Буюк Хитой деворини ким қурган?

Эрамиздан аввалги 6 асрдаёқ Хитойда қишлоқлар мавжуд бўлиб, у ерда деҳқонлар чўчқа, ит боқишар, тариқ экишарди. Кейинчалик дуккакли экинлар, шоли етиштира бошлашди. Эрамиздан аввалги 2700-йилга келиб хитойлар ипак қурти пилласидан шойи тайёрлаш йўлини ўрганиб олишди. Эрамиздан олдинги 1800 йилдан бошлаб Хитойда шаҳарлар вужудга келиб, ҳунарманд шаҳарликлар юқори сифатли сопол буюмлар ва металл асбоб-анжомлар ишлаб чиқара бошлади. Эрамиздан аввалги 1500-йилдан кейин хитойликларда ёзув мавжуд эди.

Хитой шаҳарлари фақат ташқи душманлар билан эмас, балки ўзаро урушлар ҳам қиларди. Фуқаролар уруши бир неча юз йиллар давом этди. Бу урушлар тугаши арафасида ҳокимият бир қўлга — император Син Шихуан-дига ўтди. Эрамиздан аввалги 221 йилда у улкан мамлакатни ягона салтанатга бирлаштирди ва унга Хитой деб ном берди. Унинг сулоласи Хитойда кўп эмас — 11 йил ҳукмронлик қилди, бироқ ўрнатган бошқарув тизими 1912 йилга қадар сақланиб турди.

Император Син Хитойнинг шимолий чегараларида Буюк Хитой деворини бунёд этганлиги туфайли шуҳрат топди. Бу девор тошдан кўтарилган улкан иншоот эди. Шимолдаги айрим князликлар душмандан ҳимояланиш учун илгари ҳам девор барпо қилгандилар. Император Син эса бир қанча деворларни қўшиб юборди ва шу тариқа умумий чегарани бунёд этди.