Немис файласуфи Иоганн Вольфганг Гёте Франкфурт шаҳрида туғилиб ўсди. У 17 ёшида ҳуқуқни ўрганиш мақсадида Лейпциг шаҳрига жўнайди. Кейин Стасбургда таҳсил олади. 21 ёшида Иоганн Готфрид Гердер (1744-1803) билан учрашади.
1775 йилнинг 7 ноябрида ёш даҳо Гёте герцог Карл Август таклифига биноан Веймарга келади. У герцогнинг махфий маслаҳатчиси лавозимини адо этиб, маъмурий бошқарув санъатига доир мўъжизаларни намойиш этишга муваффақ бўлади. Қисқа вақт ичида мукаммал тартиб-интизом ўрнатиб, давлат хазинасини бойитади.
Гёте башоратчилик қобилиятига ҳам эга эди. У кўп воқеаларни олдиндан айтиб берган ва ҳеч қачон адашмаган. Гётенинг табиатида беқарорлик, жиззакилик, енгилтаклик каби хусусиятлар ҳам бўлганидан атрофдагилар уни бадфеъл одам деб ҳисоблашган.
Гёте 3000 дан зиёд шеърлар муаллифи. Унинг Веймарда чоп этилган асарлар тўплами 143 жилддан иборат. Қуйида уларнинг энг асосийларини санаб ўтамиз:
«Таврида ифигенияси» (1787), «Рим элегиялари» (1788), «Торквато Тассо» (1796), «Наботот эврилиши» (1790), «Фауст» (1808), «Сеҳрли сибизға», «Ранг ҳақида таълимот».
1797-1817 йилларда Гёте Веймар театрини бошқарган. 1794 йили Иоганн Фридрих Шиллер (1759-1805) билан танишган. 1808 йилда Наполеон билан учрашган. Гёте оғир сил хасталиги билан оғриган. Шундай вақтлар бўлганки, томоғидан қон қуюлиб келган, аммо шунга қарамай, у 83 йиллик умрини мутлақо соғлом одамдек яшаб ўтган. Саломатлигини мустаҳкамлаш ва табиатидаги нуқсонларни енгишда юксак иродасини, сабот-матонатини намойиш этиб, замондошларини ҳайратга солган.
Гёте ҳақидаги маълумотларнинг бизга тўлалигича етиб келишида унинг хонадонида ёрдамчи-котиб бўлиб ишлаган ёш адабиётшунос Иоганн Петер Эккерманнинг хизматлари катта.
Манбаларга кўра, Гёте қўл урмаган касб бўлмаган: у портретнавис, манзаранавис рассом, ҳайкалтарош, меъмор, танқидчи, хотиранавис, публицист, актёр, режиссёр, театр директори, муқовачи, заргар, кимёгар, анатом, ботаник, физик, геолог, оптик, файласуф, фалакшунос, муаррих, санъатшунос, давлат арбоби, молиячи, кутубхона мудири ҳам бўлган.
* * *
Инсоннинг тавба-тазарруга бўлган эҳтиёжи ҳеч қачон йўқолмайди.
* * *
Майда одамлар орасида майдалашасан. Катта одамлар орасида эса ўзинг ҳам ўсасан.
* * *
Инсон курашчи демакдир.
* * *
Яшашга ва эркинликка ҳар куни улар учун курашувчи одамгина лойиқдир.
* * *
Ўзим тўғримдаги билимсизлигим лаҳза сайин ошиб бормоқда.
* * *
Айтишларича, икки қарама-қарши фикр орасида ҳақиқат ётар эмиш. Асло бундай эмас, уларнинг орасида муаммо ётади.
* * *
Нафрат фаол норозилик туйғуси, ҳасад эса, аксинча, суст норозилик ҳиссидир. Шу боис ҳасаднинг қисқа фурсатда нафратга айланишидан ҳайратланмаслик керак.
* * *
Ҳаммага бирдек ёқиш истаги энг кулгили истакдир.
* * *
Чорак соат давомида товланиб турган камалакни пайқамай қўядилар.
* * *
Ақл билан муҳаббат ўртасида ҳеч қандай умумийлик йўқ!
* * *
Яхшиликни йўқотиш – кам йўқотиш, номусни йўқотиш – кўп йўқотиш, мардликни йўқотиш – ҳамма нарсани бой бериш демакдир.
* * *
Яшаш учун ғалаба қозонишни ўрган.
* * *
Дадил фикрлар шашка ўйинидаги олдинги қатор доналари вазифасини бажаради: улар ҳалок бўлса-да, ғалабани таъминлайди.
* * *
Вақт нафақат одамлар, балки ёдгорликлар устидан ҳам ҳукмронлик қилади.
* * *
Инсон учун фақат биргина бахтсизлик мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга ҳеч бир фойдаси тегмайдиган ёки меҳнатдан чалғитадиган ғоя билан банд бўлиш.
* * *
Ҳамма нарсани зудлик билан қайтадан бошлаш истаги инсоннинг ўзига хос хусусиятидир.
* * *
Ҳар бир фаолиятни у узоқ давом этиши ва ҳатто орзуга, ҳаёт тарзига айланиши керак бўлган тақдирда ҳам байрам билан бошламаслик жоиз. Фақат эсон-омон ниҳоясига етказилган ишнигина байрам қилинг. Ишни тантана билан бошлаш иштиёқимизни оширувчи ва кейинги саъй-ҳаракатларимизда йўлдош бўлувчи ғайрат ҳамда куч-қувватимизни сўндиради.
* * *
Энг қийин нарса нима? Бу сиз учун энг осон туюладиган иш: яъни шундоққина кўз олдингизда турган нарсаларни кўришдир.