«Юз марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши», деган мақол фақат инсонгагина қаратилган эмас. У кўришнинг кўпгина тирик мавжудотлар учун беқиёс аҳамиятга молик эканлигини ифода этади. Шунинг учун ҳатто кўзга эга бўлмаганлар ҳам қандайдир «кўрувчи» органларга эга. Масалан, ёмғир чувалчанглари терисининг устида кўриш ҳужайралари бетартиб жойлашган бўлиб, уларни микроскоп воситасидагина кўриш мумкин. Бундай «кўзлар» билан атрофдаги нарсаларни кўриб бўлмайди, аммо улар орқали қуёшни соядан, кунни тундан, ёруғни қоронғидан фарқлаш осон, чувалчанг учун бундан ортиғи керак эмас.
Зулукларда кўриш ҳужайралари танасининг охирида тўпланган, демак, унинг «кўзлари» думида жойлашган. Денгиз юлдузида эса бундай ҳужайралар «қўллар» деб аталмиш аъзоларида жамланган бўлади. Бундан чиқди, унинг 5 та «кўзи» бўлиб, ҳаммаси қўлларида эканда.
Аксарият ҳайвонларнинг кўзлари, албатта, ҳақиқий кўзлардир. Аммо бу ерда ҳам ажойиботларга дуч келамиз. Кана дунёга орқаси билан қарайди: унинг кўзлари айнан шу ерга жойлашган. Диопсиз пашшаси шиллиқ қуртники каби узун шохлари билан лол қолдиради. Маълум бўлишича, бу кўзлар учун яна бир ноодатий жой ҳисобланиб, кўзлар мана шу шохларнинг учига ўрнашган бўлади. Камбала балиғининг кўзлари бир томонга жойлашган бўлади. Саккизоёқда, саргузашт романларга ишонадиган бўлсак, атиги битта кўз бор. Аслида эса улар иккита, аммо чап кўзи ўнг кўзидан бир неча марта катта бўлади. Шуниси ҳам борки, архитевтис уруғига мансуб калмарлар дунёда энг катта — ликопчадек келадиган чап кўзга эга. Кўзлари бошларига «бетартиб» жойлашган ҳайвонларда ҳам ҳаммаси оддий, рисоладагидек деб бўлмайди. Оддий уй пашшасида бошининг ён томонларига жойлашган иккита кўз борлиги ҳаммага маълум бўлса керак. Аммо, аниқланишича, олд томонда улар ўртасида жойлашган яна учта «номаълум кўз» бор экан. Ҳаммаси бўлиб пашшанинг бешта кўзи бўлар экан. Айрим ўргимчакларда саккизта кўз бор.
Ҳайвонларда бешта, ҳатто саккизта кўзга нисбатан учта кўзнинг бўлиши сизни унчалик ажаблантирмаслиги табиий. Аммо кўзнинг учталиги хусусида ҳар қанча гапирса арзийди. Янги Зеландияда яшайдиган гаттерий калтакесагида ҳаммамизда бўлганидек иккита кўз бор, учинчиси эса энса ёки гарданда жойлашган бўлиб, ҳамиша осмонга қарайди. Аниқланишича, осмонга қаровчи учинчи кўз кўпгина ёввойи ҳайвонлар, қушлар ва судралиб юрувчиларда бўлар экан. Тўғри, бошқа ҳайвонларда, гаттерий калтакесагидан фарқли ўлароқ, учинчи кўз яхши ривожланмаган, тери, айрим ҳолларда, суяк қоплаган бўлади ва ҳеч нарсани кўрмайди, аммо далил далиллигича қолади — учинчи кўз борлиги аниқ! Энг қизиғи шундаки: бош суяги остида мия ичига яширинган, ривожланмаган учинчи кўз одамда ҳам бўлиши аниқланган. Шундай қилиб, одамда ҳам аслида иккита эмас, учта кўз бор экан-да!