Булутларнинг қандай турлари бор?

Ёмғир ёғаётган пайтда осмон симобдай оғир булутлар билан қопланган бўлади. Осмонда тўп-тўп булутлар сузиб юрганда, ёмғир ёғмаслиги ҳам мумкин. Булутлар, иссиқ ҳаво баландликка кўтарилиб, сув буғлари маълум даражада совиганидан сўнг ҳосил бўлади. Ҳеч қачон бир-бирига ўхшаш иккита булут бўлмайди. Улар доимо ўз шаклини ўзгартириб туради. Булутлар шаклининг турлича бўлишига сабаб шуки, улар турли температура ва турлича баландликларда ҳосил бўлишади. Бундан ташқари, булутлар турли заррачалардан ҳам таркиб топиши мумкин. Бу улар жойлашган баландлик ва температурага боғлиқ.

Энг баланд булутлар «нурланувчи булутлар» деб аталади. Уларнинг баландлиги — 50—100 км! Ундан кейин «садаф булутлар» келади. Баландлиги — 22—33 км. Улар чанг ва ёмғир томчиларидан таркиб топган жуда юпқа, табиат рассоми безаган чиройли булутлардир. Уларни кун ботганидан сўнгра ёки кун чиқишидан олдин кузатиш мумкин.

10 км ва ундан баландликда эса «патсимон», «патсимон қат-қат», «патсимон тўп-тўп» булутлар жойлашади. Патсимон булутлар ёмғир олиб келади, улар кўпинча об-ҳаво ёмонлашишидан дарак беради. Қат-қат булутлар кун ботиши чоғида пайдо бўлади ва ёмғир майдалаб ёғишидан дарак беради. Кулранг ва паст булутлар, одатда, ёмғир олиб келади. Оқ тўп-тўп булутлар эса очиқ қуёшли кунда мовий осмонда сузиб юради. Булутларнинг ҳосил бўлиши жараёни бир хил эмас. Уларнинг асосий турлари билан бир қаторда аралаш турлари ҳам бор: патсимон тўп-тўп булутлар, патсимон қат-қат булутлар, қат-қат ёмғирли булутлар, шунингдек, атмосферанинг юқори қатламларидаги кумушсимон ва садаф булутлар.

Ер юзасидан тепага кўтариладиган ҳаво оқимлари булутларни осмонда тутиб туради. Аммо ҳаво совий бошлаши билан булутда сув тўплана боради. Майда томчилар аста-секин, ерга ёмғир бўлиб ёғадиган даражага етгунга қадар катталаша бошлайди. Ерга инаётган томчилар музлаш температурасидан паст бўлган ҳаво қатламидан ўтадиган бўлса, қор ёки дўл ёғади.

Булутлар Ер юзасидан турлича баландликларда пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам улар бир неча турга бўлинади: юксак, ўртача, қуйи. Шунингдек, барча баландликларда туриши мумкин бўлган булутлар бор.