Олдиндан айтиб қўя қолай — камина шахмат жинниси. Шу ўйин деса ўзимни томдан ташлайман. Маҳоратлари қалай дейсизми? Албатта, ишқибозликка яраша-да! Анча-мунчасига бўш келмаймиз. Ишхонада каминага ютқазавериб аламзада бўлганлар, зимдан тиш қайраб юрганлар оз эмас. Ютқазганлари бир нав, ҳаммасидан менинг гапларим ўтиб тушади: «Одам қуригандай келиб-келиб сен билан шахмат ўйнаб юрибманми? Олдин ҳам ўйнаганмидинг ўзи? Бор, китобини ўқиб кел!» Шунда бечоранинг ранги бўзариб, жиғибийрон бўлганини кўрсам маза қиламан. Бу ҳам камлик қилгандек, алам қилса бурнингни тишла, деб қўяман. Йиқилган курашга тўймас дегандай, «яна бир ўйнайлик» деб ялинишларини кўрсангиз… «Мен ютқазган одам билан ўйнамайман» дея бироз таранг қилиб тураман-да, кейин доналарни қайта тера бошлайман. Раҳмим келганидан баъзан атай қолиб берсаммикин, деб қўяман. Аммо худо кўрсатмасин, ютқазиб берсангиз кейин оғиз очирмайди бу хумпарлар. Шунинг учун ҳам мушук сичқонни ейишдан олдин эрмак қилиб ўйнаганидай, пича эрмак қилиб тураман-да, кейин «ҳап» этиб «ютиб» юбораман.
Бир куни учрашувга бора туриб, йўлакачи сартарошхонага кирдим. Афт-ангорни сал эпақага келтириб бормасак бўлмайди. Қайлиғимиз маймунсифат «мажнун»ларни ёқтирмайди.
Сартарошхонанинг кутиш хонасида беш-олти чоғли одам давра қурган, ўртадаги шахмат тахтасида даҳанаки «жанг» кетяпти. Салом бериб, секин сўрадим:
— Ким охири?
— Қаёққа?
— Қаёққа бўларди, сартарошга.
— Бу ерда навбат шахматга! Ютқазган туриб кетаверади!
«Тавба, сартарошхонами ўзи бу ер ёки чойхонами? Мендан баттар шахмат жиннилари ҳам бор экан-у билмай юрган эканман. Бир ўзимни кўрсатиб қўйсаммикин? Учрашувга ҳали икки ярим соат бор. Лобархон барибир бир соат кечикиб келади. Таваккал, ўйнаганим бўлсин!»
Секингина даврага суқилдим. Ҳаш-паш дегунча олдига келганни «ямламай ютаётган», бурни муштумдай, бароқ қошли шахматчига рўпара бўлдим. У «ҳали сен ҳам бормидинг?» дегандай менга бир ўқрайиб қўйди-ю, жеркиброқ сўради:
— Оқда ўйнайсизми, қорадами?
— Устасига барибир — оқми, сариқми… — илмоқли, беписанд жавоб қилдим. Туйқус «зарба»дан рақибимнинг кўзлари олайиб кетгандек бўлди. Мувозанатини андак йўқотди. Мен учун шуниси муҳим эди.
Шахматчи ҳужумнинг ҳамма усулидан воқиф бўлиши керак. Айтишларича, қайсар шахматчи Фишер ҳам олдин рақибини бир бало қилиб мувозанатдан чиқариб оларкан-да, кейин ўз мақомига йўрғалатаркан. Аммо менинг рақибим ҳадеганда нўхтасини бировга берадиганлардан эмас эди. Қалтис тузоқларга, текин «ҳадя»ларга парво қилмади. Мен ҳам қараб турмадим. Пайт пойлаб туриб, боплаб сипоҳни қурбон қилувдим, худди қопга тушган мушукдай типирчилаб қолди. Ана энди шўрликнинг ҳолини кўринг. Сиртмоқдан чиқиш учун ўзини ҳар томонга уриб кўрди, бўлмади. Ноилож, охири таслим бўлди.
Рақибим ростдан ҳам ютқазиб ўрганмаганми ёки ўзидан зўрларни тан олиш одати йўқми, бошини хам қилганча миқ этмай ўтираверди. Атрофдагилар унга ҳамдардлик билдиргандай, ачиниб қарашди. Мен ҳам айб иш қилиб қўйган боладай индамай қолдим. Ниҳоят, учрашув эсимга тушиб, ичкарига кирдим. Сартарошларнинг бири иш билан банд, иккинчиси кийимини алмаштираётган экан. Ишини тугатган сартарош ўрнига ҳозир бошқа уста келишини айтиб, чиқиб кетди. Кута бошладим. Димоғим чоғ. Бир томондан ғалаба нашъаси, иккинчи томондан бўлажак учрашув ва ҳозир сартарошхонадан арчилган тухумдай бўлиб чиқишимни ўйлаб, ўзимча ҳовлиқиб қўяман.
Шу пайт кутилмаганда хонага боя шахматда менга ютқазган рақибим тумтайиб кириб келди. Мен уни соч олдирса керак деб ўйлаб, сурилиб ёнимдан жой бўшатдим. Аммо у ичкаридаги бошқа бир хонага кириб, оқ халат кийиб чиқди.
У менга ғалати қараш қилди, қиёфасида кулгигами, заҳархандагами ўхшаш бир нима пайдо бўлди. Ноилож у кўрсатган ўриндиққа чўкдим.
Сартарош қутиларини шарақ-шуруқ қилиб, нимадир қидирди. Кейин эски бир устарани топиб, қайрай бошлади.
Юрагим бирдан «шув» этиб кетди. Негадир хаёлимга ваҳимали ўйлар келди. Ў тавба, нималар бўляпти ўзи? Сартарошнинг авзойини кўриб, игна устида ўтиргандай безовталана бошладим. Намунча устарасини узоқ қайрамаса! Секингина қуён бўлиб қолсам-чи?! Бўлмайди, орият ўлимдан қаттиқ. Хўш, нима бўлиши мумкин ўзи? Жаҳл усти-да… Йўғ-е! Сўйса ўзига қийин — қамалади! Билмай қолибман деб шартта қулоғимни кесиб олса-чи? Эҳ, эсон-омон шу ердан чиқиб олай, кейин… шахматни ким билан қандай ўйнаш лозимлигини би-ир яхшилаб ўйлаб кўраман…
Сартарош «гурс-гурс» юриб ёнимга келди. Сочимни нари-бери текислаб бўлгач, соқолимни совун кўпиги билан бир карра шоша-пиша ишқалаб чиқди-да, иягимга тиғ тегизди. «Тамом» дедим-у кўзимни чирт юмиб олдим. Устара ҳар қиртишлаганда баданим туз сепгандай ачишиб оғрир, кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетар эди. Сартарош эса парвойи фалак, худди пўстдумба тозалаётгандай бошимни гоҳ ўнгга, гоҳ сўлга аёвсиз қайирар, ўтмас устарада теримни шилиб олаётганга ўхшар эди. Гоҳо «жиз» этган жойларга юмшоқ бир нарса текканини сезиб қолардим.
Ниҳоят, сартарош елкамдаги оқ чойшабни олиб, сочларни қоқаётганда секин ойнага қарадим. Турқи-тароватимни кўриб, ҳангу манг бўлиб қолдим. Соқолим оппоқ пахта, худди қорбобонинг ўзиман. Қулоқларим худди шамол тегирмонининг паррагидай диккайиб қопти. Оббо! Бу аҳволда энди учрашувга қандоғ бордим? Ҳай майли, қутулганимга шукур!
Сартарош қўлини белига тираганча тиржайиб турарди.
— Қалай, йигитча, яна биттадан ташлашамизми?
Хўш, сиз нима дейсиз? Ташлашиб кўрсаммикин-а?..