Ираклий Абашидзе (1909-1992)

Абашидзе Ираклий Виссарионович (ირაკლი ბესარიონის ძე აბაშიძე; 1909.10.11, Кутаиси губерняси Хони қишлоғи — 1992) — грузин шоири ва жамоат арбоби. Грузия Фанлар академияси академиги (1960). Грузия Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1953—67). Грузия Энциклопедияси бош муҳаррири (1967 йилдан).
Асарларидаги асосий мавзу — шоирнинг инсонпарварлик бурчи, Грузиянинг ҳозирги ва ўтмишдаги тақдири («Гурия яшнаяпти», 1950; «Яқинлашиш», 1966; «Бу қўшиқлар ҳам — Грузиямга», 1971; шеърий тўпламлари, «Руставели изидан» поэмаси, 1966 ва б.). «Юксак маҳорат учун»(1959), «Дўстлар, йўллар, ўйлар» (1979) китоблари муаллифи.
Ойбек, Ғафур Ғулом ва бошқа билан ижодий мулоқотда бўлган. Зулфия шеърларини грузин тилига таржима қилган. Ўзбек тилида «Шеърлар» китоби нашр қилинган (1962).

ҚАРДОШЛИК

Бир туғишган қардош дўстлар бизда ғоят мўл,
Мен, Закавказ дарёсининг ўғлига ҳар чоғ
Қардош туркман меҳри жўшиб узатади қўл,
Қардош ўзбек қувнаб-қутлаб, очар кенг қучоқ.

Умум мақсад йўли бизни яқинлаштирди,
Дўстлик ипи боғлаб қўшди қалбларимизни.
Азалданоқ қардошликка чорлаб чақирди
Руставели, Махтумқули, Навоий бизни.

Бир мақсадда бирлашганмиз битта сафга зич.
Қардошликнинг ипи билан қўшилган диллар.
Узолмади бу ип узра солса ҳам қилич,
Темирлангу Жалолиддин каби жоҳиллар.

Қўшин тортиб, бизни янчди ҳукмрон хоин,
Шаҳар-қишлоқ, далаларни ёқиб кул қилди.
Бошимизда қилич синди. Бироқ халқ доим
Қардошлигу мангу дўстлик учун интилди.

О, нақадар бахтиёрман, қардошларим мўл,
Узоқ дарё ўғиллари менга дўст-иноқ.
Қардош туркман меҳри жўшиб узатади қўл,
Қардош ўзбек қувнаб-қутлаб очар кенг қучоқ.

Қардошлигу дўстлигимиз мангудир, мангу,
Совуқ ҳасад орамизга сололмас соя.
Партиямиз чин дўстликнинг байроғидир, у
Қардош халқлар иттифоқин қилар ҳимоя!
1947


ҚАЙСИ ЭЛУ, ҚАЙ ДИЁРДА КЕЗМАЙИН…

Қайси элу, қай диёрда кезмайин, ҳар чоғ,
Қай манзара нигоҳимни асир этмасин,
Мен шу ерда ҳис қиламан ўз она тупроқ
Ва туғишган она тоғу, дарём нафасин.

Гўзал олтин Фарғонани сайр этиб, кўриб,
Чиройига мафтун бўлиб кўз тиккан вақтим —
Алазани водийларин кезгандаи бўлиб,
Гўё яна Гремида баҳорга боқдим.

Бу ерда ҳам Кахетида каби сарбаланд
Ток чирмашган ишкомлару узумзор боғлар,
Бу ерда ҳам Картлидаги каби ойнабанд
Уй ёнида шитирлашиб куйлар япроқлар.

Мен унутдим тоғ ва сувнинг бошқалиги-ю
Ва бу ернинг Грузиям эмаслигин ҳам.
Ахир Аму дарёсининг суви-ку, бу сув,
Тянь-Шаннинг музлари-ку, бу кўк муз қатлам.

«Бўлак бахтли, шонли юртни изламайман ҳам»,—
Мен бу сўзни аста айтиб қўйдим кўнглимда,
Узбек юртин кезарканман ўз Грузиям
Кўрингандай бўлиб турди доим ўнгимда.

Қайси элу қай диёрни кезмайин ҳар чоғ,
Қай манзара нигоҳимни асир этмасин,
Мен шу ерда ҳис қиламан ўз она тупроқ
Ва Лиахви, Гомборининг илиқ нафасин.
1948


МЕН ШУ ЕРДА ЯШАМОҚЧИМАН

Шунда яшаб қолмоқчиман.
Бу гўзал диёр, —
Бу ўлкага меҳмон бўлиб келсин дўсту ёр,
Биламанки, бор оламни кезиб излаб ҳам
Тополмаса керак бундай эл-юртни одам.

Бошлигимни бошга кийиб, бостириб олиб,
Мен бораман Дзимити бўйлаб йўл солиб,
Бу қулоқчин гўё менга азал-абаддан
Совға-мерос қолган каби бобо-аждоддан.

Шунда яшаб қолмоқчиман!
Бироқ она тоғ —
Обрел тоғин унутолмас қалбим! Ўша ёқ,
Ўша ерда, туққанларим, қавм-қондошларим.
Ўша ерда киндик қоним, ватандошларим.

Қандай қилиб Риони мавж уриб оққан ер,—
Илк хаёлу, орзуларим қанот қоққан ер,—
Илк бор босган пой изларим сақланиб турган, —
Бу диёрни ташлаб ортда қолдираркинман?

Кўз ўнгимдан кетмай турар дам ўтган сари
Денгизлардай мавжли Одиш экинзорлари.
Майса-гиёҳ, шивирлаган она водийим
Хаёлимдан кетмас, доим ундадир ёдим.

Мен шу ерда яшаб қолар эдим-ку, бироқ
Алазанинг сувлари-ю, осмонга тенг тоғ,
Ўрмондай кенг узумзор боғ, она колхозим,
Она юртим далаларин қиярми кўзим?

Ватанимнинг ҳамма еру, ҳамма эли ҳам
Менинг учун туғишгандан афзалки ҳар дам,
Ватан бўйлаб йўлим тушса, қачон, қай томон,
«Юртим мен-ла биргасан!» деб дадил айтаман.

Қай ердаки бўлсам, ўша ердан бахтиёр,
Уша ердан гўзал ерни билмайман зинҳор.
Ва жар солиб: «Мен шу ерда яшамоқчиман,
Шу ерда!» деб қасам ичгим келади чиндан.
1950

Шунқор таржималари

ВАТАНГА

Буткул, дединг,
Буткул, дединг,
Менга бахш эт ўзингни,
Талабинг шу бўлди, Ватан,
Шундай бўлди талабинг.
Мен бахшида этиб турдим
Ширин-ширин сўзимни,
Фақатгина ширин сўзни
Бахш этмоққа ярадим.
Лекин ҳали жароҳатлар
Сирқиратар вужудни,
Бунга фақат ширин сўздан
Малҳам излаш — бекордир.
Фақат мени сен бағрингдан
Жудо қилма
Ва кутгил,
Сенга ҳали кўп нарсани
Қурбон қилмоғим бордир!

НАСЛИНГ СЎЗИ СЎЗ

Яхшимисан, ёмон,
Оқмисан, қора,
Мақбулми ишларинг
Еки номақбул?
Фақат наслинггина беролгай баҳо,
Наслинг не деса шу,
Бошқаси бир пул!

Не олиб кетасан —
Раҳматми, лаънат,
Не ном қолдирасан —
Нодонми, оқил?
Наслинггина берар баҳонгни фақат,
Наслинг не деса шу,
Бошқаси бир пул!

Номинг яшайдими мангу,
Тоабад,
Барқ уриб турарми қабринг узра гул?
Наслинггина буни ҳал қилар фақат,
Наслинг не деса шу,
Бошқаси бир пул!

Бугун шоҳсан,
Эрта бўлгайсан унут,
Бугун гадо,
Эрта мангуга дохил.
Сен фақат наслингнинг баҳосини кут,
Наслинг не деса шу,
Бошқаси бир пул!

Русчадан Машраб Бобоев таржималари

ШАРҚ ШОИРЛАРИГА

Шарқда юз тил бор: гўзал, йўқ мини,
Санаб кўрсанг, қизиқ, катта иш бўлар.
Бир оқимнинг юзта куйчи тўлқини,
Ягона тил бўлиб қўшилар улар.

“Тил турли”, – деб ёнмас одам оқили,
Шоир зоти қардош, асли туташ жон.
Бизнинг умумий тил – муҳаббат тили,
Унинг ҳар бир сўзи таниш, қадрдон.

Эй Шарқ шоирлари! Туздир ошга тот,
Юз тилни асраймиз қўшиқ тузидай.
Биз, муҳаббат ҳаққи, унга ичдик онт,
Илҳом, ўйимиз бир йигит сўзидай.

Шарқ ери бўронни ризқ қилди бизга,
Ва ҳамиша ғолиб Тинчликнинг тили
Умумий тил бўлди қўшиғимизга,
Уни барча англар ҳам яйрар дили.

Шарқнинг турли, жами юз тили аро
Ҳаммага умумий тилда, қалбан шай,
Биз қасамёд этдик, тургунча дунё
Эркин асрармиз кўз қорачиғидай.

Эрксевар умиду тушда аён дил,
Халқларнинг орзусин уқдик дам-бадам.
Оҳанг-жаранглари турлича юз тил
Озодлик тилида уйғунлашиб жам.

Тойдирмас шоирлар тилини на чарх,
На эврилган оҳанг, на синган сатр.
Сенинг юзта – турли тилларингдан, Шарқ,
Биз пайдо этурмиз минг-минг ранг, атир.

Ўрмонлар, далалар, тоғлар ям-яшил –
Бизларни куйлатган юз тил сўзидир.
Ватан – Бахти учун янграётган тил
Юзта – турли тилнинг айнан ўзидир.

Хавфу хатар оша, одамларга у
Қўшиқ нурин элтар демай эрта-кеч.
Якдил, ҳамнафасмиз – одатимиз шу,
Бизни ажратмоқнинг иложи йўқ ҳеч.

ЮЛДУЗЛАР

Бўлса аввалги ҳолим –
сайқал бериб нақдимга,
Бўлардим ҳаёт суви –
орзуга яна қардош.
Бўлса аввалги ҳолим –
зое қилган вақтимга,
Қайтарардим илоҳий
бир баракат, чўнг бардош.

Бўлса аввалги ҳолим –
самога амирона:
“Тонг, от!” – дердим, кун чиқиб,
қилар эди тунни кул.
Бўлса аввалги ҳолим –
зангин артсам, ярқ ёна
Болалигимдагидай
чақнар юлдузлар буткул.

Мукаррама Муродова таржимаси