Афиналиклар Парфeнонни қачон қуришган?

Лавриондаги кумуш конлари ва Пирея табиий бандаргоҳ Афина бойлигининг манбаи бўлиб хизмат қиларди. Афина фуқаролари кумушнинг бир қисмини флот тузиш учун ишлатганлар.

Эрамиздан аввалги 490 йилда форс шоҳи Дарёвуш Юнонистонга босиб киради. Бироқ шу йилнинг ўзида — форслар Марафон яқинидаги жангда мағлуб бўлишади. Бу қувончли хабарни 40 километр нарида жойлашган Афинага бир чопқир етказади. Бизга маълум бўлган марафонча югуришнинг номи шу воқеадан олинган. Ўн йил ўтгач, форслар яна ҳужум қилишади. Эрамиздан аввалги 480 йилда Фермопил ёнида бўлган жангда 300 спарталик ва уларнинг иттифоқчилари ҳалок бўлишади.

Форслар Афинага қараб силжиб боришади. Саламин ороли яқинидаги денгиз жангида, ниҳоят юнонлар кемаларининг қўли баланд келади.

Форслар устидан қозонилган ғалабадан сўнг Афина форсларнинг эҳтимол тутилган ҳужумига қарши туриш мақсадида тузилган иттифоққа раҳбарлик қилади. Давлатлар форсларни Кичик Осиёдан суриб чиқаришда фойдаланиш учун маблағ тўплай бошлашади. Бироқ афиналиклар бу пулни шаҳарни безаш учун ишлатишади. Улар шаҳар маъбудаси Афина ибодатхонаси — Парфенонни бунёд этишади. Ибодатхона «Юқори шаҳар» деган маънони билдирувчи Акропол тепалигида бунёд қилинади.