Ананас нима?

Ананасга қараб, у битта мева бўлса керак, деб ўйлашингиз мумкин. Аслида эса у бир-бирига тиғиз жойлашган мевалар гуруҳидир. Бу меваларнинг ҳар бири кичик олмани эслатади. Ананаснинг ўртасида поя бор, ҳар бир алоҳида мева шу пояга маҳкамланган бўлади. Ананас бутун ҳолида қарағай ғуддасини эслатади.

Испанлар Жанубий Америкага саёҳати чоғида ананасни кўришган ва уни Европага олиб қайтишган. Европаликлар кўп йиллар давомида ананасни хусусий гулхоналарда ўстиришган ва мевасини шоҳона таом деб билишган. Кемачилик ривожланиши билан ананасни тропик мамлакатлардан ташиб келтириш имкони туғилди ва у гулхоналарда деярли етиштирилмайдиган бўлди.

Айни пайтда ананас Вест-Индия, Флорида, Шимолий Африка, Ҳавайи, Азор ороллари ва Австралия каби кўпгина жойларда ўсади.

Ананас дарахтининг бўйи бир метргача етади ва йил бўйи ҳосил беради. Ўсимлик вояга етгач, унинг қуйи қисмидан янги ҳосил бериш учун новдалар ўсиб чиқади. Битта ўсимлик кўп йиллар яшаши ва ҳосил бериши мумкин. Ананас япроқлари таркибида тола бор, ундан газмол тайёрланади.

Ананас камдан-кам ҳолларда уруғидан кўкариб чиқади, одатда у қуруқ ерга ўтқазиладиган новдасидан кўпаяди. Унга қумлоқ ер мос келади. Баъзида совуқ ва жазирамадан ҳимоя қилиш мақсадида дарахт устига соябон қурилади.