Апельсин — пўртахолнинг ватани қаер эканини ҳеч ким билмайди. Гарчи у айни пайтда дунёнинг иқлими иссиқ барча мамлакатларида ўстирилса ҳам, яқин-яқинларгача унчалик кенг тарқалмаган эди.
Гарчи юнонлар ва римликлар пўртахолни билишган бўлса ҳам, у Ҳиндистондан Ғарбий Осиёга, сўнгра Европага олиб келинган бўлса ажаб эмас. Испан мустамлакачилари 1565 йилда илк аҳоли манзилгоҳлари пайдо бўлиши биланоқ нордон пўртахолни Вест-Индияга, ундан Флоридага олиб келишди.
Пўртахолнинг учта энг муҳим тури бор. Улар ширин ёки оддий пўртахол, мандарин ва нордон пўртахоллардан иборат. Аммо ширин ва мандарин пўртахолининг 97 тагача тури бор.
Пўртахолнинг ҳар хил турлари дунёнинг турли минтақаларида ўстирилади. Масалан, Калифорния ва Аризона штатларида ширин пўртахолнинг Вашингтон Нейвл ва Валенсия навлари етиштирилади. Флоридада ширин пўртахолнинг Гамлин, Ананас, Парсон Браун, Гомасасса ва Валенсия, Техасда эса Валенсия ва Гамлин навлари ўстирилади.
Пўртахолнинг «қонли» деб аталадиган қизиқ бир нави ҳам мавжуд, эти тўқ қизил рангда бўлади. У Ўрта Ер денгизи Флоридада ўстирилади. Пўсти юпқа ва унча зич бўлмаган пўртахол нави — темпл мандарин ва ширин пўртахолнинг дурагайидир.
Нордон пўртахол ҳамма жойда бирдай етиштирилади, аммо унинг асосий қисмини Испания етиштиради. Бу пўртахолдан мармелад тайёрлашда фойдаланилади, чунки у нордон ва тахир бўлгани учун мева сифатида истеъмол қилиб бўлмайди. Аммо у дори-дармонлар тайёрлашдан тортиб упа-атир ишлаб чиқаришгача бўлган кенг миқёсда ишлатилади.