Ҳайвонлар думи билан қандай ҳимояланади?

Дум аксарият ҳайвонларнинг яккаю ягона қуролидир. Қора денгизда ғалати махлуқ — думи ингичка, япалоқ балиқ ёки денгиз мушуги яшайди. Бу балиқлар зоҳиран катта дастали-думли товага ўхшайди. Думғазаси тагидан узун, ясси, четлари кертикланган ва найзадай ўткир тиканак ўсиб чиқади. Денгиз мушуги хавфли вазиятларда думи билан қутуриб савалайди ва «найзаси» билан жароҳат етказади.

Эгридум балиқлар — мешқорни таши пичоқнинг ўткир тиғидай зирҳ билан ҳимояланган, гавдаси чиройли майда махлуқ. Шу боис унинг устара деган иккинчи номи ҳам бор. Ортида дум сузгичи ўрнига мешқорни томон эгилиб турувчи тиканак ўсиб чиққан. Атроф осойишта бўлган чоғларда балиқчалар бошини эгиб секин сузади, иттифоқо душман чиқиб қолса, тиканаги ва зирҳ тиғини у томонга буради.

Ўрта Осиё чўл ва саҳроларида яшайдиган йирик калтакесаклар — эчкиэмарлар йиртқични думи билан савалаб, ўзини ҳимоя қилади. Зарбаси суякни синдирадиган даражада кучли. Ҳўкизлар, отлар, зебралар, эшаклар, антилопалар ҳатто баҳайбат филлар, пашша, чивин, майда чивин, сўна ва бошқа ҳашаротлардан ўзларини думи ёрдамида ҳимоя қилади. Ҳашаротлар роса хиралик қилаётган пайти Пржевальский оти ўзини чир айланиб мудофаа этади, майда тажовузкорлар қуршовида туриб, думини силкитаверади.

Майда жониворлар йиртқичлар чангалига тушиб қолганларида «эҳсон бериб қутилишга» ҳаракат қиладилар. Бундай вазиятда калтакесаклар ва ер саламандрлари махсус мушакларини таранглаштириб, думғазаси тагидаги бўғимлардан бирини узиб ташлайди. Тажовузкор иланглаётган бўғимдан талвасага тушиб қолади, унинг эгаси эса қочишга киришади. Бу тур ҳайвонларда думдан айрилиш қайғули эмас, чунки у яна ўсиб чиқади. Бордию йиртқич сичқоннинг думидан тутиб олса, унинг хафа бўлиб ўтиришига ҳожат қолмайди. Сийрак тукли дум териси осон, худди пайпоқ мисоли думдан ажралиб тушади ва душман оғзида қолади, сичқон эса думсиз жуфтак ростлаб қолади. Тери қайта ўсиб чиқмайди, думининг яланғоч ҳолган учи қуриб тушади. Ахир думсиз ҳам яшаш мумкинда!