир неча марта тушади. Мана шу даврда капалак қуртлари нуқул овқат ейди ва шу тариқа ҳаётининг янги босқичи — капалакка айланиш даврига захира ҳозирлайди. Овҳат ёғ ҳосил қилади, ундан қанот, панжа, сўрувчи найлар ва ҳоказо аъзолари таркиб топади. Ана шулар капалакни қуртидан ажратиб туради.

Маълум бир вактга келиб, капалак қурти ўзгариш даври келганини сезади ва алҳол атрофига кичкинагина пилла тўқийди. Унинг териси ва боши узилиб тушиб, гумбак ҳосил бўлади. Кейин у танаси учидаги ўткир игна билан пиллани тешади.

Ғумбак бир неча ҳафта ёки ой ухлаши мумкин. Бу орада у ўзгариб боради ва тўлиқ шаклланган капалак бўлиб чиқади. Бироқ дастлабки пайтлари учолмайди. У қанотлари ростланиб, темирқанот бўлгунча бир неча соат кутиб ўтиради. Дастлаб парвозга шайлигини билиш мақсадида қанотларини силкиб кўради ва ишонч ҳосил этгандан сўнг ҳавога кўтарилади.

Айтганча, парвоналарнинг ҳаёти ҳам шу тарзда кечади. Биласизми, парвоналарнинг тури капалакларникидан кўп!