«Чумолилар маданияти» бор нарсами?

Инсон ва чумоли ўртасида қандай умумийлик бўлиши мумкин? Бундай қарасангиз, ҳеч қандай. Инсон — «ҳомо сапиенс», яъни ақлли мавжудот. Чумолилар ақли ҳақида ҳатто бошланғич ҳолида гапирмаса бўлади. Ҳарқалай, бизнинг тасаввуримизда. Ўлчамлар орасидаги фарқ-чи? Биз чумолиларни бехосдан босиб кетишимиз мумкин. Барибир, чумолилар ҳаётини диққат билан ўрганиш инсоннинг ижтимоий ҳаёти билан бу ҳашаротлар ўртасида тонг қолдирарли ўхшашлик бор, деган фикрга олиб келади.

Чумолилар дунёга келгандан то ўлимига қадар ўзаро ижтимоий муносабатлар системасида яшайди, ҳар бири ўз вазифасини жуда яхши билади ва бажаради. Нима, бу маданият эмасми?

Эндигина туғилган чумолиларни махсус питомниклар — «боғчалар»да парваришлашади. Улар малакали «тарбиячилар» кўз остида бўлади ва улар мунтазам равишда кичкинтойларни чумолихонадан олиб чиқиб, тоза ҳавога айлантириб келади.

Бемор чумолиларга ўз касбининг усталари бўлган «докторлар» қарайди. Улар ҳар куни тиббий кўрикдан ўтказади ва зарур ҳолларда беморларни ажратиб қўяди, ҳатто жарроҳлик операциялари ўтказади, масалан, лат еган оёқларини кесиб ташлайди.

Жанубий Америкада «фермер» чумолилар яшайди. Улар тупроқ ташиб келиб, дарахтлар пойидаги ковакларни тўлдиради ва бу «майдонларга» турли экинлар уруғини экади. Чумолиларнинг айрим турлари ўз уялари атрофига экин экишади. Ҳосилни йиғиштириб олишда чумолилар жамоасининг ҳар бир аъзоси иштирок этади. Уруғни овқат ўрнида, хашакдан қурилиш материали сифатида фойдаланадилар.

Марказий Америкада яшайдиган ўроқчи чумолилар ўз уяларидан то ғарамларгача росмана йўл қурадилар. Бундай йўлларнинг узунлиги 1,5 километрга етиши мумкин. Мабода, бу йўл ёпилиб қолса, чумоли-бинокорлар ишни тўхтатиб, кутиб туришади. Бир қанча вақтдан сўнг бу ерга «полициячи» чумолилар етиб келади ва тартиб ўрнатади. Чумоли уясига бу сигнал қандай етиб келади, бу бизга қоронғи. Телепатия бўлса ажаб эмас.

Чумолиларнинг бу оламдан нариги оламга кетиши ҳам инсонлар ўтказадиган маросимларига ухшайди. «Тахтакашлар» марҳум чумолини уяларидан четда жойлашган қабристонга кўтариб боради, «гўрковлар» эса жасадни 2—2,5 сантиметр чуқурликдаги лаҳадга қўяди.

Хўш, чумолиларнинг бу қадар мураккаб ва кўп қиррали ҳаётини ақлдан ўзга нима бошқариши мумкин? Олимларнинг тасдиқлашича, чумолиларда бу туғма инстинкт жуда тараққий этган.

Ўхшаш мақолалар: