Анор нима?

Анорнинг жуда қизиқ тарихи бор. Қадимги юнон ривоятида ҳикоя қилинишича, анор Персефона Аид салтанатида татиб кўрган мевадир. У олтита анор донасини егани учун ҳар йилнинг олти ойини ер ости салтанатида ўтказишга мажбур бўлган. Юнонлар серсув ва донаси кўп анорни қора куч рамзи деб билишган.

Хитойда эса у ҳосилдорлик рамзи саналган. Тавротда келтирилишича, Сулаймон алайҳиссаломнинг анорзори бўлган экан. Исроилликларнинг, чўлларда саргардон бўлиб юришганида, ўзлари Мисрда кўникиб ҳолган анорни егилари келган.

Шундай қилиб, анорга Шарқда қадим замонлардан бери катта аҳамият берилади. Анор Эрондан тарқалган, деб тахмин қилинади, аммо у азал-азалдан Жанубий Осиё, Шимолий Африка ва Жанубий Европанинг иссиқ мамлакатларида етиштирилган. Айни пайтда Жанубий ва Марказий Америка ҳамда АҚШда кенг тарқалган.

Анор бутасининг узунлиги 1,5 — 6 метрга етади. Унинг япроқлари ялтироқдир, ингичка шохларининг учида қип-қизил гули булади.

Унинг меваси апельсиндай, ундан ҳам катта бўлади. Анорнинг пўстлоғи қизил аралаш сап-сариқ тусда бўлади. Меванинг ичида оч қизил ва қип-қизил уруғ доналари бор. Уруғлар қопланган ширин ва серсув массадан яхна ичимликлар тайёрлашда фойдаланилади. Бу шарбат иқлими жазирама ва қуруқ ўлкаларда яшаётган кишиларга қўл келади. Ўзбек шоираси Увайсийнинг анорга бағишланган ажойиб чистонини ёд олмаган ўзбек боласи бўлмаса керак.

Анорнинг тури кўп. Бир араб кишиси бундан 700 йилдан ошиқроқ вақт бурун анорнинг Испания ҳудудида ўсадиган 10 та навини тавсифлаб берган. АҚШда анорнинг учта тури етиштирилади. Уларнинг «Ажойиб анор», «Пейпер-Шелл» ва «Испан лаъли» деган номлари бор.