Байрам Ат-Тунисий – XX асрнинг биринчи ярмида ижод қилган мисрлик шоир.
МУНАЖЖИМ
Дерлар, мунажжимлар
Доно азалдан.
Билармиш тақдирни
Улар аввалдан.
Мен ишонолмайман,
Дилда аланга –
Бермам мунажжимга
Ҳатто бир танга!
Дил дафтарим титиб
Нима қиламан:
Ўзимдан ўтганни
Ўзим биламан.
Куймайман, дилимни
Нурга бураман,
Келгуси не бўлса —
Ўзим кўраман.
Менга йўл кўрсатса,
Айтай оҳ-воҳсиз:
Ҳаммамиз дунёда
Асли сайёҳмиз —
Юрдик учоқ, вагон,
Отда оввора.
Борар ортиб бизни
Она сайёра.
Агарда ростдан ҳам
Билса мунажжим,
Тақдирларни баён
Қилса мунажжим,
Зерикардик кутиб
Ўлимни, ишон:
Не бўлар, ким ўлар —
Ҳаммаси аён …
Мунажжимлар кезар,
Сўзлаюр ёлғон,
Уларнинг тақвими
Ширк эрур, инсон,
Жилпанглашар тинмай —
Айтгани алдов!
Майли, бу ишдан ҳам
Фойда чиқар-ов.
Мана, юртни босган
Мустамлакачи,
Оёғи остидан
Еримиз қочар.
Бу мунажжим учун
Керакли юмуш!
Қани, дўстим, иш қил,
Пайти келди, хўш!
Мана шу золимга
Юборгин ажал:
Вабони юборгин,
Ўлатни ҳам сал,
Қўрқувдан оқариб,
Юртимдан қочиб,
Кетиб қолса эди
Мустамлакачи —
Сенга раҳмат дерди
Бу она халқим,
Барака топардинг
Чексиз, мунажжим!
Карим Баҳриев таржимаси