Шаҳодат Улуғ. Ада де Браун (ҳикоя)

(“Эмилига мактублар” туркумидан)

Эмили, афғонингизмиди бу?
Дардчил фиғон тутиб кетди бу тумонат дунёни, сўнг муттасил оқдилар оҳингиз булутларда.
Қайғунгизга шерикман.
Бардам бўлинг, азизам!
Энди бошқа чақмоқ чақмасин, қўшилиб ёнманг сиз қасирғаларда…
Билсангиз, мен ҳам худди сиз каби Аданинг суратига кўз тика-тика, номангизга жавоб битаётирман.
Ёза-ёза маржондай ситилиб кетяпман, чунки муттасил ўйлар ичимни тўкиб ташлади.
“Роттердамда, кейинги ҳафта кўришайлик”, дебсиз. Яқинда Люксембургдан қайтдик. Ҳадеб у ёқ-бу ёққа кетаверсам, иш қолиб кетмайдими, дугонам?!
“Шаҳодат, аслида Адани менга сиз таништиргандингиз! Қаранг, унинг суқротона суҳбатига сомеъ тушибман-у, бироқ шахсий ҳаётига ҳеч қизиқмабман. Бу ёғини асти сўраманг! Бошимдан ҳушим учиб, бошқача бўлиб қолдим! Бахти қаро дугонамиз Ада дунёни бу қадар тез тарк этади, дея ўйламагандим. Нима қилай, чидай олмай сизга ёзяпман; туфроққа қорила-қорила Ада ҳам қаро ернинг тубига тушди. Қабристондагилар энди ўликлар, бироқ марҳумлардан қолган хотиралар барибир ҳамон тирик. Нима қилсам экан? Ўксиётган кўнглимга таскин бўлармикан, дейман-да. Унинг ҳақида билганларингизни менга сўзлаб бермайсизми, азизам”, дея ёзибсиз.
Майли, Ада де Браун ҳақида бор билганларимни сизга айтиб берай, гиргиттон!
Ҳаёт, фақат кулфат кули сепилган шудгормас, асло. Ёки хушбўй гулғунчага тўлиқ гулистон ҳам эмас-да. Ҳаёт — одам боласига берилган катта бир имкон. Уни қандай яшаб ўтиш одамнинг ўзига боғлиқ. Биз дунёни булғаб эмас, уни тоза тутиб, эркин яшагани келганмиз. Бизга қасдлашганларга асло пастлашмаймиз!
Тун тезроқ чекилса эди, рўшноликка осонроқ етишармидик шунда, дея кўпам куннинг дийдорига ошиқавермайлик. Қаро тунда, тўпланган дилсиёҳ хаёлларни маҳкам йўргаклаб қўяйлик.
Бу ўткинчи дунёсида жонни ҳалак этмайлик бошқа.
Дунёмизни қутқарайлик, жамики чиркинликдан, асло бевақт кесилмасин ларзон-ларзон нафасимиз.
Узилмасин қилдан-да бу ингичка жонимиз.
Нобуд бўлган кўсакдай, навбаҳорида кузак кўрпасига ёпиниб, сўлиб-сарғайганлар озмунчамиди, айтинг! Уни ҳам нарига сурайлик, деймиз-у, бироқ ҳали баҳорини яшамай туриб, зимистоннинг алангали ўчоғига тушган Аданинг қисмати эсимга тушавериб, юрагим ўртаниб кетади. Барибир шунда ҳам вақтни шоширма, кўпам ошиқма, тин ол, дея овунтирамиз ўзни. Нима қилайлик бошқа? Сўнг аста-аста умид туғиларкан, фақат бунинг ўзи камлиқ қиларкан озурда кўнглимизга. Кўксимизда бонг уриб турган Юракни авайлайлик! Ва ўзни шайтон шевасидан узоқ тутайлик. Этак қоқайлик! Ёниқ шамни пана-пастқам, чиркин ерга ташлаб қўймайлик. Нурдан баҳра олайлик.
Гузарон эканмиз! Зотан шундай экан, виждонимизга асло қарши бормайлик! Эшитяпсизми, азиз дугонам!

* * *

Эмили, сизга айтар бўлсам, Ада ўз ҳудудини қўрий олган, тийнати тоза, кўп маҳкам аёл эди. Тағин бир нимани эслатсам; буни мендан кўра сиз яхшироқ биласиз, зотан. Йўлга чиққан одам тобланаркан, балатиндай мустаҳкам бўларкан! Ада кўзга яқин, кўҳлик бўлса-да, бироқ заррача мастоналик йўқ эди унда. Бўлмаса эри ўлганида атиги ўттиз тўртга кирганмасмиди! Ёсуман атридан сепиб, ўзини тарозига солмади. Бозорга ташлаб, малак сиймосини кўз-кўз қилмади.
Анави гармселли, жазира кунлар осуда иқлимни безор қилмасинлар! Булғамасинлар! Сокин тонгнинг муздек ҳовури кетгач, жазира жазиллаб қоларкан. Бироқ вақтнинг салқин шамоли етиб келади. Бу ҳаётда ҳар кимса ўз тийнатида яшайди. Покиза тийнатида яшайди, шундай бўлса-да, мукаммал руҳимиз қаршисида номукаммалмиз!
Биз мусофирчиликда, буткул ёт одамлар орасида гузарон эканмиз, бир кун тақдир мени Ада де Браунга рўбарў қилди.
Ўша куни кетаётсам, рўпарамда кучук етаклаб келаётган бир ойимтилла кўринди. Итини айтаман, тап тортмай худди устимга бостириб келаётгандай. Шошдим-қолдим. Мундоқ қарасам, иқболимга нарида ёғоч ўриндиқ турибди денг, бора-сола ўтириб олдим. Ойимча ёнимдан ўтаётган чоғ, “итингиз жуда ҳушёр экан”, дедим. Бироқ у гапимни киноя деб тушундими, ҳар тугул ўпкаланган оҳангда “ақлли қилиб тарбиялаганман-да”, дея ўтиб кетди. Худди шу пайт бир аёл йўлни кесиб ўтди-ю, келиб ёнимга ўтирди. У билан саломлашдим. Бир қўлида сумка, бошқасида эса уч торли чолғуси бор эди унинг. Кейинчалик уйига ҳар борганимда у ўша чолғуда куй чалиб берадиган бўлди. Қандай ажойиб эди-я! Бир борганимда Ада “Тунгги бедорлик”ни чалди, ўша афғон ҳалиям қулоқларим остида янграгани-янграган.
Хуллас, ўриндиқда ўтирарканмиз, икков бир пасда танишиб олдик. Мен чолғуга ишора қилиб:
— Бирор нима чалиб бермайсизми, — дедим.
— Бажонидил, бироқ бу ердамас, уйимга борганингизда, — деди у.
Шундан сўнг бир-биримизникига борди-келди қиладиган бўлдик. Мен унга раҳнамом-эрим, болаларим ҳамда туғилиб ўсган Ватаним, туғишганларим ҳақида гапириб бердим. Ада кўнгил етар меҳрибонимга айланди.
Одам боласи қаерда бўлмасин, ёлғизланиб қолмаскан, унга мусофир юртда кўнгил етар бир меҳрибон топиларкан. Йўқса, у кимсасиз, кўнгли сағир қолиб кетмасмиди? Ўша куни у ҳам ўзининг ҳаёти ҳақида менга сўзлаб берди.
Ада тиббиёт олийгоҳини тугатиб, болалар дўхтири бўлиб ишлаган экан. Эрини у “Олижанобим-Томасим”, дея хотирларди мудом.
Унинг касби адвокат экан. Иттифоқо, Шеффилддаги бир компания Томасни ишга таклиф этади. Шундан сўнг келин-куёв Британияга кўчиб кетишади ва тўққиз йил ўша Шеффилдда яшашади. Аммо бахтларига бад назар тегадими, ҳар тугул Томас ўз жонига қасд қилади.
Томаснинг худкуш заволидан сўнг Аданинг ўзига келиши осон кечмади. Аттанг!
Шўри қуриб бошқа бировга кўнгил бермади у. Шундай, шўри қуриб бошқага кўнгил қўёлмади сира!
— Ким билсин, менинг Томасим ўзига азоб бераётган миясидаги адоқсиз ўйлардан қутилиш учун жонига қасд қилмадимикан, дея кўп ўйланаман. Ўйланавераман. Чунки Томаснинг отаси ва тағин бир опаси ҳам ўз жонига қасд қилиб, эрта завол топгандилар, афсус. Бироқ берган саволимга ҳеч жавоб тополмайман. Наҳотки менинг шўрлик Томасим ўзига оғриқ бераётган азобдан қутилиш чорасини тополмай, ўлимни танлаган бўлса! Наҳот, у худди отаси-ю опасидай ожиз бўлиб қолди… Оҳ, Шаҳодат! Нимасини айтай! Менинг олижанобим Томас, бир пайтлар томирларида шижоат тошиб қайнаган ўт эди, олов эди. Мен уни жондан ортиқ севгандим. Аслида уни ҳозир ҳам севаман, — дея ўзини отиб йиғлади…
Ишқ!
Ҳамиша кўнгилнинг меҳмони — Ишқ,
Дилнинг ҳукмрони — Ишқ!
Не кўйларга солмайди у одам боласин!
Боқсам, Ада қоқигулдай титилиб кетди…
Бахти қаро дугонам кўз ўнгимда мунчоқдай ситилиб кетди…

* * *

Ўша куни аёзли эди. Ранги қувдай ўчган Аданинг ёнига бордим. У мақсадсиз уйидан чиқиб, ўтирганди дафна тубида.
Ҳолига боқиб, жуда ачиниб кетдим. “Ўзингизга қарамай қўйибсиз”, десам ранжиб қолмасин, дея индамадим. Нима қилишни билмай бошим қотиб:
-Ада, нима қилиб ўтирибсиз?-сўрадим ниҳоят ундан.
-Ўтирмасдан нима қилардим? Ё, югурмасам, вақт ташлаб кетармиди мени? Юрсам-чи! Ёки шунчаки турсам-чи, дунё мендан юз ўгирармиди? Мен муcтар қолиб кетаманми шунда?- деса бўладими! Унга тикила-тикила, тилим кесилиб, мум тишлаб қолдим ўшанда.
У тағин гапида давом этди:
— Ёмон ўй тутди мени, бироқ жин урсин буларнинг барини, баъзан юравериш ҳам жонга тегади! Ўтираверишдан эса чарчаб кетасан, -деди у ниҳоят овозига бироз майинлик қўшиб.
Ада кўзимга хаёллари тўзғиган, ҳоли эса паришон кўринди. Унга боқа-боқа ўйланиб қолдим. Ҳозир кўнглида нималар кечаётган бўлса? Билмасдим. Чунки, агар ўзи айтмаса, ундан ҳеч нарсани сўрамасдим.
— Юринг, уйга кетайлик, — дедим.
— Бизникига бора қолсак-чи, — дея уйига таклиф қилди мени.
— Майлингиз.
Verbondskerk ёнидан ўтиб, чапга қайрилдик. Бир пайт ресторан-кафенинг биқинида Аданинг таниши бўлган Карин уч-тўртта шериги билан вайсаб турганига кўзимиз тушди.
Карин жизғанаги чиқиб, Сарага сачради, сўнг тўполон кўтариб, шаллақиликка ўтди.
Ада тисарилди ва бирдан кўзларидан учқун чақнади. Мен унинг тирсагидан тортдим.
Биз индамай ўтиб кетдик.
Йўлда кетаётиб Ада мендан сўради:
— Шаҳодат, сизнинг Ўзбекистондаям шундай тупроғи енгиллар борми? Бизда бўлса тупроғи енгилиям, шаллақисиям, гиж-гижловчи шайтониям тўлиб ётипти, кўрдингиз…
Бирдан шарақлаб кулиб юбордим.
— Нега куляпсиз? — дейди у менга қараб.
“Тупроғи енгиллар” деганингизга кулгим келди. Ундайлар бизда ҳам бижиб ётипти. Лекигин, айнави иборайиз бизда ҳам бор. Жуда жонли ибора ҳамда топиб айтилган…
— Ҳа, ҳа! Шу денг, ўтган ҳафта Hoofddorpда, касалхонада анализ топшириб чиқаётсам, боя кўрганимиз Карин дугонаси Ҳилде билан турган экан. “Сара яхши юрибдими?” сўрайди мендан. Сара менга қўшнимасми, “ҳа”, дедим.
Карин бўлса: “Ҳеч йўлимдан чиқмаяпти, унга бир-икки оғиз ширин гапим бор эди… Ҳали қараб турсин, ўйиб оламан”, дейди.
— Қўй, Сара билан чиқишмай қолган бўлсанг, бўлиб туради. Чиқишадиган дугоналаринг бор-ку, ўзингга ўхшаган. Сидирим юрсанг-чи!
— Нега экан? — дейди иршайиб.
— Хўп, ўзинг тезоб хотинсан, Сара эса босиқ аёл. Ўзингнинг тупроғинг енгил бўлса, ростини айтганимга тутама лекин. Хўп майли, Сарани гап билан ўйиб олдинг ҳам, дейлик. Нима ўзгаради? Сен — сенсан, Сара эса — Сара-да, — дедим.
— Бўш келма унга, — дейди ёнидаги дугонаси. — Бопла, пачағини чиқар, — дейди гиж-гижлаб.
— Топишибсизлар. Сизларга халақит бермайин, — дедим-да, бурилиб кетдим.
Кўрмайсизми, Шаҳодат, ҳодисани Карин бугунга режалаштирган экан…. Кўчага чиқволиб, дод-вой солганига юмалаб қоласан.
— Ўзи баъзилар шунақа экан, ғавғо чиқаргиси келиб туракан. Покдомонни бадном қилиш, дегани бу!
— Ҳофддорпда учратганимда ўзимам айтгандим-ов! Фитна қўзиб, жанжал чиқариши тайин эди. Товба, товба! Ҳа, сенинг тупроғинг енгил бўлса, чангиб юрсанг мудом. Ўзингга боқсанг-чи. Нега нуқул покдомонни булғашни истайсан, десангиз, қутуради. Фобия, невроз!
— Бир матал эсимга тушди, — дедим Адага қараб. — Ҳозир уни айтиб бераман! Сиз айтмоқчи тупроғи енгилнинг мудом чанги чиқиб ётаркан. Ҳадеб менинг ерим чангийверадими, боғнинг ҳам, ҳеч йўқ, шивири чиқсин-да, дея аввал муштини кўрсатиб, маломат тошин отибди. Боғ унга парво қилмай, гаплашмай, индамай қўйибди. Кўзлари сузик шайтон буни сезиб, шамолга шипшиб, фитна қўзғаш учун унинг қўли билан шона-тароқда ҳодиса қўзғабди. Шундай қилиб, палаги тоза Боғга қарши учлик сулҳи тузилибди. Можаро чиқариш учун фитна қўзғаб турадиган ўшалар экан аслида… Вақти-вақти билан тўзон кўтариларкан. Бу шунчаки шайтоний фитна эканини ҳамма билиб тураркан. Ажабо! Ким кўп қилса зўрликни, қаттиқ тортар хўрликни.
— Шаҳодат, узр лекин, оғзингиздан гапингизни олдим. Айтмасам эсимдан чиқиб кетади-да. Ҳозир эшитганимни менга янаям тушунтириброқ айтмайсизми, — дейди у.
Ким кўп қилса зўрликни, қаттиқ тортар хўрликни.
Мен Нидерланд тилида ҳижжалаб тушунтирдим.
— Шайтон, Ҳийла ва Макр вақти-вақти билан Ҳаловатга фитна уюштираркан. Инсоннинг покиза шаънини булғаш учун сулҳ бекорга тузилмайди, ахир. Бекорга “Ҳай, баракалла”, дейилмайди.
Мен буни кўриб, ёмон топишибсизлар-эй, дея шарақлаб кулиб юбордим.
— Мен сизга айтсам, Ада, менинг меним менига буйруқ берганида, ўзим ўзининг ўрнини билади. Бундай чоғларда менинг меним ўзини бошқача яхши кўради. Пинак бузмай, сўз қотмай, индамай кетади….
— Менга қаранг, Шаҳодат, шу десайиз, сўрайман дейман, кейин бошқа гапга нуқул чалғиб кетаман. Сиз мабодо тайёргарликдан ўтмаганмисиз? Ўзингизни аяйсиз. Ҳар кўчага бош суқмайсиз! Тош отишса, индамай кетасиз! Мабодо тайёргарликдан ўтмаганмисиз?
— Бу нима деганингиз? — ажабланиб қарадим унга.
— Вилдани биласиз-ку, унинг эри нозик жойда ишлайди, буни сизга айтганман. Одатда нозик жойда ишловчиларнинг оиласи, ҳатто фарзандлариям махсус тайёрланадилар, Вилда ана шундай тайёргарликдан неча бор ўтган. Мабодо сиз ҳам шундай тайёргарликдан ўтмаганмисиз, дейман-да…
— Қўйсангиз-чи, Ада!
— Шуни айтаман-да… Бироқ шундай тиниқ фикрлайсиз-ки! Одам боласини бадном этиш учун шайтон васвасасига йўлиққанлар нега ва қай шаклда фитналар уюштириб, тошлар отишганида, ҳечам пинак бузмайсиз! Бироқ ёмонам анализ қилиб қўясиз-эй! Қоқиб ташлайсиз. Адашмайсиз, ҳайратланаман… Ё махсус курсларда ўқиганмисиз? Шундай курслар бор лекигин!
— Э-э! Қўйинг-эй! — деганча уни қучоқлаб, шарақлаб кулиб юбордим. — Худодан қолмайлик, Худодан!

* * *

Адани кўргани шифохонага ўтдим.
— Кийим кийилмасдан жавонда қолиб кетмасин сира. Бироқ, ортиқча кийим юк бўлармиди ҳеч, дея асраб қўямиз, асқотади, деймиз-да. Янги кийимларсиз йилларинг кечарку-я, аммо емаксиз бир кунинг ўтармиди ҳеч? Сиз ёмғирда ҳам рақс туша оласиз! Ва ҳаттоки кези келса, сукунатни синдириб, ўкириб йиғлаб юборасиз! Нега одамнинг истаги бошқа-ю, бироқ у инон-ихтиёрига зид, банди жисмини судраб юргани-юрган?!
— Ўзи истагандай яшаса бўлмайдими? — дейман ўйланиб.
— Менам шуни айтаман. Инсонмиз-да, ўйга толамиз нуқул! — Ада сўзлай-сўзлай шифохона шифтига тикилиб қолди.
— Ҳаётни қийинлаштирмайлик, — дедим мен унга қараб. — Яшаса бўлади, қийналмай яшай десангиз, виждонингизга қарши бормайсиз-да, Ада! Хўрликларга бериб қўймайсиз ўзни. Ҳатто бутун дунё сизга қарши оёққа турсаям, — дедим. — Буни сизга айтишнинг ҳеч ҳожати йўқ, аслида. Масалан, сиз ўз кўнглингизга, виждонингизга қарши бормадингиз-ку! -Унинг бармоғида товланиб турган никоҳ узугига ишора қилдим. — Содиқ қолдингиз-ку! Ана, кўчада тиқилиб ётипти… шайтонга қуллар. Бўлмаса шуларнинг оиласи, улғайган болалари бор! — дедим куюниб.
У индамай қолди. Шунда мен яна сўзландим:
— Бир танишим бор, бу ёғини айтсам. Баъзи одамларнинг кўзини қуйдириб, рақс тушиб яшайман, дейди. Эшитяпсизми, Ада? Мен унинг бахтини ҳеч тушунолмайман. Одам боласи қандай қилиб бировларга қасдма-қасд яшайди-а? Ўзини банди қилиб… Йўқ, Ада, менга айтинг сиз! Қандай қилиб бир одам бошқасига қасдлашиб яшай олади. Ахир у бировга душманлик қилиб, озод бўлолмайди-ку! Қасдлашганлар шу тариқа пастлашадилар! Ҳа, индамай кетовур! Шунинг учун улар ҳеч эркин юролмайдилар. Бундайларни кўп кўрдим. Ер ҳаммага етарли-ку! Мазза қилиб яшасанг-чи, ҳаётнинг неъматларидан баҳра оли-иб!
Ада бир нима демоқчи бўлиб, қўлларини азот кўтарди. Кейин пешонамга унинг овози урилди:
— “Нур зулматда порлайди, Зулмат эса нурни қоплай олмагай.” – деди ҳаяжони зўридан.
Бу ”Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабар” эди. Мен бу инжилий оятни йиллар муқаддам дугонам Моникадан эшитгандим.
Шундан сўнг Ада менга Инжилдан “Янги Аҳд”ни ёдаки айта бошлади… Димоғи чоғ Ада узра эса оппоқ булутлар сузиб юрарди…
Шу дам менинг ҳам тилимдан Муқаддас Калом ояти учди:
“У туғмаган ва туғилмагандир!” (Ихлос сураси, 3-оят.)

* * *

Эмили, инсон баъзида худди эртанги куннинг тезроқ келишини кутиб яшаётганга ўхшайди. Бироқ, эртага қадар инсон яшаши керак-ку! Баъзида сукутингиз сиздаги сабрни синдириб, йўлга отланади. Шунда кўрасизки, ой ҳам, қуёш ҳам, тун ҳам, кун ҳам галма-гал келаверишин.
Ўткинчи умрнинг бир ёниқ парчасин узиб-тортқилаб, қуёш ҳам чўкяпти… Буни англамай қолганимизни кўринг, Аданинг ўлими эса буни бизга уқдириб кетгандай худди.
Эмили, мени эшитяпсизми? Аданинг уйғоқ қалби бор эди. Буни илк бор у менга “Тунги бедорлик”ни ижро этганида англаганман. У сизга кўзларини тика-тика, қалбингиз тубидаги силсилани англай оларди. Суҳбатлашаётиб, кўнглингиз чигилини ёзарди. Шундан сўнг одам бирдан руҳан енгил тортиб, қалбдаги бор ғуборлари тарқаб кетарди.
Кеча унинг синглиси билан кўришдим. Вилдани назарда тутяпман, верандада ўтириб опасининг суратларига боқа-боқа, ҳўнграб юборса бўладими! Йиғлайверганидан ёқалари ҳўл бўлиб кетди шўрликнинг. Қани энди, сиз ёрдамга келсангиз эди шу он! Юрагим ўртанди. Нима қилсам экан-а, сира дош беролмадим. Далда бўлмоққа бир сўз тополмадим. Кейин Вилдага қўшилиб мен ҳам йиғладим.
Бир пайт Вилда кўзларини артиб, ўрнидан турди ва жовонда турган икки қутини олиб келди-да:
— Узукларнинг бири Томасники, иккинчи эса опамники, — деди.
Ада ўлимидан олдин бармоғидаги узукни ечиб, Вилдага тутган экан.
“Буни Томас менга таққанди. Уни сенга бериб кетаман. Мени қачон соғинсанг, силаб қўярсан ва шунда таксин топасан», деганмиш.
Кейин бошқасини тутиб айтганмишки, “Томасники эди бу. Уни укаси Якобга бериб қўйсанг».
— Суриштирсам, Якоб беш йилдан буён Австрияда яшаётганмиш. Акасининг омонатини унга бермагунимча, ҳеч тинчимайман, — деди Вилда ёшли кўзларини менга қадаб. – Опам ўзига берилган неъматдан баҳоли қудрат татиб, ҳаётини яшаб ўтди. Ошиғи унга чиндан ортиқча эди.
Мен иккала узукдан кўзларимни узмай, қараб қолдим.

* * *

Уйга келсам, сиздан менга хат келибди. Эмили, эшитяпсизми, худди шу тоб, шу сонияда Ада бир нима демоқчи бўлиб, қўлларини азот кўтарди, сўнг пешонамга шўрликнинг овози урилди:
“Нур зулматда порлайди, Зулмат эса нурни қоплай олмагай.”
Димоғи чоғ Ада узра эса оппоқ булутлар сузиб юрарди…
Менинг эса тилимдан Муқаддас Калом ояти учди:
“У туғмаган ва туғилмагандир!”
Эмили, кайфиятим сабаб сизга бошқа ёзолмайман. Кўришгунча, азизам!

7 июн, 2024 йил.