Бахтиёр Маҳкамов. Меҳр ғунчалари (2009)

Сайёр ака ҳаётлигида уйига тез-тез келиб турар эдим. Ҳар гал бу хонадонга келганимда устознинг фарзандларидан бири — Фирдавсми, Феруз ёки Шоҳинахонми эшикни очишар, Сарвар ҳали ёш эди. Лекин бола бошидан деганларидек, отасига менинг келганим хабарини бергани шошарди.
Бу хонадон ҳақиқий маънода ижодкорлар уйи эди, ундан зиё тараларди. Чап томонда иккита ўрик дарахти, ўнг томонда беҳи, бир туп анор қад ростлаганди. Йўлаклар четига гир айлана ранг-баранг атиргул, сада райҳон, жамбил экилган, мисоли дилни яйратувчи мўъжазгина чаманзор эди. Гулзор ичидаги олма дарахти кексайгани сабабли кесишга тўғри келган. Ердан баландроқ қилиб арраланган, ҳосил бўлган тўнкага кичик фанер қоқилиб, у стол вазифасини ўтарди. Чап томондаги анор тупига кечқурунлари ижод қилиш учун узун сим тортиб лампочка осилар ва ўриндиқда ўтирган киши ўзини табиат оғушида ҳис қилар эди.
Қуёш ботганидан сўнг ҳовлига қайта-қайта кўлоблатиб сепилган сув кун бўйи офтоб тиғида қизиган ернинг ҳоврини кўтарар, сувда юзини ювган райҳон баргларидан таралган хушбўй ифор димоғни очиб, кун бўйи толиққан юракка мадор бўларди.
Тун қўйнида устоз ўриндиқда, мен ёнларида ўтириб суҳбатлашардик. Олис-олислардан мунчоқдек кўзларини милтиратиб турган саноқсиз юлдузларга тикилиб, биргаликда завқланардик. Тунги ёқимли шабадада ҳилпираётган дарахт барглари орасидан мўралаётган ой шуласи устоз ёноқларида ўйнар, баргнинг сояси ортига беркинган ой нури камалак каби жило берарди.
Сайёр ака ва келинойим ҳар доим мени илтифот билан самимий кутиб олишарди. Аслида бу хонадонда ҳамиша ҳаммага шундай илтифот кўрсатилганки, буни мен хонадон соҳибларининг бой ички маданияти, ўқишган китоблардан қалбларига кўчган фазилатдан, деб билар эдим.
Мен учун азиз бўлган бу хонадонда Тўлқин Имомхўжаев, Ҳожиакбар Шайхов, дўстлари Анвар Ҳожихонов билан учрашиб қолар эдик. Бундай давраларда Сайёр ака ўзларининг суюкли таомлари — шакаробни ўзлари тайёрлаб, унга ҳовлида ўсиб турган жамбил, райҳонларнинг баргларидан қўшарди. Кейин жуда ҳам хушбўй, тотли аччиқ-чучукни ликопчаларга солиб, татиб кўришни таклиф этарди. Биз мақтаб-мақтаб шарбатдан ҳўплаб, ҳузур қилардик. Шоир хонадонидаги давралар, албатта, келинойимнинг паловисиз ўтмасди. Бу ширин улфатчиликнинг безаги оилага ва бу оиланинг гуллари бўлмиш улғаяётган фарзандларга келажакда ўз ўринларини топиб бахтли ҳаёт кечиришларини тилаб қилинган истаклар, назаримда, ижобат бўлаётгандек.
Бир гал, одатдаги қизғин суҳбатдан сўнг, Сайёр ака мени ўғиллари Фирдавснинг устахонасига таклиф қилиб, деворга илинган янги рангтасвир асарлари билан таништирди. Уларнинг орасида Фирдавснинг автопортрети алоҳида ажралиб турарди, кўзимни узолмай қолдим. Устоз: “Хўш, қандай, гапиринг”, деди: Бу гўзал расмларни томоша қилар эканман, беихтиёр 1980 йилнинг куз ойида Дунай дарёси бўйлаб қилган сафарим ёдимга тушди. Ўшанда бизни ҳар бир мамлакатга борганимизда, албатта, дастур бўйича расмлар галереясига олиб киришган. Рангтасвир асарлари жуда гўзал ва такрорланмас, ранглар жилваси мени ўзига мафтун қилган. Айниқса, Вена шаҳридаги галерея залларини айланар эканмиз, портретлар мени сеҳрлаб, мулоқот қилишга чорлагандек бўлар, бир қадам орқага юрсам лаблари қимирлаб кўзлари очилиб юмилар, ўнг ёки чап томон қадам ташласам мен томон бурилиб нигоҳини узмас эди.
Шу ҳақда гапириб, Фирдавснинг ютуқларидан қувондим, дуога қўл очдим, келажакда Фирдавсга Рембранддек буюк рассом бўлиш насиб этсин, дея тилак билдирдим. Устоз ўзининг мамнунлигини изҳор этиб, “Зўр!”, деб хохолаб кулдилар.
Шундай ҳаяжонли таассурот билан кўчага чиқдик, йўқ дейишимга қарамай устоз мени бекатгача кузатиб борди. Йўлда: “Сайёр ака, Фирдавс рассом сифатида ўз автопортретини ишлабди, шоирларимиз ҳам назм йўлида автопортретларини ёзишса бўларди”, дедим. “Ҳа, ёзишган”, деб устоз талай мисоллар келтирди. Суҳбат қизиб, бекатда автобус тўхтаганини ҳам сезмай қолибмиз.
Автопортрет таассуроти икки кунча хаёлимдан чиқмади, ниҳоят учинчи куни тунда қоғозга ушбу сатрлар битилди. Мен ўша пайт табобат ва фалакиёт илмига доир китобларни ўқиб юрардим.

Меҳрим ғунчалари очилиб,
Фалак қучсин атрим.
Япроқлари оламга сочилиб,
Қанотига олсин сатрим.

Дилимда ҳикматли жавон,
Табобат, фалак буржидан.
Эргашур шукуҳли карвон,
Заррин нур тўшалган йўлдан.

Қай гулшанни этар маскан,
Учқур хаёллар олгали тин.
Бандаларига боғланиб бир умр,
Умидга таралар кўкдан нур.

Япроқларинг суйиб шаббода,
Кўнгил ғуборин ёзибди.
Ғунчанг очилиб тонгги навода,
Авжида ғазал бахш этибди.

Орадан ҳафталар ўтиб, устоз ҳузурига бордим. Келинойим ошхонада юмуш билан банд эди, сўрашдик. Ҳовлида стол атрофидаги ўриндиқларга ўтириб, ҳол-аҳвол сўрашгач, одатдагидек, Сайёр ака менга янгисидан бўлса эшитайлик, деди. Машқимни ўқишни бошладим, лекин кўзимнинг қири билан уларни кузатиб турардим.
Диққат билан эшитиб бўлгач, у киши ошхона томон юзланиб келинойимни чақирди. Гулчеҳра опа ошхона деразасидан бошларини чиқариб қаради. Сайёр акам: “Меҳрнинг ғунчаси бўлар экан, келинг”, деди.
Одатда, чўнтакларида кичик қизил қалам бўлар, шеърнинг ёқмаган мисраларини чизиб ташларди.
Келинойим қўлини сочиққа артиб келиб бизга қўшилди, қани, яна бир эшитайлик, деди. Энди мен тетикроқ овоз билан ўқидим. Машқим маъқул тушгандек бўлди, шекилли, ижодий ютуқлар тилашди.
Устоз: “Бахтиёржон укам, ҳар гал шеър ёзганингизда бу менинг энг зўр шеърим, деб қаранг, бор куч ва билимни, сўз бойлигини ишлатинг, шундагина шеър кўнгилдагидек чиқади, ўқиган, эшитган одамнинг қалбидан жой олади”, деди.
Ушбу хотираларимни ёзар эканман, устозни кўргани Дўрмондаги ёзувчилар боғига борганим ёдимга тушди. Бу боғ ичига қадам қўйганимда салқин шабада ва қушларнинг хониши чулғаб, улуғлар салтанатига ҳаяжон билан кириб келаётганимни ҳис этдим…
Одатда, ноёб асарлар йиллар ўтса-да ўз оҳорини тўкмай, жилоланиб тураверади. Сайёр аканинг қуйидаги шеъри ҳам, бошқа кўплаб асарлари қатори, бунинг бир далилидир.

Жоним,
Соғинганман,
олисдир йўлим,
Узатсам етмайди ҳеч сенга қўлим.
Сен деб ёнаяпман,
Сендан йироқда;
Ҳолим билмоқ бўлсанг
агар фироқда,
ойдин тун,
осмонга қарагин, дилдор.
Унда бир жуфт юлдуз
мўлтираб бедор,
Уйнинг тепасида
боқиб турар жим,
У сенга термилган интизор кўзим.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 12-сонидан олинди.