Балиқлар қандай учади?

Балиқлар қушлар каби учса, улар ўз сузгичларини қанот каби қоқиши керак. Бироқ биронта ҳам балиқ бу тариқа уча олмайди.

Хўш, унда учар балиқлар қандай учади? Уларнинг қаноти каттакон олд сузгичларидир. Балиқ учаётган пайти ўз сузгичларини ростлаб олади ва уни ўз танасига нисбатан маълум қияликда тутиб туради. Баъзан бунга орқа сузгичлари ҳам қўшилади.

Аввалига балиқ сув сатҳидан чиқиб турган танаси билан шиддатли равишда тезлигини оширади. Думини шитоб билан ҳаракатлантириб, тезлигини ошира бориб, маълум бир масофани сузиб ўтади. Кейин у сузгичларини ростлаб олади ва маълум ҳолда сақлайдики, ҳаракат тезлиги уни ҳавога кўтариб чиқаради.

Учар балиқлар сув устида юзлаб метр масофани босиб ўтади. Тўлқинлар ўркачига дуч келиб қолганда, думи билан ҳаракати тезлигини оширади. Учар балиқлар фақат сув юзида учиб қолмайди. Улар шу қадар баланд учадиларки, ҳатто океандаги катта лайнер палубасига бориб қўниши мумкин.