Дунёдаги энг баланд тоғлар қайси?

Аввало, тоғларнинг ўзи нима? Тоғлар — қуруқликнинг текисликлар устидан баланд кўтарилган қисмидир. Тоғларнинг ўлчами ҳам, юзаси ҳам ўзаро фарқ қилади. Айрим улкан тоғларнинг баландлиги бир неча километрга етади. Бошқалари эса паст ва текисдир. Уларнинг баландлиги ўзини қуршаб турган текисликлардан ҳисоблаганда, 300 метрга етиши мумкин.

Айрим тоғлар алоҳида қад ростлаб турувчи чўққилардан иборат. Аммо улар кўпинча занжирдай бир-бирига уланиб кетади. Айрим тоғ тизмаларининг юзлаб, ҳатто, минглаб чўққилари бор.

Тоғлар фақат қуруқликда эмас, денгизларда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Аслида, Ердаги энг катта тоғлар океанлар тубида жойлашган. Агар тоғларнинг баландлигини ўлчашда уларнинг сув усти ва сув остидаги қисмлари ҳам ҳисобга олинса, энг баланд тоғ Гавай оролларидаги Мауна Кеа булиб чиқади. Унинг денгиз сатҳидан баландлиги 4 205 метр, сув остига эса яна 4 877 метри яширинган. Умумий баландлик эса 9 100 метрдан ошади ва у дунёдаги энг баланд тоғдир.

Ер устидаги энг баланд тоғ Эверестдир. У Хитой ва Непал ўртасида жойлашган. Унинг баландлиги — 8 848 метр. Иккинчи ўринда К2 ёки Кашмирдаги Кодвин Аустен чўққиси туради. Унинг баландлиги — 8 611 метр. Шимолий Америкадаги энг баланд тоғ Маккинлидир (6 194 метр). Европадаги энг баланд тоғ Эльбрусдир (5 633 метр). Африкадаги энг баланд тоғ — Килиманжаро (5 963 метр). Жанубий Америкадаги энг баланд тоғ Аконкагуа (6 969 метр) Аргентина ва Чили чегарасида жойлашган. Австралиядаги энг баланд тоғ эса — Косиуско (2 226 метр).