Дунёда олманинг қанча нави бор?

Дунёда олманинг навлари ниҳоятда кўп. Улар орасидан энг нозик дидли кишилар таъбига тўғри келадиганлари ҳам топилади. Биргина Англияда унинг икки мингдан ошиқ нави мавжуд.

Олма одам илк марта маданийлаштирган дарахтлар сирасига киради. Унинг ватани Жануби-шарқий Европа ва Ғарбий Осиё бўлса ажабмас. Ҳарқалай, бу дарахтнинг турли навлари икки минг йил муқаддам ўстирила бошлангани маълум. Қадимги Рим аҳолиси бу меванинг камида етти хилини дастурхонга тортишган.

Бугунги кунда олманинг бу қадар турли-туман навлари қаёқдан пайдо бўлган? Боғбонлар ҳамиша илгаригиларига нисбатан янги, мазали, ҳосилдор ва совуққа чидамли навлар олишга интилиб, олмалар устида турли тажрибалар ўтказиб келишган. Янги навлар олишнинг энг кўп тарқалган усули қуйидагидир: бир дарахтдан кесиб олинган куртак ёки новда бошқа бир олма дарахтига пайванд қилинади. Бу ҳолда пайванд ўрнида ўсиб чиққан шохнинг хоссаси «ота-она» дарахтларнинг афзалликлари ва камчиликларидан иборат бўлади. Яна бир усул «чапараста чангланиш» деб аталади. Бунинг маъниси шуки, бир навдаги олма гуллари бошқа дарахтлардан олинган оталик билан чангланади.