Буғдойнинг ёши нечада?

Буғдой инсон етиштира бошлаган энг қадимий неъматлардан биридир. Бундан кўп минг йиллар муқаддам ибтидоий одам озиқ қидириб юриб, буғдой донини татиб кўради. У ейишли бўлиши билан бирга тўйимли ҳам эди. Одамлар дастлаб хом донни чайнашган, кейинчалик уни қўрга кўмиб пиширадиган бўлишди. Кўмоч номи шундан келиб чиққан. Кимдир дондан ун тортиб, оддий нон пиширгунга қадар орадан минг йиллар ўтган.

Илк нонни ким қаерда ёпгани маълум эмас, аммо ундан тайёрланган хамирнинг ошиши дастлаб тропикларда аниқланган. У ерда машҳур «нон дарахти» ўсади. Унинг меваси пишиши билан ҳеч бир қўшимчаларсиз ошади ва тайёр «нон хамири»га айланади.

Хамирдан фақат нон ёпишгина қолади. Ундан нон дарахтига «ўхшаш йўсинда» ачитқи қўшилган хамир қорилаётганидан бери буғдой ҳақиқатан ҳам нон ўсимлиги бўлиб қолди.

Одамлар: «Буғдой қаерда пайдо бўлган?» деган савол устида кўп марта бош қотиришган. Унинг изларини биринчи бўлиб археологлар топишди. Қазишмалардан маълум бўлишича, Эронда бундан 6500 йил муқаддам буғдой етиштирилган. Мисрликлар уни муқаддас деб билган ва марҳумлар билан бирга қабрга буғдой ҳам кўмишган. Бундан беш минг йил аввал дафн этилган фиръавнларнинг даҳмасидан ҳам дон топилган. Археологлар Миср эҳромларидан бирида топилган ноннинг ёши 4000 йил эканини аниқлашди. Бу энг кўҳна нон айни пайтда Лондондаги Британия музейида сақланмоқда.

Собиқ СССР ўрнида вуджудга келган янги мустақил давлатлар ҳудудида ҳам қадим замонлардан бери буғдой етиштирилади. Археологик қазишмаларнинг шаҳодат беришича, Туркманистонда милоддан олдинги V — III минг йилликларда, Гуржистон ва Арманистонда III, Украинада IV — III асрларда буғдой экилган.

Рус олими Николай Иванович Вавилов кўплаб экспедициялар чоғида йиғилган бой материалларга асосланиб, буғдойнинг асл ватани Олд Осиё эканини аниқлади. Унинг энг кўп тури Кавказорти минтақасида ўсар экан. Буғдой қадим замонларда шу ердан Европа ва Осиёга ҳамда қисман Африкага кириб борган. Америка ва Австралия у билан орадан 200-400 йил ўтиб танишган. Европаликлар уни АҚШга 1602 йили, Канадага эса 1812 йили олиб келишган.

Бугунги кунда буғдой дунёдаги энг кўп тарқалган маданий ўсимлик бўлиб, 250 миллион гектарга яқин майдонни эгаллайди.