Муҳаммад Сиддиқ. Тухумнинг фойдаси (ҳажвиялар)

Муҳаммад Сиддиқ (Мамасоли Саримсоқов) Фарғонанинг сўлим Мирзаобод қишлоғида туғилган. Фарғона Давлат университетининг филология факултетини тугатган. ”Гулхан” журналида, “Маърифат”, “Ўзбекистон овози” газеталарида ишлаган. Авваллари “Шум бола” чойхонасида тез-тез кўриниб турарди, кейинчалик дараги бўлмай кетди. Бу чойхўр дўстимиз ҳам тужжор бўлиб кетибдилар-да, деб юрган эдик, яқинда бир қучоқ ҳангомаларини қўлтиқлаб кириб келди. Улардан баъзиларини силаб-сийпаб, эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

БАЛИҚ БЎЛИБ КЎР-ЧИ…

— Балиқ нима учун товуш чиқармайди?
— Ўзинг бошингни сувга тиқиб, биронта сўзни айтиб кўр-чи, ўшанда биласан.

МУҲЛАТ

— Сиз билан ортиқ ишлай олмаймиз, — деди боғча мудираси Таманно Тўхтаевна ҳайдовчи йигитга ўқрайиб қарар экан. — Битта сизни деб гап эшитганимиз эшитган. Неча марта айтдим, Шарифжон, кеч қолишингизни бас қилинг, бу ер болалар боғчаси, овқат вақтида берилиши керак, деб. Билганингизни қилиб юрибсиз. Мана, бугун ҳам тушлик ярим соатга кеч қолди. Тамом, аризангизни ёзинг.
Мудиранинг гапидан кейин жиддий муҳокама бошланди:
— Келиб-келиб комиссия келган куни кечикиб ўтирса-я…
— Ёзда ухлаб қолиб, сутни ачитиб келганида ҳайдашимиз керак эди…
— Айб ўзимизда, ўтган йили бир коробка сарёғни сотиб юборганида баҳридан ўтмадик…
— Бас, ўртоқлар, ҳаммаси маълум. Ҳайдамасак бўлмайди. Қани, кимда-ким боғча ҳайдовчиси Шариф Шокировни интизомсизлиги учун…
Мудира муҳокамага якун ясаб, масалани овозга қўймоқчи бўлган эди, кутилмаганда… кўзи мажлисга бироз кечикиб келиб, орқароққа ўтираётган Салимахоннинг янги кофтасига тушиб қолди-ю, беихтиёр “Вой”, деб юборди. Кейин ўзини ўнглаб деди:
— Салима Султоновна, марҳамат, олдинроққа ўтинг!
Салима Султоновна худди шуни кутиб тургандай, кофтасини кўз-кўз қилиб, олдинга ўтди.
— Буюрсин, зўр экан, — деди Шаҳноза суқланиб қарар экан.
— Ранги жуда богатий экан, — чимирилди Ҳафизахон.
Мудира паст овозда сўради:
— Қаердан олдингиз?
— Шарифжон акамнинг базада танишлари бор экан, — деди Салима Султоновна. — Бугун-эрта тугаб қолиши мумкин…
Мудира бироз тараддудланиб қолди ва қатъий оҳангда деди:
— Шариф Шокировнинг ишда қолиш-қолмаслигини жиддий ўйлаб кўришимиз керак. Бу масалани бирданига ҳал қилиб бўлмайди. Қани, яна бир ой муҳлат бериб кўрайлик-чи…

ТЕЛЕТОМОШАБИН

Боғча опа болалардан сўради:
— Катта бўлганингизда ким бўласиз?
— Телетомошабин, — деб чувиллашди болалар.

“ОБРЎ”

Хуррамой қишлоққа келин бўлиб тушганидан кейин, янги туғилган чақалоққа ҳеч ким шу исмни қўймайдиган бўлди. Ҳатто ёши бир жойга бориб қолган Хуррамойлар ҳам исмларини ўзгартиришиб олишди.

МОСЛАШУВ

Бир ҳамкасбимиз ким бизга бошлиқ бўлиб келса, ўшанга мослашади. Аввалги бошлиғимиз итни яхши кўрарди, у ҳам олтинчи қаватдаги уйида ит боқа бошлади. Кейинги бошлиғимиз қизил рангга ўч экан, у қизил кўйлак кийиб, итини ҳайдаб юборди. Навбатдаги бошлиғимиз мўйловли. У қизил кўйлагини қизига бериб, мўйлов қўйди.
Яқинда бизга аёл киши бошлиқ бўлиб келди. Э, аттанг, туппа-тузук эркак эди-я!

ЯШАСИН, КОМИССИЯ!

Комиссия келгани яхши-да. Ишлар ўз-ўзидан йўлга тушиб кетади. Комиссия деб супурамиз-сидирамиз. Комиссия деб ишлаймиз, комиссия деб кийинамиз, комиссия деб… Хуллас, яшасин, комиссия!

ИШЛАМАЙ БЎЛАДИМИ!

— Севара, кеча ишга келмайман дегандинг, келибсан-у?
— Вой, бугун ишга келмай бўладими? Неварам чақиртирган. Сартарошим фақат бугун ишлайди. Қизимнинг боғчасида утренник.., шунча ишни уйда бажариб бўладими?

ТАДБИРКОРЛИК

— Хотин, биласанми, газетада ёзишича, бир марта юракдан кулиш кулган кишига тўртта тухумнинг кучини берар экан. Ҳар куни қозон осавермай, болаларни кулдириб ҳам тур, — деди хасис эр.

СОВУН

Келин қайнонасига шикоят қилиб қолди:
— Ойи, ўғлингизнинг қилиқларига ортиқ чидолмайман. Нима қилиб бўлса ҳам ичишни ташлаттирмасак бўлмайди. Маошининг ҳаммасини ичиб битиряпти.
— Қўй, қизим, унақа дема, бўшаган шишаларига совун олиб турибмиз-ку, — деди қайнона.

КУТУБХОНА ЭШИГИДАГИ ЁЗУВЛАР

Якшанба “Сандень”.
Душанба “Дам олиш куни”.
Сешанба “Ҳурматли китобхонлар! Дала шийпонларига кетдим. Бугун кутманглар”.
Чоршанба “Ҳурматли беблаткага кеганлар! Мен туманга беблаткачилар майлисига кетдим”.
Пайшанба “Бугун пилялда семнар бўлади. Ўшаттаман”.
Жума “Кичкинамди дўхтирга кўрсатиб тезда келаман”.
Шанба “Ҳурматли китобхонлар! Беблатка бугун ишламайди. Ҳамма ҳашарга”.