Хуршид Дўстмуҳаммад. Ма, ош (ҳикоя)

Баҳор кечки овқатдан сўнг идиш-товоқларни йиғиб ошхонага келтирди-да, уларни ювишга тутинган жойида қўли ишга бормади. Кўнгли аллақандай нохушликни сезгандай бирдан юраги увишди, чой дамлаб, оила аъзолари жамулжам ўтирган равонга қайтди. Остонага етганида ичкари хона эшигида костюмини кўрсаткич бармоғига илиб осилтириб тутганича қаққайиб турган отасини кўрди. Онаси, укалари бояги-бояги хонтахта теграсида ўтиришарди.
— Ростданми?.. Ҳазиллашаяпсизми?.. — деб сўради онаси ўтирган жойидан, отасининг қўлидаги костюмдан кўз узмай.
Катта укаси Бобур ҳам бўйнини чўзиб отасига ғалати алфозда бақрайиб қолганини кўрган Баҳор юраги бесабаб увишмаганига иқрор бўлди.
Отаси ғалати кулимсиради, бироқ бу кулимсираш унинг бўздай гезарган бетидаги мавҳумликни баттар кучайтириб юборди.
— Н-нега ҳазиллашай?.. Ҳазиллашадиган нарса м-мас-ку… — дея ғудранди у.
Мастура “дик” этиб туриб, эрининг ёнига борди, унинг қўлидаги костюмга тегса бармоғи куядигандек қўлларини орқага яширган кўйи костюмга “бош-оёқ” анграйди.
— Мана шу чўнтакка солгандим… Аниқ, аниқ эсимда… Пулни кассадан олгач, чангаллаганча хонамизга кирдим, санадим. Ҳеч зоғ кўрмади. Шу чўнтакка… Бор эди…
Сабриддин маош қўлига теккан пайтдаги ҳолатларни овоз чиқариб айтиб эслаяптими ёки хотини ва болаларига ҳисобот беряптими — тушуниш қийин эди.
— Қанчайди? — ташвишланиб сўради аёли.
— Нима қанчайди? Нимани излаяпсизлар?
Баҳор беихтиёр сўраб юборди-ю, тилини тишлади. Фақат у кўнглига тушган ғулғуланинг боиси шу топда аёнлашишини сезганидан тилини тия олмаган эди.
— Маошши ўғри урибди!..
— Вой-й! — деб юборди Баҳор оёғига қайноқ чой тўкилгандек турган ерида сачраб.
У илдам юриб келиб қўлидаги чойнакни хонтахтага “тақ” эттириб қўйди-да, укасининг гапига ишонмай онасига мўлтиради.
— Ваҳима кўтармаларинг! — деди Сабриддин ўзини босиб. — Аввал қарай-чи…
Отаси гапираётиб нафаси ичига тушиб кетди. Костюмнинг дам ички, дам ён чўнтакларига бирма-бир бесамар кириб чиқаётган қўли титрай бошлади.
— Палтони чўнтагига солгандирсиз, балки? — деди Мастура ҳамон умидини узмай.
Сабриддин костюмининг илгичидан бармоғини ўтказиб тутганича ичкарига кириб кетди. Зум ўтмай костюмни икки буклаб билагига ташлаган кўйи пальтони кўтариб чиқди. Ота оила аъзоларининг кўз ўнгида энди пальто киссаларини титкилашга тушди. Аёли, қизи, катта ўғли, ҳали бешга тўлмаган кенжаси — ҳаммалари нафасларини ичига ютиб, Сабриддиннинг қўлидан кўз узишмади.
Ва ниҳоят:
— Йўқ, — дея ғўлдиради Сабриддин узил-кесил маънода бошини сараклатиб.
— Вой, шўрим-мм! Бошқа нарсаларингиз жойидами?..
— Ж-жойи…
— Қ… қаранг, ахир…
— Қарадим… — Сабриддин шундай деди-ю, палто ва костюм киссаларига қайта бошдан бирма-бир қўл суқишга тутинди. Икки-уч парча-пурча қоғоз, автобуснинг ойлик чиптасидан бўлак матоҳ чиқмади.
— Шунақаям бепарво бўласизми, дадаси?
Сабриддин аёлидан бу қадар мулойимликни кутмаган эди, ваҳоланки, бидиллаб, вайсаб қулоқ-миясини егудек бўлса бўралатиб сўкинмоқчи, шу тарзда ўзи ҳам хумордан чиқмоқчи эди, аксига олиб Мастура… Сабриддин хотинига ачиниб кетди. Унинг кўзига қаролмади. Кулди. Кулгиси жуда беўхшов чиқди.
— Нега бепарво бўлар эканман, — деди ўзини оқлаб. — Опкелиб қўлингга тутқазмоқчи эдим. Қизинг сўраётганини оберақолайлик, қолганини Бобурбойнинг мактабига берасанми, Ботирбекнинг боғчасига берасанми — янаги маошгача рўзғорри амаллаб тургин, демоқчи эдим.
— Шунга хаёлингиз кетган-да, хаёл чалғитган.
— Киссадаги пулга хаёлнинг нима зиёни бор?..
— Зиёнини кўриб турибсиз-ку!.. Шу-унча пулни икки қўллаб олдири-иб ўтирибсиз-ку!.. Қайси киссангизда эди, ўзи?
Шу топда Сабриддин йўқотган бир даста пулининг топилишига яна умид боғлади.
— Сен қара-чи, — деди хотинига, костюмининг қўйнидаги киссани кўрсатиб. — Қоғозга ўраб, жойлаб қўйгандим…
Мастура эрининг костюмини қўлига олишга ҳам чўчиди, назарида киссага қўл суқса, биров бармоқларидан тутиб қоладигандек юраги бетламади.
— Баҳор қаққайма, бери ке, сен қара-чи!..
Баҳор индамайгина дадасининг ёнига келди-да, костюмнинг қўйин киссасига оҳиста қўл суқди.
— Ички чўнтакдан қанақаси олади, дада? Устингизда палто бўлса?..
Ҳозирги аҳволида Сабриддин аёлининг эмас, ўғил-қизларининг олдида ҳам ўзини гўдак боладек тутаётган эди. У елкасини қисди.
— Ўзимни ҳам ақлим бовар қимаяпти… — деб ғудранди.
— Автобусда одам кўпмиди? — дея савол қотди Бобур кўпни кўрган изқуварларга хос жиддий алфозда қош-кўзини чимириб.
— Кўп эди. Тиқилинч… Барибир, палтонинг остидаги костюмнинг ички чўнтагида пул борлигини қандай билди экан, бадбахт?!
Шу пайт Баҳор барча шубҳа-ю тахмин ва гумонларга нуқта қўйди.
— Вой-й! — деб чинқириб юборди у тўсатдан чийиллаб. Унинг костюм чўнтагига суққан тўрт бармоғи киссанинг ён томонидан ёриб чиқди. — Чўнтак йиртиқ-ку, дада!
Сабриддин, Мастура ҳанг-манг бўлиб қолишди. Бирин-кетин йиртиқ чўнтакка қўл суқиб кўришди. Энсиз, узун киссанинг биқини тиккасига очилиб ётарди.
— Қачон йирта қолдингиз? — ҳайрон бўлиб сўради Мастура, эридан.
— Йиртмадим, бутун эди, — деди Сабриддин. — Кеча, бугун эрталаб кавлаганимда ҳам бутун эди. Тушликдан кейинроқ маош олдим, хонага кириб санадим, аввал чўнтакни кавладим, ҳеч вақо йўқ эди, сўнг пулни жойладим, мана энди!..
Сабриддин минғирлаб гапини адо қилгунича Мастура қизи билан ҳамкорликда киссанинг йиртиғини кўздан кечириб улгурди.
— Йиртилмаган, — деди у қатъи товушда.
— Қирқилган! — Онасининг гапига илова қилди Баҳор.
— Пискада қирқади, улар! — дея ваҳимага мой сепди Бобур.
— Сен ҳам четда қолма, тахмининг бўлса, айт, — деди Сабриддин кенжасига тиржайиб. Сўнг аёли, қизи бамисоли мотам тутишаётганини кўриб, жиддийлашди. Костюмини, устидан палтосини кийиб, тугмаларининг барини эринмай қадади. У не ниятда бундай қилаётганини бошқалар тушунолмай, ҳайрон бўлиб туришганда Ботирбек дадасининг оёғига тармашди.
— Тетманг ада!.. Тетманг!
— Кетмайман, ўғлим, — деди Сабриддин кенжатойининг бошини силаб. Ва бутун оила аъзоларига янги қўйилаётган томошадан лавҳа кўрсатмоққа шайланган театр актёри сингари хатти-ҳаракатлар билан гапга тушди:
—    Ишхонамдан шу кийимда, шу алфозда чиқдим.
—    Йўлда бирон ёққа кирмадингизми?
— Йўқ, — деб бошини сараклатди Сабриддин аёлига. — Автобусга чиқдиму, уйга келавердим.
— Одам кўпмиди? — сўради Баҳор.
— Йўқ, аввалига кўп эмас эди. Икки-уч бекат ўтгач, йўловчи кўпайди.
— Ўтириб олмабсиз-да, дадаси?..
— Бўш ўриндиқ бўлмаса, оёқ остига ўтирмайман-ку, онаси, — деди Сабриддин ўпкалаб.
—    Тугмангиз тақилганмиди? — сўради Баҳор.
—    Тақил…ган… билмадим, эсимда йўқ.
—    Тақмагансиз, — деб дадасига “кўмаклашди” Бобур.
— Аввалига тақилган эди, — ёдига тушиб деди Сабриддин. — Йўловчи кўпайгач, исиб кетдим шекилли, палтонинг тугмаларини бўшатдим.
— Костюмникини ечмагандирсиз?
— Ечмадим, ечмадим. Лекин ички чўнтакда, қўлтиқнинг остида пул борлигини қайдан билдийкин, аблаҳ?!
— Дўмпайиб турган, шундан билиб, таваккал қилган-да, қирилгур!
Сабриддиннинг чиройи очилди.
— Топдинг, таваккал қилган. Таваккал қилмаса, костюмнинг ички чўнтагини қирқиб, пул ўмаришни унча-мунча одам эплолмайди!..
— Шартта қўлини тиққану, лезва билан қирққан, тамом!
Бобурнинг ваҳимасидан Мастуранинг эсхонаси чиқиб кетди.
— Қурибгина кетсин-а, эпламай!.. Хайрият, биқинингизни тилиб юбормабди!..
—    Баданимга тегса сезардим-а!
—    Э, нафасингизни ел учирсин!
— Ўша тирбанд автобусда, қўйнимга қўл суқиб, чўнтагимни кесибдими — эплагани-да!.. Илло, қойилман!
— Нимага қойилсиз?! — Бурнини жийириб савол қотди Мастура, энсаси қотиб.
— Палтони остидаги костюмнинг ички чўнтагидан эплаб олдими, қойил-да!
— Сизга қолса, бориб қўлини сиқиб, табриклаб ҳам келасиз!..
— Топсам-ку, ўзим биламан-а, қандай табриклашни!.. — У шундай деб бирдан жим бўлди, сўнг ўзича минғирлади: — Ёки палтонинг этаги…
— Палтонинг пул турган томондаги этаги очилиб қолган, ўғри шундан фойдаланган.
Сабриддин қизининг топқирлигига тан берди.
— Тўғри, Баҳор, бир пайт ўгирилсам, палтонинг чап этаги икки киши орасида қисилиб қопти, базўр тортиб, суғуриб олдим.
— Сиз палтонинг этагини суғуриб олгунча ўғри пулингизни суғуриб олган, ишини битириб улгурган!
— Костюмнинг тугмасини ечмасдан-а?!
— Ечиб зарилми?! Сизни чалғитса бас-да, улар!..
— “Улар” дейсанми?!
— Киссавурлар ёлғиз юрмайди, дада. Тўда-тўда бўлиб юради. Камида икки-учталаб, бешталаб юради.
— Бешталаб?! — Шундай деб Мастуранинг кўзи чарақлаб, ола-куласи чиқиб кетди. — Яхшиям сезмаганингиз, дадаси! Тағин тўртта-бешта киссавур билан ёқалашиб, вой, бир худо асрабди-я!.. Бош-кўзингиздан садақа-я, ўша маошингиз!..
Сабриддин ичакузди латифа тинглаган одамдай очилиб кулди.
— Шу маошга беш киши овора бўлгани кулгили!..
— Бешта — ҳали ҳаммаси эмас, улар ҳам ўмарганидан чўтал чўзади.
— Маошнинг ўзи чўталча чиқмайди-ю, нимасини бўлишади? — Энди Сабриддин тақдирга тан берибгина қолмай, кўнглига мутойиба ҳам сиғаётган эди. — Чўнтак қирққанига тузукроқ тегар, ўлдими! Бўлишай деса урвоғ ҳам бўлмас!..
— Бола-чақамизга урвоқ бўлмайди-ку, чўнтаккесарга юқармиди?!
— Ў, бечора бадбахт!.. Шу-унча юрак ютиб, таваккалига сездирмай-нетмай чўнтак кесиб, менинг маошимдан барака топармиди!.
— Рўзғор, ош-нон дегандай.
— Маош ўғрига ош-нон бўлармиди. Маош рўзғорга, қора қозонга мўлжаллангани учун ҳам ма-ош, мен эса ҳардамхаёллик қилиб, кисавурга ма, ош қип кепман…
— Куласиз-а, дадаси, — ўзи ҳам кулимсираб деди Мастура боягиндан анчагина юмшаб. — “Тавба” денг, жонингиз омон қолганига шукр қилинг. Фақат уйдаги ўғриларингиз нима қилади, энди?..
— Сабр қилади, онаси. Ҳадемай яна маош беришади, ма, ош…