Ҳайвонларни ўқитиб бўладими?

Ҳаммаси «ўқитиш» деганда нимани тушунишимизга боғлиқ. Албатта, ҳайвонларга қўшиш амалларини ёки расм солишни ўргатиб бўлмайди. Аммо уларни туғилганиданоқ хос бўлган инстинктларга нисбатан бошқачароқ тутишга ўргатиш мумкин бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, барча гуруҳлардаги ҳайвонларни ўргатиш мумкин, дея олмаймиз. Чунки улар аксариятининг хатти-ҳаракат хусусиятлари тўғрисида биз деярли ҳеч нарса билмаймиз. Қатъий айтолмасакда, ҳар ҳолда, қушлар, балиқлар ва албатта сут эмизувчилар бир мунча муфассал ўрганилган.

Бундан ташқари, кўпчилик ҳайвонлар ўз болаларига ўлжани қўлга киритиш йўлларини ўргатади.

Она бўри ўз болаларига сабоқ олишида ва кўникма ҳосил қилишида бош- қош бўлади. Бунинг учун у уясига чалажон ҳайвонни судраб келади ва ов усулларини болаларига ўргатади.

Шернинг болалари бир-бири билан бамисоли келажакда ўз ўлжаларига қандай ташланишни машқ қилгандек ўйнашади. Мушук ҳам сичқонни қандай овлаш кераклигини болаларига шу йўсинда ўргатади.

Ҳайвонларни ўргатиш кўп ҳолларда одамларга катта фойда келтириши мумкин. Бундан ташқари, одамларга ҳайвонларни ўзини қандай тутишга ўргатиш хуш ёқади. Гап шундаки, болалар билан ҳайвонларни ўргатиш ўртасида унчалик жиддий фарқ йўқ. Шунинг учун ҳам ўргатилган ҳайвонлар феъл-атворидаги кўп жиҳатларни ўрганиш, инсон хатти ҳаракатини аниқлаб олишимизга ёрдам беради.