Холиёр Сафаров. Она видоси (ҳикоя)

1

Назир ака колхозда сувчи бўлиб ишларди. Пахта терими тугагач, ҳар куни қўшнилар билан ҳашар қилишиб, уйма-уй ғўзапоя чиқаришар ва ҳовлининг бир чеккасига ғарам қилиб босишарди. Бугун ҳам ҳашарда эди.
Шомда уйга қайтди. Юзида қон йўқ. Одатда, ишдан кела солиб, уйга кирар кирмас овқат сўрайдиган, ичи танг, бақироқ эрини бу аҳволда кўриб, Муаззам холанинг юраги шув этди.
— Отаси, сизга нима бўлди?
Остонада руҳсиз бир ҳолатда туриб қолган Назир ака маҳзунлик билан чўнтагидан чақалоқнинг кафтидек келадиган иккита қоғоз чиқарди.
— Онаси… бу лаънати чақирув охири менгаям келди.
— Вой, ўлмасам… — узун, қалин сочларини иккита қилиб ўриб юрадиган барваста Муаззам холанинг оёқ-қўлига титроқ кирди. — Энди нима қиламиз? Бу қандай кўргулик бўлди-я?
— Мен-ку майли, Пўлатниям ёзишибди…
— Нима? – ўғлининг исмини эшитган онанинг ҳуши бошидан учди. Кўз олдини қоронғулик қоплади. Деворга суяниб қолди. Бирданига ҳам эри, ҳам ўғли кетса-я… Бу ерда рўзғор, тирикчилик нима бўлади? Пўлатга қиз унаштириб қўйган эди-ку?! Ё, худойим…
— Мен-ку бу синовга тайёрман! Қачондир шу кун келишини билардим, аммо Пўлат… — Назир ака ғилт этиб ютинди. — Болаларимни кўзим қиймайди. Уларнинг гуноҳи нима?
— Синов дейсиз, бу синови шўримизга битган экан.
— Бу уруш кундан кунга авж олиб кетяпти. Қўлига қурол оладиган борки, ҳаммани тортиб кетяпти. Мен ҳатто Камол билан Жамшиддан ҳам хавотирланиб қолдим…
Ўчоқ айвонда чой қайнатаётган кенжа ўғил Жамшид уларнинг сўзини эшитиб, онасининг ёнига келди.
— Нега йиғлаяпсиз, ойи?
Муаззам хола кенжасини бағрига босди-да, баттар ўкириб юборди.
— Шўримиз қуриди, болам. Шўримиз қуриди-и… Отанг билан Пўлат аканг урушга кетяпти…
Ўсмир йигитнинг бадани музлаб кетди…

2

1942 йил баҳори. Дарвоза тақилласа, «Эримдан хат келдимикан, ўғлимдан хабар келдимикан», деб югуриб чиқадиган Муаззам хола эшик ортидаги ҳарбийни ва унинг машинасини кўрди-ю, бақа бўлиб қолди.
— Мени кечиринг, — деди ҳарбий мулойимлик билан. Сўнг чўнтагидан икки энлик қоғоз чиқарди.
— Бу нима? – Муаззам хола шундай деди-ю, аммо аслида унинг нималигини билгани учун титраб кетди.
— Камол Фахриддинов сизнинг ўғлингизми?
Она жавоб ўрнига ожизгина бош ирғади.
— Ватан хавф остида! – Ҳарбий қатъийлашди. — Ҳамма куч урушга сафарбар қилинган! Эртага мен ҳам ўғлингиз билан бирга ватан ҳимоясига кетаман! Бизни ватан озодлиги кутмоқда! Бу шарафли бурчимизни адо этамиз!
— Ватан ҳам бор бўлсин… – Муаззам хола рўмолининг учини лабига босганича ҳиқиллаб йиғлаб юборди. – Бурч ҳам ўлсин! Бу қандай кўргулик бўлди? Эрим урушга кетди. Катта ўғлим кетди. Ҳар куни уларнинг йўлига кўз тикаман. На хат бор, на хабар! Энди бу боламни сўраб турибсизлар! Менинг қаровчим шу! Уни жўнатолмайман!
— Нима?! – ҳарбийнинг лаблари гезариб, турқи ўзгарди.- Ватан ҳимояси муқаддас бурчимиз! Кимки бундан бўйин товласа, Ватан хоини ҳисобланади! Нақд пешанасидан отилади! Ўғлинг қани? Тез чақир!
Муаззам хола бошини ушлаб олди.
— Сенга айтаяпман, ўғлинг қаерда?!
Муаззам хола титраб кетди.
— Жон, болам. Сенинг ҳам онанг бордир… — деди ялинчоқ товушда.
Камол ҳовли четидан, ўтин ғарами ёнидан ҳожатхона ковлаётган эди. Онасига бақираётган ҳарбийнинг овозини эшитиб, чиқиб келди. Унинг уст-боши чанг, тупроқ бўлиб ётган эди.
— Камол сенми? – сўради ҳарбий.
— Ҳа.
— Нима, яшириниб ўтирибсанми?
— Йўқ.
— Унда тез бўл, мен билан кетасан!
— Йўқ, уни олиб кетманглар, — ялина бошлади она. – Боқувчим, бошимдаги қорам шу!
— Нималар деётганингни ўзинг тушуняпсанми? – ҳарбий Муаззам холани жеркиб ташлади. – Ҳозироқ мен билан кетади. Тез бўл, одимга туш.
— Йўқ! – она ҳарбийнинг йўлини тўсди. – Боламни бермайман! Отаси урушда, акаси урушда!
Ҳарбий ҳуштагини чалганди, у миниб келган машинадан яна иккита зобит тушди ва кела солиб, Камолнинг қўлларининг қайириб, машинага босишди.
— Тўхтанглар! – йиғлаб юборди она. – Ҳеч бўлмаса, боламнинг кийимларини берай!
— Ҳеч нарсанг керак эмас! Овозингни ўчир, бўлди! Унутма, ҳамма нарса фронт учун!
Барчаси кўз очиб юмгунча содир бўлди. Машина юриб кетди. Муаззам хола эса ўғлини олиб кетганлар изидан бўзлаб қолаверди.
— Ойи?
Муаззам хола бошини кўтариб қаради ва қаршисида кенжа ўғлини кўриб, баттар хўрлиги келди.
— Оҳ, болам-а?! – шундай дея Жамшидни қучоқлаб олди. – Акаларинг билан айни ўйнаб-куладиган даврингда маъюсгина туришингни қара-я, болам-а. Замонига ўт тушди. Сен билан мени куйдирди, болам. Куйдирди… Акангни машинага босиб олиб кетди.
— Ойи… — Жамшид онасининг намли кўзларига боқди. – Кеча Абдураим оқсоқолнинг ўғлиниям шундай машинага босиб олиб кетган экан. Улар худодан қўрқишмайди…
— Уч ўғил туғдим деб теримга сиғмасдим. Мен сизларни уруш учун туққан эканман, болам… Уруш учун туққан эканман…
Отаси, акаларининг соғинчи юрагини ўртаб ётган Жамшид онасини қандай овутишни билмасди.

3

Муаззам холанинг икки кўзи эшикда бўлиб қолди. Дарвоза тиқ этса, «болаларимдан хат келдимикан ё отаси мужда юбордимикан», деб югуриб чиқади. Қаёқда, дарвозадан егулик излаб ҳориган, терисига қўтир тушган Олапар кириб келади. Ғингшиб, соҳибасининг оёқларига суйкалади.
— Тавбангдан кетай, итнинг қорни тўймайдиган замон бўлди…
Муаззам хола ўзига-ўзи гапириб, остона ҳатлаб ташқарига чиқади. Атрофга боқади. Қўшни ҳовлидан гўдакнинг чирқираб йиғлагани, онанинг зор қақшагани эшитилади.
— Йиғлама болам, йиғлама, бу йиғлаганларингни урушдагилар билама? Боши омон бўлса, бир куни отанг деразадан тушган нурдай уйимизни тўлдириб кириб келади. Ана шунда бу йиғлаганларинг эсингдан чиқади, болам. Насиб бўлса, шу кунлар келади…
Муаззам холанинг юраги зирқ этди. Бу овоз, бу нола гўёки қўшни уйдан эмас, барча оналарнинг қалбидан отилиб чиқаётгандек эди. У ҳам шундай умидланади: бир куни ота-болалар бошлашиб кириб келади, уларнинг уйи яна нурга тўлади. Эри яна азондан носини отиб, чорпояда пайтава ўраб, иш кўплигини айтиб, уларга бақиришни бошлайди.
— Бақирсаям, нос отсаям гўрга эди… — Муаззам холани соғинч ўртади. – Ўғиллари билан уйда бўлса майли эди. Болаларим ёнимда бўлса қанийди…
Кўчадан қора кийган жувон бола етаклаб ўтди. Маҳзун, умидсиз… Етаклаб олган қизчаси ҳам тушкун. Она-боланинг юзига ғам соя солган.
— Бечора Насиба… Эри билан бир йил ҳам яшамай, Воҳиджонни урушга кузатган эди. Яқинда қорахат келди…
Муаззам хола маҳзун бўлиб қолди. Шу пайт кўча бошидан чўлоқ бригадир кўринди.
— Эртадан ҳамма чопиққа чиқсин! Бу ҳам бир фронт! Колхозимизнинг ҳамма йигитлари, эркаклари урушда Ватан учун жон бераётганда бизнинг қараб ўтиришга ҳақимиз йўқ! Пахта бойлигимиз! Уни ўз вақтида етиштириб, ҳосилни завод-фабрикаларга жўнатишимиз керак! Сиз етиштирган пахта урушда қон кечиб юрган турмуш ўртоғингиз, фарзандингиз учун иссиқ кийим-кечак бўлади!
— Эркак бўлмай ўл! – Аввалига Муаззам холанинг хаёлидан шу фикр ўтди. Сўнгра унга-да ачинди. — Соғ бўлса буям кетарди…
Шу пайт кўчанинг нариги томонидаги ҳовлидан бир болакай югуриб чиқди. Изидан «Довчамни бе-ер!» деганча укаси ариллаб йиғлаб келарди. Шундагина Муаззам хола ҳозир баҳор эканлиги ёдига тушгандай табиатга боқди. Дарахтлар ям-яшил, атроф кўм-кўк, аммо бу ҳеч кимга завқ бермасди…
Аёл «Болаларимсиз баҳорни нима қиламан», дегандек дарвозани ёпиб, ичкарига кирди. Бу 1944 йилнинг баҳори эди…
Шом кирганда дарвоза тақиллади. Қўшнилармикин, деган хаёлда эшик очган Муаззам хола остонада турган ҳарбий комиссарни кўрди-ю, бир лаҳзага ўзини йўқотди.
— Жамшид Фахриддинов сизнинг ўғлингизми?
Она нафасини ютгандай ҳарбийга тикилиб қолди. Ранги оқариб кетди.
— Жамшид Фахриддинов сизнинг ўғлингизми? – такрорлади комиссар.
— Менинг эрим, уч болам урушда-ку! – бу сўз қандай оғзидан чиқди, илғамай ҳам қолди.
— Совет армияси енга бошлади. Аммо ғалаба учун урушга яна одам керак!
— Сизга айтаяпман, эрим урушда, болаларим урушда! Уларда на хат бор, на хабар бор! Улар тирикми, ўликми, билмайман! – йиғлаб юборди она. – Яна мендан нима истайсизлар! Ўзим борайми ё?!
— Куч ишлатишга мажбур қилманг! Ҳали борадиган ерим бор. Бўлмаса, машинага босиб олиб кетардим. Яхшиликча, ўғлингиз эрталаб соат олтида шийпонда бўлсин!
Комиссар йигит ҳар бир сўз оналарнинг юрагига наштар бўлиб қадалишини яхши биларди. Мақсадни айтди-ю, изига қайтди.
Муаззам хола дарвозани ёпар экан, ҳиқиллаб йиғлаб юборди.
— Энди нима қиламан?..
У кўз ёшларини кўрсатмаслик учун ҳовли бурчагига, эри уюб кетган ғўзапоя ғарами томонга кетди…
…Эртаси куни чошгоҳда икки нафар ҳарбий Муаззам холанинг уйига бостириб киришди.
— Ўғлингиз қани? – удағайлади каттаси.
— Жамшид Фахриддинов қаерда? Уни қаерга яширдингиз! – сўради иккинчиси.
— Кечаям айтдим-ку, менинг бундай болам йўқ! Ҳаммаси урушда… – йиғлаб юборди она.
— Ёлғон! Сизнинг икки ўғлингиз урушда. Бири уйда!
— Менга қаранг, урушга кетган эрим, болаларим тирикми? Аввал шулардан хабар беринг!– баттар ўқсинди она.
— Тирик!
— Тирик бўлса, нега улардан на хат бор, на хабар бор?!
— Буни биз ҳам билмаймиз! Менинг ҳам ўғлим урушда! – деди каттаси. — Бир йилдан бери хат олганим йўқ! Ўлигиниям, тиригиниям билмайман! Аммо нима қилай? Ҳамма нарса фронт учун! Айтинг, ўғлингиз қаерда?
— Менинг ўғилларим урушда-ку! – йиғлади она. — Мендан яна нима истайсизлар, инсофсизлар! Ана, уйим, ана, ҳовли жойим! Ишонмасанглар, кўринглар!
— Тинтиб чиқамиз! – буюрди каттаси.
Улар уйни, ошхонани, оғилхоналарни, ҳатто ҳожатхонани ҳам кўриб чиқди. Жамшид йўқ.
— Сизларга нима деяпман! – баттар йиғлади она. — Мени куйдирманглар! Эримга, уч боламга куйганим етади! Боринглар, кетинглар! Ундан кўра, эрим билан болаларимдан хабар беринглар!
— Сен совет армиясини алдашга уринма! – ҳарбийларнинг каттаси баттар удағайлади. – Мен йигитларни жўнатиб, қайтиб келаман. Унгача ўғлингни топмасанг, яхшилик кутма!
Ҳарбийлар сочлари оқариб, куюниб, кўп йиғлайверганидан, ғамга ботганидан юзини ажин босиб, этлари тиришиб, қаримсиқ бўлиб, беш кам элликка бормай элакда турмас бўлиб қолган Муаззам холани ғамхона ҳовлисида андуҳга ботириб чиқиб кетишди.
Гарчи ҳарбийлар бошқа бу остонага қадам босишмаган бўлишсалар-да, қўни-қўшнилар, баъзида колхоз бригадири бош суқиб қолар ва Муаззам холанинг ҳовли ичида, ўтин ғарамлари атрофида паришон, телбаваш ҳолатда юрганини кўриб, унинг аҳволига ачинишганича қайтиб кетишарди. Баъзан унга таом чиқаришарди. Ғариб она эса улар келтирган таомга қарамас, мабодо қўлидан олса ҳам кўтариб, ўтин ғарами томонга қараб кета бошларди. Бу эса бошқаларда шубҳа уйғотарди. «Бечора… эсдан ҳам оғибди…»
Муаззам хола куюнчак ва дардкаш қўшни аёлларнинг жумбоқли нигоҳларига, саволларига жавоб беришни ҳам истамас, балки эшитмас, кўзда ёш билан бурилиб кетар, дарвозага қараб, ҳиқ-ҳиқ йиғлар ёки ғарам томонга кетиб қоларди…
— Бу кишига нимадир бўлган… Аввал бундай эмасди…
— Эри билан ўғилларидан хат-хабар йўқлидан шу аҳволга тушдимикин?..
— Бўлди, бошқаларнинг ҳам юрагини эзманглар. – Бир аёл ҳиқиллаб йиғлаб юборди. – Хат-хабар кута-кута менинг ҳам кўзларим тешилди-ку… Бу бечоранинг эри, уч ўғлиям урушда…
Қўшнилар ҳам маъюсгина бўлиб уй-уйларига тарқалишарди.
Синовли кунлар ўтарди. Радиодан уруш охирлаб, совет армияси қўшинлари Германиянинг Бранденбург дарвозасига яқинлашиб бораётгани айтилар, аммо паноҳларини урушга кузатган оналарнинг ва аёлларнинг, келинларнинг тоқати ҳам тугаб борарди. Жойларда энди соғинч мактублари келиш ўрнига қорахатлар кўпайиб кетган, хонадонларнинг қора чироқлари ўчиб, қора либос оналарни ва аёлларни ўраб борарди… Тўрт йилдан ошиқ вақт мобайнида на эридан, на ўғилларидан хабар олган, икки кўзи дарвозада бўлган Муаззам хола эса энди уйга ҳам кирмай қўйган, гоҳ бўсағада, гоҳ тандир олдида, гоҳида эса ғўзапоя ғарами ёнида йиғлаб ўтирарди…
Ниҳоят, кутилган кун келди: «Совет армияси ғалаба қозонди!»
Барча хонадонларда, кўча-кўйда байрам бошланиб кетди. Аёллар бир-бирларини табриклашар, пешаналаридан ўпишар, қувончдан йиғлашар, «Энди келишади…» дея ҳаяжонланишар, ширин хаёлларга чўлғанишарди…
Ёз бошланиши билан атрофда қувонч шабадалари эса бошлади. Ҳали у, ҳали бу хонадон соҳиби урушдан қайтар, кимдир соғ-саломат, кимдир эса бир қўлидан, биров оёғидан айрилган, бировнинг мияси жойида эмас… Аммо жисмоний нуқсонлар иккинчи даража бўлиб қолди. Муҳими, уларнинг келгани – оилаларга ҳаёт қайтгани эди.
Шундай саодатли кунларнинг бирида Муаззам холанинг иккинчи ўғли Камол урушдан қайтди. У озиб, чўпдай бўлиб қолган, кўйлак ичида инсоннинг жонли танаси эмас, қуруқ склет тургандек ҳолатга келган онасини кўриб танимади.
— Болам! – деди Муаззам хола ва уни бағрига босди. – Соғ-саломат келдингми? Айланай сендан. Айланай…
Она боласининг дийдорига тўймасдан тинмай юз-кўзидан ўпар, кўзларидан оққан жола ёшни ҳам тия олмасди.
— Отанг билан акангни ҳам кўрдингми? – такрор сўрарди.
Камол бош ирғади.
— Болам, соғ-саломат келибсан, эрта-индин отанг билан аканг ҳам келар…
— Жамшид қаерда? – деб сўради урушдан эти қотган Камол.
Она бирдан сергак тортди. Аввал атрофга боқди, дарвозани қулфлади. Сўнгра «Ҳозир» дея ҳовли тўрига, ўтин ғарами томонга кета бошлади.
— Болам, энди чиқсанг бўлади…
Онанинг бу овозини биров эшитмади. Камол эса ҳея нарсага тушунмай ҳайрон турарди.
Муаззам хола ғарамга борди ва бир чеккадан, уйга кўринмайдиган жойдан икки-уч қучоқ ўтинни олиб, ёнига қўйди.
— Жамшиджон, болам. Уруш тугади, энди чиқсанг бўлади. Ана, Камол аканг ҳам келди!
Ғарам ичидан овоз келмади.
— Болам, энди қўрқма. Уруш тугади, бемалол гапиравер, чиқавер.
Яна жавоб бўлмади. Муаззам хола эмаклаб, ғарам орасига кириб кетди. Камол онасининг бу ҳаракатларини ҳайрон кузатиб турарди. Бир пайт ғарам ичидан онанинг «Бола-а-аам!» деган чинқириғи эшитилди.
Камол югуриб келди. Не кўз билан кўрсинки, ўтин ғарами орасидан жой очилган ва чуқур ўра қазилган экан. Эслади: бу ўша урушга кетаётган кунда қазиётган ҳожатхона ўраси эди. Ногоҳ Камолнинг кўз олдига урушдаги окоплар келди. Унда аскарлар жон сақлашар ва кутилмаган ҳужумларни амалга оширишар эди. Бу ерда эса кўксига занглаган пичоқ санчилган укаси Жамшид жонсиз ётарди. Онаси эса ўғлининг бошини кўксига босганича ўз-ўзини қарғарди…
— Сен-ку урушга бораман дединг, мен қайтардим. Мени десанг, аканг ковлаб кетган ҳожатхонага яширин. Урушга бормайсан дебман-а? Сени урушга жўнатмай мен ўлайин-а? Мен номард сени нега бундай яширдим-а? Нега?! Мана, Камол аканг келди, бир куни Пўлат билан отанг ҳам келади. Ажалинг етмаса, сен ҳам бир куни келардинг, болам. Бу қандай кўргулик бўлди, болам? Она бўлмай мен ўлай, бола-ам…
Камол нима қилишини билмай хандақ деворларига разм солди. Не кўз билан кўрсинки, бир четда ҳожатхона ҳам бор эди. Бошқа бир томондан эса токча ўйиб олинган ва у ерда лойдан ясалган қатор немис аскарлари… кўксидан ўқ еб ағдарилиб ётарди… Лойдан ясалган танклар эса ёрилиб, титилиб кетганди. Ўранинг бир бурчагида қўлбола — тахта автомат ҳам турарди. Камол беихтиёр уни қўлига олиб, отмоқчи бўлгандай атрофга боқди. Ана шунда девордаги ёзувга кўзи тушди: «Жамшид – дезертир!» Аммо унинг устидан чизиб ташланган эди. Тагидан эса катта ҳарфлар билан деворни ўйиб, «Онам учун урушга бормасдан шу ерда ўзим билан ўзим жанг қилиб ётибман!» деб ёзилган эди…
Камол ҳаммасига тушунди. Онасига қаради. Ўғлининг бошини тиззасига олиб ўтирган Муаззам хола кўз ёшларини тия олмас, ўзини қарғаб, кўксига муштлаб йиғларди…