Жаннат қушлари қаерда яшайди?

Бу қушларни биринчи бор кўрган одамлар уларни жаннат қушлари деб аташган ва шундай ўйлашган. Бу қадар чиройли қушлар яна қаерда яшаши мумкин?

Бу қушлар ҳақиқатан ҳам эртаклардагидек гўзал: турли бой, ёрқин патларида ҳар турли зангори, оч пушти, сариқ, оҳ, қўнғир… хуллас, зарҳалидан тортиб қора рангларгача кўришингиз мумкин. Устига устак бу қушларнинг патлари ҳам турли ва жуда ғайритабиий шаклга эга. Патлари кенг, доирали, бошқалариники ингичка ва учи попукли, учинчи хилларида патлари силлиқ, майин, яна бирларида жингалак бўлган қушлар бор.

Бундай қушларни кўрган одамлар улар ҳақида жуда кўп ғалати ҳикояларни айтиб беришади. Масалан, жаннат қушларининг оёғи йўқ ва улар бутун умрини ҳавода ўтказади. Бу ҳикояларнинг нимаси ҳақиқат-у, нимаси афсона?

Аслида жаннат қушларининг 40 га яқин тури Австралия атрофида жойлашган оролларда яшайди. Улар оддий жониворлар, аммо ғайритабиий гўзалликка эга. Уларнинг оёғи бор, устига устак жуда маҳкам ушлайди ва кучли, чунки жаннат қушлари дарахтлар устида умргузаронлик қилади, овқат ҳашарот ва мевалар қидириб, шохдан шохга учиб қўнади, аммо қуюқ барглар орасида учолмайди. Бунинг устига дарахтлар улар учун паноҳ вазифасини ҳам ўтайди, жиндай хавф туғилса, шох-бутоқлар орасига бекиниб олади.

Барибирам ҳам одамлар бурун замонларда жаннат қушларининг оёғи йўқ, деб ҳисоблаганлар. Бунинг жавоби оддий. Жаннат қушлари чиройли бўлганидан кўп азоб тортади. Модапарастлар уларнинг парлари билан ўз соябонларига зеб берадилар, уйларини безайдилар, тулумлар ясайдилар ва бошқа нарсалар қиладилар. Масалан, ерли аҳоли қушларни ўлдириб, оёқларини кесиб ташлаб, патли терисини сайёҳларга пуллашган, сайёҳлар эса уларни ўз мамлакатларига олиб боришган. Бутун дунёга тарқалган мана шундай терилар туфайли оёқсиз қушлар афсонаси туғилган.

Жаннат қушларини ҳозир фақат ҳайвонот боғларида кўриш мумкин. Уларни тинглагандан кўра, кўрган афзал, улар сайроғини бошлаганда бутун чиройидан асар қолмайди. Уларнинг овози ёқимсиз бўлиб, қарғанинг қағиллашини эслатади. Бунга ҳайрон бўлманг: ахир жаннат қуши оддий қарғалар авлодидандир.