Эҳтимол, сизга циркда оддий арифметик масалаларни еча оладиган, ўргатилган тюленлар, айиқлар, итларни кўриш насиб этгандир. Шундай пайтда бу ҳайвонлар санашни билар эканда, деган тасаввур пайдо бўлади, тўғри эмасми?
Аммо аслида ҳеч ҳам бундай эмас. Бу ҳолатда тюлен ёки ит ўз ўргатувчисидан «кўрсатма» олади, холос. «Бешдан иккини айирсак, қанча қолади?» — саволига уч марта вовуллаб жавоб қайтарган ит ўз эгасидан томошабинларга сездирмай берилган сигнал, масалан, бош силташ асосида тўхтайди.
Табиийки, ҳайвонлар катта миқдордаги бирор нарсани озроғидан фарқлай олади. Уларнинг кўпчилиги бирига бешта, иккинчисига олтита емиш солинган иккита саватдан олтита емиш солинганини танлайди. Аммо айни шу нарсани рақамлар ва сонлар тўғрисида умуман тасаввури бўлмаган кичкинтойларимиз тўғрисида ҳам айтиш мумкин. Бироқ кўпни оздан ажрата билиш ва санай олиш — бу айни бир нарса дегани эмас.
Шундай бўлса-да, олимлар ҳайвонлар ва қушларнинг айрим турлари ҳақиқатан ҳам санаш қобилиятига эга деб тахмин қиладилар. Бундай фикрни тасдиқлаш мақсадида олиб борилган тадқиқотлардан бирида каптарга донни битталаб санаб беришган. Бунда ҳар сафар олтита сифатли дондан сўнг унга ейишга яроқсиз еттинчи дон берилган. Маълум вақт ўтгач, каптар олтитагача санашни ўрганган ва унга еттинчи донни беришганда, у ҳатто донга қайрилиб қўймаган.
Яна бир тажрибада шимпанзега ердан битта, иккита, учта, тўртта ёки бешта таёқчани териб олиш ва қанча сўралса, шунча беришга ўргатишган. Аммо таёқчалар сони бештадан ортгач, шимпанзе адашган ва хато қила бошлаган.