Уильям Блейк (1757-1827)

Уильям Блейк (William Blake; 28 ноябрь 1757, Лондон — 12 август 1827, Лондон) — инглиз шоири ва рассом.

* * *

Дақиқада мангулик шоён,
Улкан дунё — қумнинг зарраси.
Чексизлик — бир ҳовучдир, аён,
Осмон — мисли гулнинг косаси.

Икром Отамурод таржимаси

ҚИЛИЧ ВА ЎРОҚ

Қилич сўйлар жангда ўлимдан ҳар дам,
Ўроқ сўйлар ҳаёт, мангу ўчоқдан.
Аммо қилич қанча қаҳҳор бўлса ҳам
Устун келолмаган ҳеч вақт ўроқдан.

ОҚШОМ ҚЎШИҒИ

Тоғда ўйин бошланди, садолари аксланди,
Янграб кетди қоронғи ўтлоқ.
Тугаганда оғир кун ташвиш тугар мен учун,
Юрак сокин, сокиндир ҳар ёқ.

Болалар, уйга энди! Тоғ ортида кун сўнди,
Энди тунги шудринг тушади,
Энди уйқуни уриш. Эрталаб вақтли туриш.
Қуёш чиқиб, кўк ёришади.

– Йўқ, йўқ, шошилиш нечун! Сўнмади-ку ҳали кун,
Рақсларимиз ҳали авжида.
Ухлолмаймиз барибир – учмоқда қушлар ахир,
Эндигина қайтмоқда пода.

Майли, кутамиз озроқ, сўнгач сўнгги нур-чироқ
Дам олгани қайтамиз аммо.
Ўтлоқ, ўрмонлар бўйлаб тинмас шовқин ва тап-тап,
Тепалардан қайтар акс садо.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси