Бу йилги қиш анча оғир келди.Халқимизда бир гап бор: «Яхши келса, ҳут, ёмон келса, ют…» Ноябрь ойидаёқ қалин қор босиб, чорва моллари оғилга кирди. Хайрият, 2007 йил бошидаги қиш унчалик чўзилмаяпти. Февраль ойида майда жониворлар у ёқда турсин, йирик шохли чорва молларини ҳам далага ҳайдаш бошланди. Чунки чорва емишларининг таги кўриниб қолган, “ёмон келса, ют” деган кўнгилсизлик эшик қоқиб турарди. Одамлар йил бўйи елиб-югуриб сорва озуқаси жамғарадилар-у, қишни жон ҳовучлаб ўтказишади. Нега шундай?..
Мен яшайдиган Хондайлиқ қишлоғи Ватанимизнинг энг қадимий гўшаларидан бири. Бу даргоҳ Бўстонлиқ туманининг Оқтош ҳудудидаги қуёшли кўркам майдонда жойлашган. Атрофини Йўлбарсунгар, Соз, Қорақоя каби гўзал тоғлар қуршаб олган. Дарвоқе, ушбу тоғлар ўтмишда гўзал эди. Ўнлаб турдаги майда ёввойи жониворлардан ташқари қалин чангалзорларда ҳатто йўлбарслар яшаган. Шўробсой қошидаги қатор керагақоялардан сочилиб тушувчи шаршаралар ҳосил қилган унгур ва ғорлар тарафдан мудом йўлбарслар ўкириклари эшитилиб турганини ҳали-ҳануз қариялар мароқ билан гапириб юришади. Энди эса… одамлар оёғи остида топталаётган бу тоғларда йўлбарс тугул, оддийгина тулкини учратиш амримаҳол.
Яқин ўтмишда бизнинг қишлоғимизда яшовчи хонадонлар ҳозиргига қараганда уч-тўрт баравар кам эди. Уч юз, нари борса, тўрт юз оилада икки-уч минг одам яшарди. Айни чоғда мингдан зиёд хонадонларда ўн мингга яқин аҳоли истиқомат қилмоқда. Чорва моллари эса қадимда юз баравар кам эди, десак, ишонаверинг. Қирқ-элликта қўй-эчкилари ва уч-тўрт қорамоли бор хонадон қишлоқнинг энг бойи саналарди. Ҳозир ўрта ҳол оиланинг эшигидан ўнлаб майда жонлиқлар ва қорамоллар тоққа ҳайдалади…
Биз одамларнинг бойишига мутлақо қаши эмасмиз. Қани энди, ҳамма бой-бадавлат бўлиб, фаровон ҳаёт кечирса! Ҳар бир хонадонда сигир бўлсин, фарзандларимиз чорва маҳсулотларига тўйиб, соғлом ва бақувват ўссинлар, деган даъватни биринчи бўлиб Юртбошимиз айтдилар. Шундан сўнг бутун мамлакатимиз бўйлаб кам таъминланганларга сигирлар бепул тарқатилди. Бундай улуғ ишнинг савоби битмас-туганмасдир, албатта…
Шу ўринда бир муаммо бор. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ночор аҳволда яшаётганлар қорамоллик, сут-қатиқлик бўлди, фарзандларимиз қаймоқ ялади. Бу жуда яхши, аммо азалдан чорва моллари етарли оилалар эса, ҳар қанча кўпайтирсак, бўлаверади чоғи, деган хаёлда бу борада “жилов”ни бутунлай бўшатиб юбордилар. Мисол тариқасида Хондайлиқ қишлоғини оладиган бўлсак, хонадонларда чорва моллари шу қадар кўпайиб кетдики, тобора қисқариб бораётган яйловлар уларнинг эҳтиёжларини қондиролмай қолди. Қадимгига қараганда камида юз баравар кўп қўй-эчкилар, қорамоллар, от – эшаклар ҳаммаёқнинг чангини осмонга чиқариб ётибди. Қир-адирлар бу ёқда турсин, чорва аҳли томонидан боғу роғ, экин майдонлари билан бирга бутун тоғу тошлар аёвсиз талон-тарож қилинмоқда.
Қадимда қишлоқ маҳаллаларидан бор-йўғи икки-учта пода чиқарди. Ҳозир турли подалар сони биргина қишлоқда йигирма-ўттизга етиб қолди. Уларнинг ярмидан кўпини подачилар апрель ойи бошидан то қор тушгунга қадар тоғларда яшаб, боқадилар. Улар тоғлардаги мавжуд барча яшил бойликларни қийратишиб, ҳудудларни қўралаб, ўзаро тақсимлаб олганлар. Токи қор босиб, қишлоққа қайтгунларига қадар чорва молларининг оғзи ва туёқлари вайрон қилаётгани етмагандай, юзлаб молчилар табиатни аёвсиз ғорат қилаверадилар. Уларнинг дастидан тоғлардаги ёввойи ҳайвон ва қушлар у ёқда турсин, дов-дарахтлару доривор ўсимликлар ҳам шиддатли тарзда йўқ бўлиб боряпти. Шўробсой ва Туятошисойдаги балиқларнинг “тухуми қуриб” битганига-ку, анча йиллар бўлди. “Сизларни тергайдиган, текширадиган, чора кўрадиган бирон ташкилот йўқми?”, деб сўрасангиз, “мавсум бошида “взнос”ини йиғиб кетгач, ким ҳам бизга индай оларди”, дея шахсий чорвадорлар кўкракларига уриб қўйишади.
Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида табиат жонкуярлари томонидан тоғлар бағрида терассали боғлар яратишга киришилган эди. Шунда ҳам чорвадан бошқани ўйламайдиган шахсиятпарастлар текин ўтқазиб берилган навли кўчатларни йўқ қилиб, барча терассаларни ёппасига яйловларга айлантириб олганлар. Айни чоғда терассалар биргина Хондайлиқ тоғларида мавжуд. Аммо уларда бирон туп маданий дарахт йўқ. Мен шу терассалардан ўн гектарни ўзимга расмийлаштириб, уларга навли кўчатлар экяпман. Қолган бор умрим давомида шуларни парваришлаб, сўлим боғ яратмоқчиман. Бундан ибрат олиб, бошқалар ҳам сувсиз тоғ терассаларида боғлар яратсин ва авлодларимизга ажойиб яшил мерослар қолдиришсин, деган ниятдаман.
Турли кимёвий дорилар ва бошқа замонавий асбоб-анжомлар воситаси ила ўлик сувга айлантирилган Туятошисойга хонбалиқлар олиб келиб, уни жонлантириш ҳаракатида ҳам бўлдим. Анча вақт қўриқлаб, муҳофаза қилиб юрдим. Икки-уч йилдаёқ балиқлар кўпайиб, кўзга кўрина бошлади. Аммо, “эгаси минг пойласа-да, ўғри бир пойлайди”, деганларидай, ғаламислар хлор оқизиб, балиқларни тағин қийратиб кетдилар. Туятошисой яна ўлик сувга айланди-қолди.
Кўп йиллик кузатишлар шуни исботлайдики, табиат муҳофазасида изчиллик, ҳамкорлик, энг муҳими, астойдил жонкуярлик ва фидойилик етишмаяпти. Жойлардаги маҳаллий ҳокимиятлар жавобгарликни, масъулиятни табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари зиммасига ағдаришади. Улар эса маҳалла оқсоқоллари, фуқаролар йиғинлари ва бошқа маҳаллий раҳбарларни лоқайдликда, ўзларига яқиндан ёрдам кўрсатмасликда айблайдилар. Икки орада она табиат қаттиқ озор чекиб, вайрон бўлмоқда, тиклаб бўлмас даражада ғариблашиб боряпти.
Республикамиз биохилма-хиллиги умуммиллий бойлигимиздир. Афсуски, аҳолимиз бугунги кунда ҳудудимиз флора ва фаунасини асрашдай масъулиятли вазифани унутиб қўйяпти. Табиатда мувозанат бузилиши қандай фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигин ёдда сақлайлик.
Бизнингча, табиат муҳофазасига оид ушбу масалаларни чуқурроқ таҳлил қилиб кўриш керакка ўхшайди. Масалан, ҳудудлар, яйловлар аҳволидан келиб чиқиб, чорвачиликни мутаносиб ривожлантириш, бу борадаги масъулият ҳамда жавобгарлик изчиллигини таъминлаш, ўз ҳудудларидаги табиий бойликларни сақлаш ва кўпайтиришга аҳолининг барча қатламларини мудом жалб этиш йўлларини қидириб топиш каби долзарб вазифаларни муҳтарам депутат ва Сенаторларимиз ҳам чуқур ва атрофлича кўриб чиқсалар, мақсадга мувофиқ бўлармиди…
Баҳор келди, кунлар исиб қолди, тоғлар эса қўрқувдан дағ-дағ титраб-қақшаяпти. Чунки шу кундан бошлаб то кеч кузгача уларнинг бағрини минг-минглаб чорва моллари, юзлаб одамлар топтайдилар, талон-тарож қилаверадилар.
Назаримда, бугун тоғларимизнинг қадди чўкиб қолаётгандай. Тоғлар бағри бутун бўлсин…
“Ўзбекистон овози” газетаси,
2007 йил 27 март сони.