Қулман Очилов. Писанд (ҳикоя)

Бу дунёда энг ширин нарса нима, биласизми?.. Ҳа, балли! Мақтов. Мақтов ҳаммага ёқади, ҳатто Талъат Нуъмоновдек кўпни кўрган, оғир-босиқ одамга ҳам.
 У якшанба куни эрталаб дастурхонга ўтираётганида сездики, рафиқаи муҳтарамасининг юз-кўзлари қувончдан лов-лов ёниб, муҳим бир хушхабарни қарийб қирқ йиллик жуфти ҳалолига етказмоққа ошиқаётир. Одатда пенсиясини олганида ёки янги урфга кирган кўйлакни қўшни хотинлардан олдин кийганида бу аёлни ана шундай ҳаяжон чўлғаб олади.
 Умрини қадимий қўлёзмаларни ўқиш-ўрганиш билан ўтказган эр ўйладики, рафиқаси почтага бориб, пенсиясини олиб келганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлгани йўқ. Янги либоснинг хариди эса жанобнинг марҳамати ва машваратидан ҳолисда зуҳурига етказилмайди. Олим аёлидаги хушҳоллик узоқроқ давом этишини истаб, унинг ботинида ва зоҳирида кечаётган фараҳли ўзгаришларни сезмаганга олди. Эрнинг косасидаги бир оз қайноқ сув қўшиб иситилган мастава камайгани сари аёлнинг сабр косаси лиммо-лим бўлиб бораверди.
 -Кеча келинингиз жуда қизиқ гап топиб келди, – деди ниҳоят аёл. – Эшитиб, роса хурсанд бўлдим.
 -Ана холос! Нима ҳақда экан ўша қизиқ гап?
 Хотин пахта гулли пиёладан кўк чой хўплаб, тантанавор оҳангда маълум қилмоққа киришди:
 -Биласиз-ку, қўни-қўшнларимизнинг хотинлари, келинлари домимизнинг олдидаги майдончада болаларини ўйнатиб қўйи-иб, ўзлари мириқиб гап сотади.
 Эр тасдиқ маъносида оқ сочлари аллақачон тепасини етим қилиб кетган каттакон бошини ирғади. Ҳар нечаким, юзга яқин хонадонни ўз бағрига олган кўп қаватли уйнинг олдида кечадиган бундай машваратларда не бир воқеа-ҳодисалар, инсонлар ҳақида сўз юритилиб, не бир муаммолар қизғин муҳокама қилинишини у тахминлар эди. Кун тартибидаги масалаларининг кўплигига айрим халқаро анжуманларнинг ҳам рашки келса арзийди.
 Салом бериб келин кириб келди ва хонтахтанинг этагига омонатгина ўтирди.
 “Тағин йиғлабди, – деб хаёлидан ўтказди қайнота. – Қовоқлари шишиб кетибди. Майли, жон болам, яна озгина сабр қил. Яна озгина! Худо хоҳласа, авфи олийдан сўнг эринг чиқиб келади.”
 -Қўшниларнинг келинлари жўр бўлишиб, – деди қайнона келинига бир қараб олар экан, – ҳаммаси Мунисага жуда ҳаваслари келишини айтишибди.
 -Яъни?
 -Яъники, Мунисанинг қайнонасидай яхши қанона бу домда йўқ эмиш.
 Аёл кулча юзи ёйилиб, яйраб кулди. Келин синиққина жилмайди.
 -Ҳа, шунақа дейишди, – тасдиқлади у оҳиста.
 Хотини юрак хуружига чалинмасидан аввал бундай “янгилик”дан кейин одатда ҳазил-ҳузулга мойиллиги баланд Талъат Нуъмоновнинг лафзидан “Йўғ-ей?”, “Наҳотки?” каби сўзлар чиқиб кетарди. Лекин энди олим айни истагини чўнг бир маҳорат билан босадики, саботига ўзи ҳам қойил қолади.
 -Мазкур баёнотни берган ўша келинпошшолар бу оддий ҳақиқатни шу пайтгача билмас эканларми? – деди қайнота ғоят таажжуб билан. – Бу тонгда қўёш чиқиб, оқшом ботишидек равшан бир гап-ку!
 -Билмас экан-да, дадаси! – яна мамнун жилмайди қайнона.
 -Билишади, – деди келин. – Ҳар доим айтишади. “Вой, Мунис, санинг ойижонинг роса яхшилар-дэ” дейишгани, дейишган. Мен: “Кўп мақтайвермаларинг, кўзларинг тегиб қолади” деб ёзғираман.
 -Бундай эътирофу мақтовларнинг боиси нимада, келин? – деб сўради қайнота.
 -Мунис, санинг қайнонанг болаларингни боғчага ҳам ўзлари олиб борадилар, мактабдан ҳам ўзлари олиб келадилар, ишдан қайтгунингча овқатни ҳам ўзлари боплаб пишириб қўядилар… Қўлларининг ширинлигига-ку гап йўқ, деб мақташади…
 Газ плита устида турган сирли чойгум сувнинг ҳарорати қайнаш даражасига етганидан огоҳ этиб, “хуштак чалиб юборди”.
 -Мен бечора таппа-тайёр текин хизматкор-да! – деди бирдан ранги ўзгариб қайнона.- Илгари уч боламнинг хизматини қилар эдим. Энди невараларнинг, келиннинг хам чўрисига айландим!..
 Талъат Нуъмонов томоқ қирди. “Тайтув!” деб жеркингиси келди, лекин яна ўзини босди. Гапни ҳазилга бурди.
 -Чўчиганингча бор экан-да, она қизим. Мана, қайнонангга дарров куз тегди-қўйди.
 Келин ерга қаради. Қизарди. Ўрнидан қўзғолди.
 -Нима, бошқа қайноналар невараларини бошига кўтаришдек улуғ неъматдан ўзларини парҳезда тутадиларми? – деб сўради олим.
 – Албатта-да! – деб жавоб қилди уй бекаси. – Эртадан қора ке-ечгача телесериалларни томоша қили-иб ётишдан, ухлашдан қўллари тегмайди. Семириб кетяпмиз, деб яна оҳ-воҳ ҳам қилишади.
 Сийрак қошларига қалин ўсма сурилиб, сочлари хурмо рангига буялган олтмиш ёшли жиккаккина аёл ўтирган жойида қаддини бир кўтариб қўйдики, мен бундай авбошликдан йироқман.
 Эр ичидан кўтарилиб келаётган кулгини унга сездирмаслик илинжида келинига томон ўгирилди: парво қилма, она қизим, қайнонангнинг феълини биласан-ку.
 Келин айбсиниб яна ерга қаради.
 – Адажон, қўшниларимиз Сизни ҳам роса мақташади, – деди оқ финжонга дамланган ҳушбўй қаҳвани қайнотасининг олдига қўяр экан.
 Қайнота “Ана холос!” деган сўзларни яна, бу гал ғоят самимий бир ҳайрат билан такрорлади.
 -Қайнонанг фазлу камол эгаси эканлиги-ку аён. Лекин мен ожиз бандани нима деб мақташлари мумкинлигига сира ақлим етмай қолди-ку, қизим?
 -Невараларини еру кўкка ишонмайдилар дейишади. Қачон қарасанг, болакайларни эргаштириб ё музейга, ё театрга кетаётган бўладилар. Эринмайдилар. Бизнинг қайноталаримизнинг нард ўйнашу ошхўрликдан қўллари бўшамайди…
 “Ўзингга шукр, Эгам!” – деб суюнди олим зоҳирида ва энди бу суҳбатга муносиб якун ясамоқ фурсати етганини сезди. Рўпарасида ўтирган рафиқасига мурожаат қилди:
 -Ушбу ситойиш, яъни мақтов, шарафи манзилатнинг асл сабаби нимада биласанми, онаси?
 Хотин эрига анқайиб қаради. Аёл жуфти ҳалолининг бундай китобий, баландпарвоз гапларини ҳар доим ҳам тушунавермас эди. Шунинг учун митти гулли қизил куйлаги осилиб турган елкасини учириб қўя қолди.
 -Сабаби – келинимизда, – деди қайнота одатига кўра, шошилмасдан, талабалар олдида маъруза ўқиётгандек, ҳар бир сўзни чертиб-чертиб гапирар экан. – Сабаби – келинимиз Мунисахон уйимиздаги гапларни кўчага олиб чиқмаслигида, боримизни ошириб, камимизни яшириб келаётганида. Сабр-қаноатида! Ўзининг ва сўзининг латифлигида… Кел, дуо қилайлик, онаси, бизни писанд қилганларни Худоим ўзи писанд этсин!

“Ҳуррият” газетаси, 2015 йил 29 июль.