Тиббиёт фанлари номзоди Риояхон ОЛИМЖОНОВА яқинда “Менинг теран томирларим” китобини ёзиб тугатди. Унда ардоқли шоирамиз Зулфияхоним сиймоси билан яна бир бор учрашамиз.
Аяжон кичкина, биров эътибор бермайдиган нарсаларда ҳам катта аҳамиятли ҳодисаларни ва гўзалликларни кўра билардилар. Ариқ бўйларида ўз-ўзидан (биров парвариш қилмаса ҳам) кўкариб, гуллаб ётадиган бинафшани севардилар. Ҳар йили баҳорда унинг очилишини кутардилар, шу гулни шеърларида куйлардилар.
Энг хушрўй, энг кўркам
гулларнинг атрин
На бўй, на ҳуснига этолмам қиёс,
Беқиёсдир хушни элитган баҳри,
Тун ёстиқда сўлган бинафшага хос.
Ниҳоят, маъсумам — жажжи бинафша
Сафсарранг гулханин сочар ийманиб
Ўнгир, ариқ бўйин тутади нашъа,
У буюк борлиққа боқар жилмайиб.
“Салом!”— дейман хаёл
бинафшасига, —
Сенсиз кўнгил боғим қоларди ғариб!
…Ҳеч маст бўлганмисиз соф нашъасига,
Бошин хиёл эгиб турса жилмайиб?..
Аяжон ҳасадни билмасдилар, ўзгалар ютуғидан қувонардилар, мухлислари, шогирдлари байрам, туғилган кунлари йўқлаб келишса, “Мени ҳурмат қилсангиз, фақат гул келтиринг”, дер эдилар.
Кимдир қимматроқ совға олиб келса, аяжоннинг кайфиятлари бир оз тушгандек бўларди. Лекин, келгусида шу одамга ўзиникидан аъло совға тайёрлаб байрамдами, туғилган кунидами бериб юборар эдилар.
Аяжон кириб борган давраларда ўзгача бир жонланиш бўларди, нигоҳлардан эҳтиром ёғилиб турарди.
Биз — аяжон, Омон ака ва мен атоқли ўзбек шоири Ғафур Ғуломнинг юбилейига бордик, биринчи қатордаги ўриндиқларга жойлашадиган бўлдик. Шунда аяжон энг аввало томошабинлар ўтирган залга ўгирилиб, қўлларини кўксиларига қўйиб, ҳаммага салом бердилар. Бу эҳтиромга жавобан йиғилганлар ўринлардан туриб, қарсак чалиб юборишди. Халқ аяжонни қаерда бўлмасин шундай қаршиларди.
Бир куни диванга ёнбошлаб телевизор кўриб ётган эдилар, сухандон рус шоираси Марина Цветаеванинг шеърини ўқий бошлаши билан ўринларидан турдилар. Мен: “Аяжон, чарчаган эдингиз, ёнбошлаб эшитавермайсизми?” десам, “Цветаеванинг шеърини ётиб эшитиб бўлар эканми”, дедилар ҳаяжонланиб.
Аямиз жуда нозиктаъб инсон бўлганлар, камтарин, аммо ўзларига ярашиқли кийинадилар, суҳбатчоғи сўз ва ибораларга алоҳида аҳамият берганлар, ҳамма вақт адабий тилда, иложи борича чиройли сўзлар эдилар.
Аяжон дадажонимиз Ҳамид Олимжон ҳақида ҳамиша бизларга яйраб, алоҳида меҳр билан гапириб берардилар. Аяжоннинг айтишларича дадажон ўзларига жуда талабчан бўлган эканлар, эрталабдан то соат 10-11 гача ижод қилар эканлар. Аяжон ёзган шеърларни биргалашиб ўқишар, керак жойда ўз фикрларини айтар эканлар. Бундай суҳбатлар бизга жуда ёқарди, чунки мен дадамизни фақат китобдан, ёзган шеърларидан билар эдим-да. Умуман, аяжон билан суҳбатлашганда қалбан бойигандек бўлардим.
1975 йил 15 ноябрда аяжоннинг 60 йиллик юбилейлари муносабати билан жуда катта анжуман ўтказилди. Кўп мамлакатлардан Зулфияхонимни, Ҳамид Олимжонни таниган атоқли шоир ва адиблар келишди. Улар орасида рус шоирлари Роберт Рождественский, Римма Казакова, бошқирд шоири Мустай Карим, қалмиқ шоири Давид Қуғултинов, қабардин шоири Қайсин Қулиев, қирғиз адиби Чингиз Айтматов, покистонлик шоир Файз Аҳмад Файз, ҳинд шоираси Амрита Притам, доғистонлик шоир Расул Ҳамзатов ва бошқалар… Биз ҳурматли меҳмонларнинг иззат-ҳурматларини жойига қўйиб кутиб олдик. Шу куни паға-паға қор ёғаётган эди.
Юбилей тантаналари кунларида менинг ой-куним яқинлашиб қолган эди. Охирги кузатиладиган меҳмонлар аэропортдалигидаёқ биз Фаррухбеклик бўлдик. Аяжон аэропортдан тўғри туғуруқхонага келиб, невараларини қўлларига олиб, шодландилар.
Шифохонада эканлигимизда аяжон биздан тез-тез хабар олар, “Нима бериб юборай, нима егингиз келди, нима мумкин экан, бизнинг кичкина ўғлимиз қандай, яхши эмаяптими?” деб меҳрга тўла хатлар юборардилар. Ўша бахтга лиммо-лим кунлардан хотира сифатида бу мактубларнинг ҳар бири менга азиз. Мана, айримлари:
“Ассалому алайкум, менинг бахтиёргинам, азизгинам Риояхон!
Мана бугун ҳам ажойиб тонг отаяпти (Фаррухбек эрта тонгда, осмон юзи зангори, топ-тоза, бирон булут йўқ, тип-тиниқ, 1975 йил 22 ноябр соат 8.00 да туғилган — Р.О), кечаги тонг, ажойиб нурли, оқ тонг, ҳаммамизга янги инсон туғилиши, янги умид ва орзуларнинг туғилиши бўлди. Тонгдай янги, тонгдай нурли кўриб ўзимни беҳад бахтиёр ҳис қилганимни билсангиз эди.
Кеча куни бўйи уйда табрик қабул қилдик, севиндик, сизларнинг соғлигингиз, бахтингизни тиладик. Сизларни! Сизлар у ерда икки жон, икки азиз инсонлар – бизлар бу ерда сизларнинг шодлигингиздан шодмиз. Бизнинг оиламизнинг, сулоламизнинг янги аъзоси Сизнинг ёнингиздаги, қулундай ўғлимиз Сизнинг бағрингизда. У Сизнинг бағрингизни ўз иссиғлиги, меҳри ва садоқати билан юз йиллар иситсин. Бу иссиғлик менинг, Омоннинг ва Улуғбекнинг иссиғлиги ва ота-оналарингиз бахти.
Ўғлим менга жуда ёқди, шундай кўзимда. Ҳамманинг менга ҳаваси келяпти. Яқинда ҳаммангиз кўрасиз, шодланасиз дейман. Бизнинг Фаррухбекни эркалаб қўйинг. Исми ҳаммага жуда маъқул. Ўзи ҳам эл севадиган йигит бўлиб вояга етсин илоҳим.
Шамоллашдан сақланинг, яхши овқатланиб, тезроқ кучга киринг. Ўпиб, қучиб, аянгиз Зулфия. 23.11.1975 йил”.
Фаррухбекдан кейин икки йил ўтиб, Отабегим дунёга келди. Аяжон ўзларида йўқ хурсанд бўлдилар.
“Қадрли Риояхон!
Сизга янги бахтиёрлик, кўз рўшнолик муборак бўлсин. Сиз ҳамиша тонги саҳий келган аёллардансиз. Тонгда ҳамма нарса реал, тиниқ ва бошқа соатларга қараганда енгил кўчади. Мен Сизни қийин, мушкул, қаҳрамонлик йўлига кузатар эканман, жуда кўнглим тўқ ва орзуларга тўла эди. Шундай, кўп дақиқалар ўтмай, яна бир ўғилли ёки қизли бўлганим ҳақида хушхабар келишига ишонар эдим.
Сизлар соғлом севги билан ҳаёт кечираётган фарзандларсиз. Сизларга эндиликда ҳамма бахт-толеъларингиз ёр бўлиб, бу азаматларнинг роҳатини кўриб яшашни тилайман. Ҳадемай бағримиз, қўлимиз, дилимиз, уйимиз тўлиб қолади.
Бу кунгача Сиз қувватга, кучга тўлишингиз учун, менинг кичик набирам илиги ҳозирдан тўлиб ҳаётга кириши учун тинч, хотиржамликда ором олиб ётишингиз ва кўнглингиз тусаганини истеъмол қилишингиз лозим. Шод, хуррамликда, маъсум табассумда тонгдай тўлиб қўлингизга олинг гўдагимизни.
Қандай инсонлар камол топар экан бу уч оғайни ботирлардан! Инсофли, иқтидорли, мусаффо, саховатли кишилар камол топсин.
Сизни суюб, ўпиб, эркалаб аянгиз Зулфия. 20.8.1977 йил”.
Мен аяжон билан ҳамнафас бўлиб, ёнгиналарида йигирма бир йилдан ортиқ вақт яшадим. Кўп шеърларининг қандай шароитда ва қай кайфиятда ёзилишининг гувоҳи ва биринчи тингловчиси бўлганимдан беҳад бахтиёрман.
Эрта баҳор эди, якшанбалардан бири. Ҳаммамиз қуёш нуридан исиган айвонимизда ўтириб нонушта қилдик: аяжон, Омонжон ака, болалар ва неваралар. Шу ерда суҳбатлашиб, дам олиб ўтириб, бизга невара, аяжонга эса эвара бўлган Азизахон(Улуғбекнинг қизи)нинг бошини силаб ўтириб аяжон шеър ўқидилар. Болагина шеър остида – оҳангида ухлай бошлади. Ёнларида ёнбошлаб газета ўқиб ётган Омон аканинг ҳам кўзлари уйқуга кетди. Бу манзара аяжоннинг илҳомларини келтириб, шеър яралди — “Бугунингга мен бўлай ҳоким”:
Ҳовли тўла баҳор, Кўк тўла баҳор,
Нафис баҳор ҳиссин чулдирар қушлар.
Ҳали очилмаган гулларда ифор
Қиш қировин қувиб дилларни хушлар.
Ва биз — бир сулола айвонимизда
Нур, қувонч, хотира неъматига ром.
Эвара гувранар қучоғимизда,
Ҳордиқ кунимизга бағишлаб ором.
Бир чоқ бувим айтган куйин такрорлаб,
Мен гўдакка секин айтаман алла.
Менга мунчоқ кўзлар боқади бодраб,
Ўғлимни-чи, уйқу қучган бу палла.
Қўлидан сирғилган газет, ойнагин,
Баландроқ токчага қўяй авайлаб.
Чойи совимасин, ўрай чойнагин,
Айтай алла ичра аллалар сайлаб.
Ухла, бугунингга мен бўлай ҳоким,
Кунни тунга улай гар сенга даркор.
Ва тепангда эзгу тилаклар айтгум,
Шундай ёнгинамда тўйиб ухлаб ол.
Қандай қулай бўлса, шундай ётавер,
Шовқин, овозларни кетга қайтарай.
Сим-сиёҳ қош, киприк, сочинг оқларин
Бармоқлармас, бахтли нигоҳ-ла тарай.
Хизматинг, бурчларинг, ҳис-туйғуларинг
Кўламин англашим бағишлар ғурур.
Елкамга ололмам ақал заррасин,
Қодирман суюниб тилашга умр!
Аяжон умрларининг кейинги вақтларида шеърни осон ёзардилар, ўзлари доим шу хусусиятларини таъкидлайдиган бўлган эдилар. “Шеър ўзи қуйилиб келади, бу битилган шеърларни қайта ишлаш керак эмас”, дердилар. “Иқрорга вақт етди” шеърларини аяжон бир ўлтиришда ёзганлар:
Ижод денгизимнинг масъуд жўшқинин
Қўмсаб, дил бисотин очаётирман.
Олдда бекатларнинг туйиб йўқлигин,
Нотугал машқларим сочаётирман…
…Мулки лак-лак дилни этмакман аён,
Биласиз, яшадим риёдан олис,
Шеърият кечирсин, кечирсин шеърхон,
Замона зуғмидан бўлмадим холис…
…Йиллар, нодир онлар,
севги, ҳижроним
Дилимни замзамлаб кетмаган учиб…
Бор бўлса бешми, ўн мухлис шеърхоним,
Ёзмоқ — бахт қаламим учини ўпиб.
Зулфия аяжоннинг яна бир эзгу ниятлари, қалб тубида яшаб келган бир орзулари… унинг амалга ошгани ҳақида айтиб ўтишни истадим. Ҳар гал гап келганда аяжон: “Мен дунёдан ўтганимда, дадангизнинг ёнига қўйинглар”, деб тайинлар эдилар. “Сенсиз” деб аталган шеърларида: “Мана, бир умрни яшадим сенсиз, қайтмас шодликларнинг қайтишин кутиб” деб ёзган бўлсалар, фарзандларни вояга етказиш учун “Ота бўлиб солдим мен йўлга, Она бўлиб бағримга босдим” дейдилар. Ва доимо Ҳамид Олимжон руҳлари, хотиралари уларга куч бериб қўллади…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 17-сонидан олинди.