Денгиз карами қандай ўсади?

Сувўтлар дунёси бепоён ва хилма-хилдир. Табиат уларга келганда, ўз марҳаматини аямаган. Сувўтлар ўсимликлар салтанатида ўзига хос ўрин эгаллайди. «Сувўт» тушунчасининг ўзиёқ у сувда яшашини билдиради. Аммо сувўтлар дарахтлар пўстлоғида, нам тошларда ва турли тупроқ юзаларида ҳам яшаши мумкин. Сувўтлар бошқа сув ўсимликларидан барги, илдизи ва гули йўқлиги билан фарқланади. Улар ҳужайраларнинг бўлиниши ёки споралар ёрдамида кўпаяди. Уларнинг танаси қат (слоёвище) деб аталади.

Сувўтларнинг ранги, шакли ва ўлчами ўзаро фарқ қилади. Ўсимлик планктони («планктон» юнонча «дарбадар» деган маънони англатади) фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин бўлган бир ҳужайрали сувўтлардан таркиб топади. У денгиз ва океанлар тўлқини билан бирга сузиб юради. Бошқа сувўтлар эса денгиз тубига «лангар» ташлаб, 60 метргача ўсади. Айрим жойларда, масалан, Мексика кўрфазида улар бутун бошли ўрмонлар ҳосил қилади. У ерда мевали саргассум кўп учрайди. Кучли тўлқинлар уларни илдизи билан юлиб олади, Гольфстрим эса океан ичкарисига оқизиб кетади. Улар Бермуд ороллари яқинидаги саёзликларга тўпланиб, қайтадан илдиз отади ва сермавж Атлантика бағрида сокин Саргассо денгизини ҳосил қилади. Аслида саргассумнинг ҳеч қандай меваси йўқ. Аммо бутун сувўт сузгич вазифасини ўтайдиган калта оёқли ҳаво пуфакчалари билан қоплангандир. Худди шу пуфакчалар мевага ўхшайди.

Сувўтлар балиқ ва бошқа денгиз жониворларига озиқ бўлиб хизмат қиладиган кислород ишлаб чиқаради. Аммо инсон учун энг фойдали сувўт ламинария ёки денгиз карамидир. Ламинариялар мўътадил ва Арктиканинг денгиз минтақаларидаги 20 метр чуқурликда ўсади. Кўпгина мамлакатларда денгиз карамидан одамлар учун озиқ ва жониворлар учун хўрак сифатида фойдаланилади, ундан қимматли препаратлар олинади. Денгиз карами азал-азалдан Хитой ва Японияда кенг қўлланиб келади. Ундан икра, салат, консерва ва ҳатто конфетлар тайёрланади. Шарқ халқ табобати бу сувўтларга ҳамиша алоҳида бир эътибор билан қараб келган. Хитой императори XIII асрда одамларга ламинарияни парҳез ва касалликларнинг олдини олувчи маҳсулот сифатида истеъмол қилиш мажбуриятини юкловчи фармон ҳам чиқарган.

Айни пайтда кўпгина мамлакатлар аҳолиси ламинарияни махсус денгиз полизларида ўстиришади. Денгиз карамининг шифобахш хусусияти қадим замонлардан бери маълум. У оқсил, ёғ ва кўплаб дармондориларга бой. Японияда ундан саноат миқёсида йод ишлаб чиқарилади.