Бактериялар қандай пайдо бўлган?

Бактериялар шу қадар кичик тирик организмларки, уларни кўриш учун микроскоп ёрдамида бир неча юз баробар катталаштириш лозим бўлади. Шунинг учун ҳам улар «микроорганизмлар» деб аталади.

Микроскоп кашф этилмасдан бурун инсон бактерияларнинг фаолияти натижаларига дуч келиб турган. Масалан, шароб ва сут ачийди, қуриб қолган ўсимликлар чирийди ва ўлган жониворлар эса ирийди. Аммо бу ҳодисаларни инсон турли ирим ва диний хурофот билан боғлаб келган. Эндиликда, биз бактериялар сувда, овқатда, бизнинг теримизда, ҳатто ичимизда ҳам мавжуд эканини яхши биламиз.

Бактериялар бўлиниш йули билан кўпаяди. Бактерияларнинг жинси бўлмайди. Агар қулай шарт-шароит ва етарли озуқа бўлганида эди, улар тўхтовсиз кўпайиши мумкин эди.

Бактерия битта ҳужайрадан таркиб топади. Унинг ҳужайраси ҳайвонникидан кўра, ўсимлик ҳужайрасига кўпроқ ўхшайди. Уни сувни ичкарига ўтказмайдиган қобиқ ёки мембрана ўраб туради. Бактерия ичида протоплазма бўлади, аммо унинг ягона марказ ёки ядроси йўқ.

Унинг мавжудлиги учун ташқи қобиқ муҳим аҳамият касб этади, чунки уни йўқотишга мўлжалланган ҳар қандай кимёвий элемент, аввало, ўша қобиқдан ичкарига ўтиши керак. Бактерия шилимшиқ парда билан қоплангани учун ҳам ўз шаклини ўзгартириб, баъзан толасимон бутоқлар — флагеллалар ҳосил қилади. Бактерияларнинг мучаси бўлмаса ҳам, ҳаракатлана олади. Айримлари флагелларнинг ҳаракати ёрдамида, бошқалари эса чувалчанглар сингари ҳужайрасини қисқариб кенгайиши ҳисобига бир жойдан бошқа жойга силжийди.

Бактериялар юқумли касалликлар манбаи эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо айрим бактерия турлари инсонга фойда ҳам келтиради.