Ҳар бир мамлакат ва халқ ҳаётига янги ижтимоий ва маданий-маърифий ғояларнинг кириб келиши, шу ғояларнинг мактаб ва маориф, матбуот, адабиёт ва санъат соҳаларида инқилобий ўзгаришларни юзага келтириши тарихий шароит тақозоси билан рўй беради. ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг бошланиши феодализм даврининг қонун ва қоидалари ҳукмронлик қилган ўлкага капиталистик муносабатларнинг кириб кела бошлаши билан маҳаллий халқ учун янги ҳаёт чечаклари – жадид мактаби, матбуоти, театр ва адабиёти куртак ёза бошлади. Аммо бу маданий-маърифий воқеалар Саҳрои Кабирда эмас, балки Ибрат, Фурқат, Муқимий, Аҳмад Дониш сингари машҳур шоирлар асос солган ўзбек маърифатпарварлик адабиёти дарахти гуллаган заминда майдонга келди. Бироқ бу ҳол Туркистондаги жадид адабиётининг вужудга келиши ва шаклланиш манбалари фақат ўзбек маърифатпарварлик адабиёти анъаналари билангина чекланади, деган маънони мутлақо англатмайди.
Тўғри, ўзбек жадид адабиётининг пешқадам вакиллари Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон ва Абдулла Қодирий ижодида гарчанд Ибрат, Фурқат, Муқимий, Аҳмад Дониш сингари устозларнинг маърифатпарварлик ғоялари етакчилик қилган бўлса-да, бу ғояларнинг улар ижодида халқ ва мамлакат тақдири ила узвий боғланиб кетгани билан фарқланади. Жадид шоир ва ёзувчиларнинг асарларида ифодаланган маърифатпарварлик ғоялари эрк ва ҳуррият ғоялари билан, мустақиллик учун кураш ғоялари билан туташиб кетган. Жадид ёзувчилари ижодидаги маърифатпарварлик ғоясининг сиғими бениҳоя кенгдир.
Шу ҳол айрим ўзбек адабиётшуносларининг Туркистондаги жадидчилик ҳаракати Франциядаги маърифатпарварлик ҳаракати таъсирида майдонга келган, деб чиқишларига сабаб бўлган. Шундай адабиётшунослардан бири академик Б.Назаров “Туркистон жадидларининг француз маърифатпарварлари билан интеллектуал алоқалари” мақоласида бундай ёзган эди: “Жадидлар, умуман, французлар ҳаётига, илмий-ижтимоий меросига катта қизиқиш ва ҳурмат билан қараганини кўрсатувчи кўплаб фактлар(ни) келтириш мумкин. Масалан, Фитрат “Сайёҳи ҳинди” (1912) китобида айтадики, “Қарши ё Китобнинг бирор-бир олача тўқувчиси Фарангистонда яшаса” эди, миллионер бўлиб кетар эди. Беҳбудий эса ўзининг “Икки эмас, тўрт тил керак” (1913) мақоласида бутун олам бир-бири билан гаплашадиган тиллардан бири француз тилидир, бу тилни ўрганиш зарур, деган фикрни илгари суради. Жадидчилик раҳнамолари наинки илмий ёки публицистик чиқишлари, балки бадиий асарларида ҳам Фарангистонга ҳурмат билан қараганини кўрсатадилар, асар қаҳрамонлари бу юрт ҳақида меҳр билан фикр юритадилар…”.
Тан олиш керакки, камина ҳам ўзбек жадидчилик ҳаракатининг илдизлари тўғрисида баҳс юритганимда француз разведкачиси Лякостанинг Туркистонда бўлишига доир материаллар билан танишиб, тахминан шундай хулосага келган эдим. Лекин жадидлар қулоғига француз маърифатпарварлик ҳаракати ва унинг Дидро, Вольтер, Сен-Симон сингари намояндаларининг номлари чалинган бўлса-да, уларнинг бу ҳаракат ва бу намояндалар мероси билан танишганларини тасдиқловчи на бирор ҳужжат, на бирор хотира учрамайди. Фан эса биздан ҳар бир сўзимизни аниқ далил билан асослашни қатъий талаб қилади.
Аввало шуни айтиш керакки, жадидизм ғояси пайдо бўлган пайтда Туркистон Шарқ ва Ғарбдаги айрим давлатларга қараганда иқтисодий жиҳатдан ҳам, ижтимой жиҳатдан ҳам, маданий-маърифий жиҳатдан ҳам аянчли даражада орқада қолган эди. Бу масала жадидларни ташвишлантирмаслиги мумкин эмас эди. Ўзини Амир Темур, Улуғбек ва Бобурнинг авлодлари деб ҳис қилган жадидлар ватандошларининг оғир аҳволда яшаётганларидан, айниқса, ватанларини урушсиз-жанжалсиз рус армиясига икки қўллаб топширганларидан кечикиб бўлса-да, вазиятдан чиқиш йўлларини ахтара бошладилар. 1905 йилдаги рус-япон урушида Япониядан, Биринчи жаҳон урушида эса Антанта давлатларидан мағлубиятга учраган Россиянинг чекка мустамлакасида, ўзбекни инсон ўрнида кўрмайдиган Мочаловлар қамчиси остида яшаш ўзбек халқининг илғор фарзандлари – жадидлар учун ҳақорат ва шармандалик эди. Улар вазиятни кескин ўзгартириш учун қўл ва оёқларидаги кишанларни парчалаб, Россия ҳудудларидаги ва хориждаги туркий тилли халқлар билан алоқа ўрнатиши, уларнинг қандай яшаётганлари ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилиши зарур эди. Тахминан шундай ҳолатда бўлган Қрим татарларининг доҳийси Исмоил Гаспринский Россиядаги ва хориждаги мусулмон халқларнинг мактаб ва маориф тизимини ислоҳ қилиш учун Ғарб билан алоқа ўрнатиш дастурини ишлаб чиқиб, бу дастурнинг асосий моҳиятини “Таржимон” журналида эълон қилган ва журналнинг шу сонларини Туркистонга етказиш чораларини ахтарган. Кўп ўтмай, нафақат “Таржимон” журнали, балки унинг муҳаррири ҳам Туркистонга келиб, ўзбек жадидлари билан алоқа ўрнатган.
“Гаспринский, шунингдек, Оренбургдаги Ризоиддин Фахриддин ва Муса Жоруллоҳ (“Вақт” ва “Шўро” журналлари) таклиф қилишган моделдан руҳланган жадидлар, – деб ёзади Франциядаги социал тадқиқотлар олий мактаби ўқитувчиси Шанталь Лемерсье Келькеже, – нафақат либерал адабиётни, балки Туркистонда ва бошқа мамлакатларда, чунончи, Бухорода, шунингдек, улардан четда, бутун Ўрта Осиё бўйлаб газеталар чиқариб, тарқата бошладилар.
Ўзининг жуғрофий жойлашиши туфайли ва Россия, Туркия ҳамда бошқа мамлакатлардаги сиёсий ҳаракатлар таъсирида Ўрта Осиёдаги жадидларнинг миллий ҳаракатлари ўзини-ўзи англаш даражасига кўтарилди; улар ташқи оламга очиқ бўлишлари лозимлигини тушундилар. Аммо ўз талабларини четдан олинган сўзлар ёрдамида ифодалаш улар учун бу етарли эмас эди. Бунга имкон бўлиши билан улар узоқ яшамаган бўлса-да, ўзларининг фавқулодда таъсир кўрсатувчи матбуотларини яратдилар”.
Француз олимининг бу сўзларига қараганда, Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг туғилишида миллий матбуотнинг аҳамияти катта бўлган. Ҳолбуки, Туркистон матбуоти, Шанталь Келькеже ёзганидек, ўзини-ўзи англаш даражасига кўтарилиши учун ўзбек халқининг вакиллари, жумладан, жадидларнинг ўзлари хорижий мамлакатларга бориб, бошқа халқлар ҳаёти билан танишишлари ва Туркистондаги ҳаёт билан хориждаги ҳаёт ўртасидаги катта фарқни ўз кўзлари билан кўришлари ва бундан жиддий хулосалар чиқаришлари лозим эди. Яна масаланинг нозик томони шунда эдики, матбуотнинг халқ кўзини очувчи қурол эканини яхши билган мустамлакачи Россия Туркистонда на матбуотнинг, на театр санъатининг вужудга келишига асло рухсат бермаган.
ХVIII аср охири – ХIХ асрларда Туркистонга хорижий мамлакатлардан кўплаб саёҳатчилар кела бошлаган. Шу даврда аждодларимиз нафақат Шарқ, балки Ғарб мамлакатларига ҳам турли мақсадда ташриф буюришган. Аҳмад Донишнинг 1857, 1868 ва 1873 йилларда Бухоро амири ва унинг аёнлари билан бирга Петербургга қилган саёҳати ва шу саёҳат чоғида илғор рус маданияти билан танишиши унинг дунёқарашини кескин ўзгартириб юборди. Тахминан шу йилларда Худойберган Девоновнинг Хива хони ва унинг аъёнлари билан бирга фотограф сифатида Россиянинг Петербург, Москва ва бошқа шаҳарларига бориши унинг ҳаётида катта воқеа бўлди. Бирининг Петербург таассуротлари асосида ёзган “Наводир ул-вақое” асари, иккинчисининг машҳур рус шаҳарларидаги саройлар, истироҳат боғлари, фонтанларнинг фотосуратлари замондошларининг дунё ҳақидаги тасаввурларини кескин ўзгартириб юборди. Аҳмад Донишдан кейин самарқандлик савдогар Мирза Бухарин 1888 йилда Боку, Харьков, Москва ва Петербург шаҳарларига, тошкентлик савдогар Тожимуҳаммад Исамуҳамедов 1900 йилда Боку ва Истанбул орқали Парижга, Саидрасул Азизий эса 1910 йилда Москва ва Петербургга бориб, бу шаҳарлардаги санъат обидаларини кўриб, ҳайратга тушдилар. Ўзбек сайёҳларининг “Туркистон вилоятининг газети”да эълон қилинган бошқа хотиралари муштарийларнинг дунё, маданият ва инсон тўғрисидаги тасаввурларини ағдар-тўнтар қилиб юборган бўлса ажаб эмас. Асосан Шарқ мамлакатларига борган Исҳоқхон Ибрат, Сўфизода, Беҳбудий сингари қалам аҳлининг сафар таассуротлари билан танишган киши бу таассуротларнинг улар дунёқарашига, ҳатто ҳаёт тарзига катта таъсир ўтказгани, ўз ватанларида кечаётган ҳаётга, тобелик билан мустақиллик тушунчаларига бўлган муносабатларини кескин ўзгартириб юборгани шак-шубҳасиздир.
Агар бу устозлар хорижий дунёдаги ҳавас қилишга арзирли манзарани кўриб, ўксинган бўлсалар, Фитрат сингари Туркияга, Ш.Мухторий, Ш.Сулаймон, А.Бектемиров сингари Қозон ёки Уфага борган ёшлар нафақат шу ердаги мактабларнинг ўқув дастурларидан жадид мактаблари фаолиятини янада яхшилаш мақсадида фойдаландилар, балки шу шаҳар ва мамлакатларда нашр этилган газета ва журналларнинг мазмун-моҳияти билан танишиб, Туркистонда ҳам шундай нашрларни амалга ошириш орзуси билан яшадилар.
Фитрат 1909 йилда Туркияга боришидан аввал отаси билан бирга 1904 – 1907 йилларда ҳажга бориб, Эрон, Ҳиндистон ва Арабистон мамлакатларида бўлган, ҳатто Москва ва Петербургга ҳам борган. Аммо у Туркиядаги талабалик йилларида Истанбул дорилфунунида таҳсил олиш билан бирга, шу ердаги адабий-маданий ҳаёт билан танишиб (айниқса, “Сирот-и мустақим” газетасида босилган жиддий мақолаларни ўқиб) ва унда иштирок этиб, Туркистон жадидлари учун дастур вазифасини ўтаган “Мунозара” асарини яратди. 1908 йилда чиқа бошлаган ва муҳаррири Меҳмед Оқиф Эрсўй бўлган “Сирот-и мустақим” газетасида Фарид Важдай, Муҳаммад Андуҳ, Азимзода Рафиқ ва бошқа турк ёзувчиларининг асарлари босилар эдики, Туркияга таҳсил олиш учун борган ўзбек ёшлари ўша йилларда катта довруғ қозонган бу асарларни ўқимаган бўлиши мумкин эмас.
Туркистондаги жадидчилик ҳаракати Франциядаги маърифатпарварлик ҳаракати (ХVII аср) таъсирида бошланган, деган фикр тарафдорларидан яна бири атоқли адабиётшунос Озод Шарафиддиновдир. У Фитрат ҳақидаги мақоласида адиб диалогга асосланган “Ҳинд сайёҳи” асарини ёзишда буюк французларнинг асарларидан озиқланган, деган фикрни олға сурган. “Сирот-и мустақим” газетаси материалларини яхши ўрганган шоир ва публицист Миразиз Аъзамнинг ёзишича, “Шундай бўлиши ҳам мумкин, аммо Фитратнинг бу (“Мунозара” ва “Ҳинд сайёҳи”) асарларини яратишига кўпроқ таъсир қилганлар қаторида Исмоил Ғаспралининг “Дор-ур-роҳат” (“Ғанимат диёр”) романини, Мирза Фатали Охундовнинг “Ҳинд шаҳзодаси Камол-ул-давланинг Эрон шаҳзодаси Жалол-ул-давлага уч мактуби ва унинг ҳинд шаҳзодасига жавоблари” номли бадиий-публицистик асари, ҳаммадан кўпроқ Муҳаммад Абдуҳнинг “Фаранги нотиғи Ҳаното ила муноқаша” асарини санаш тўғрироқ ва асослироқ кўринади. Чунки булар шундоқ ёнбошидаги манбалар эди”.
Бизнингча, “Мунозара” ва “Ҳинд сайёҳи” асарларининг ва, умуман, Туркистон жадидчилик ҳаракати ва адабиётининг шаклланишида турк матбуоти ва адабиётининг манба сифатидаги роли бирламчи аҳамиятга эга. Фитрат Туркияда таҳсил олган йилларда И.Гаспринскийнинг “Таржимон” газетаси, маърифатпарварлик ва ислоҳотчилик ғоялари туркий оламнинг пешқадам вакиллари томонидан катта мамнуният билан кутиб олингани, бинобарин, улар ижодига таъсир кўрсатгани ҳам сир эмас.
Миразиз Аъзам давом этиб ёзади: “Ғаспиралининг “Дор-ур-роҳат” романи туркий тилда биринчи роман бўлиб, олдин “Таржимон” газетида босилган… эди. Унинг бир қисмини тошкентлик Мулла Аббоснинг гўё Францияга қилган саёҳати асосида “Фарангистон мактаблари” ташкил қиларди. Мулла Аббос Андалузияни сайр этар экан, бир маҳкамага кириб, хизмат қилаётган қози билан танишади. Қози мулланинг араб, форс тиллари грамматикасидан бошқасини ўқимаганлигидан ҳайратга тушади:
“– Воажаб! Ўн икки йил таҳсилда бўлиб, ҳисоб, ҳандаса, ҳукумоти таъбия, тарих каби фанлар(ни) кўрмадингизми?
– Шундай, афандим, кўрмадим.
– Балки илми саноидан, тиббиёт, муҳандислик, кимё ва меъморлик таҳсилида бўлгандирсиз?
– Бўлмадим. Лекин Франса ўлкасида, аксинча, бир неча фанлардан дарс олдим.
– Франклардан қандай сабоқ олдингиз?
– Мухтасар тарихи умумий, фанни жаҳоннома, илми ҳайвонот ҳукумот ва бир оз ҳисоб ва илми сиҳҳат сабоқлари олдим” (Н.Каримов, “Чўлпон”, 55-56-бетлар).
Наим Каримов бу парчани келтириб, Чўлпон “Дўхтур Муҳаммадёр”ни “Дор-ур-роҳат” романидан таъсирланиб ёзганини кўрсатади. Кўриниб турибдики, Фитрат ҳам “Мунозара”ни ёзишда шу романдан таъсирланган. Лекин Фитрат Муҳаммад Абдуҳнинг “Муноқаша”сидан кўпроқ таъсир олган”.
М.Аъзамнинг давом этиб ёзишича, бу фикрни япон олими Куматсу ҳам тасдиқлаган.
Фитрат асарлари билан И. Гаспринский ва Муҳаммад Абдуҳ асарлари ўртасидаги яқинлик қандай даражада эканлигини билиш учун шу ва шунга ўхшаш масалаларни чуқурроқ ўрганиш жадидшунослар олдида турган муҳим ва долзарб вазифалардан биридир.
Фитратнинг Туркияда таҳсил олиши, Истанбулдаги дорилмуаллим ва университет кутубхоналаридаги ўзга мамлакатлардан келган китоблар, газета ва журналлар билан танишиши унинг ижтимоий ва адабий-маърифий қарашларининг шаклланишига катта таъсир кўрсатган. Фитратнинг синглиси шоира Маҳбуба Раҳимованинг эслашича, Туркияга мўмин мусулмон бўлиб кетган акасининг бошига турк фатасини кийган қип-қизил жадид бўлиб қайтиши Бухоро аҳлини ҳайратга солган. Лекин 1919 йили “Чиғатой гурунги” ташкилотини тузган Фитрат шу ташкилотнинг йиғилишларидан бирида Ўзбекистон “турк модели” асосида ривожланиши керак, деган ғоя тарафдорларига қарши чиқиб, Ўзбекистон “ўз модели”ни ишлаб чиқиб, шу “модель” асосида ривожланиши лозим, деган ғояни кўтарган ва шу ғоянинг “ҳаракат дастури”га айланиши учун курашганки, бу турк фани ва маданиятини эъзозлаган Фитратнинг миллий тараққиётнинг ўша даврдаги “турк модели”дан бутунлай бошқа шароитда яшаётган Туркистонда фойдаланиш тўғри бўлмайди, ҳар бир мамлакат ўзининг тарихий, ижтимоий ва иқтисодий шароитидан келиб чиққан ҳолда ўз тараққиёт “модел”и ёки дастурини ишлаб чиқиши лозим, деган тўғри хулосага келганини англатади.
1899 – 1900 ва 1914 йилларда ҳаж сафарига чиққан Беҳбудийнинг сафарномалари билан танишган киши унинг ХХ аср бошларидаги дунё фақат мусулмонлар ва христианлардан эмас, бойлар ва камбағаллардан ҳам иборат эканига, бу дунёни уруш майдонига айлантираётган нарса халқлар ва динлар ўртасидаги низо эмас, балки моддий бойлик ва моддий бойлик манбаи – олтин, кумуш, нефть конларини эгаллаш учун кураш эканига амин бўлганини сезади. 1903 – 1904 йилларда Москва ва Петербургга, 1906 йилда эса Қозон, Уфа, Нижний Новгород шаҳарларига борган Беҳбудий сафарномаларини ўқиган киши унинг шу шаҳарлардан “Беҳбудия” кутубхонаси учун нодир китоблар ва хариталарни олиб келганидан хабар топади. У сафарлари чоғида бир мактабнинг бир синфида мусулмон болаларнинг христиан болалари билан бирга таҳсил олаётганида шу халқларнинг осуда ва мунаввар келажагини кўради. У бирор хорижий мамлакат ёки шаҳарга борганида шу мамлакатда қанча аҳолига нечта газета нашр этилаётгани, қанча аҳолига нечта театр хизмат кўрсатаётгани масаласи билан ҳам қизиққан. Айтиш мумкинки, ҳар бир хорижий сафар Беҳбудий учун Туркистондаги турмуш даражасини кўтаришга, халқнинг ижтимоий онги ва маданиятини янги босқичга олиб чиқишга ёрдам бера оладиган восита эди.
Сир эмас, ўша йилларда Туркияда ғоявий кураш авж олган, турк зиёлилари турли гуруҳ ва ташкилотларга ажралиб чиқишган эди. Шундай ташкилотлардан бири “Иттиҳод ва тараққий” бўлиб, у Туркияга ўқишга борган ватандошларимизни ўз таъсир доирасига олишга ҳаракат қилган. Кўп ўтмай, бу ташкилот вакиллари Туркистон шаҳарларига келиб, пантуркизм ғояларини тарқатишга, совет давлатини ағдаришга қаратилган “Иттиҳод ва тараққий” ташкилотининг шаҳар ва вилоят бўлимларини ташкил этишга ҳаракат қилган.
“…(Туркистонда) маориф ва маданиятнинг жонланиши, истеъдодли зиёлилар авлодининг шаклланишида, – деб ёзади жадидшунос Рустам Шарипов, – турк зобитларининг ҳиссаси бор. Маълум бўлишича, улар Туркистонга кичик-кичик гуруҳ бўлиб, тўрт марта келишган. Тўртинчи гуруҳ Биринчи жаҳон уруши йилларида Кавказортида асир тушган турк зобитларидан ташкил топганди. Шулардан бири Рожи Чақирўз эди. Унинг эсдаликлари… Усмон Хўжанинг ўғли Темирхўжа томонидан ёзиб олиниб, “Турк дунёси тарихи” журналининг 1987 йил 1 – 12-сонларида эълон қилинган”. Шу хотиралардан маълум бўлишича, турк зобитлари гарчанд Тошкент мактабларига ўқитувчи сифатида жойлаштирилган бўлсалар-да, “Турк кучи” сингари тўдаларни ташкил қилиб, ҳарбий-ватанпарварлик машқлари, спорт мусобақалари, мусиқа ва театр кечаларини ҳам уюштириб, ёшларни турк маданияти ва миллий қадриятларига ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор беришган.
ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида хорижий мамлакатларга бориб, у ердаги ижтимоий, маданий-маърифий соҳаларда эришилган ютуқларни кўриб келган ватандошларимизнинг хотиралари ёки шу мамлакатлардан Туркистонга олиб келинган ижтимоий-маданий ғоялар, адабиёт ва санъат намуналари ўзбек жадидчилик ҳаракати ва адабиётининг шаклланишига катта таъсир кўрсатди.
Туркистон ХIХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб Россиянинг мустамлакаси бўлгани учун шу ҳудудда яшаган халққа газета ва журналлар нашр этиш, театр асарларини саҳналаштириш имконияти берилмади. Ҳолбуки, 1877 йилдан бошлаб Туркистонга рус антрепренерлари драматик труппалари билан келиб, ўз спектаклларини намойиш эта бошлашган. Кўп ўтмай, Тошкент, Самарқанд каби Туркистоннинг йирик шаҳарларида стационар рус театрлари барпо этилади.
Аҳмад Дониш Россияга қилган сафарларидан бирида Петербург театрининг қайсидир балетини томоша қилиб, шу спектаклдан олган таассуротларини “Наводир ул-вақое” асарида муфассал баён қилган. Фурқат 1880 йил октябрида Тошкентдаги рус театрида машҳур рус саркардаси Суворов ҳақидаги спектаклни кўриб, Аҳмад Донишдан фарқли ўлароқ, шу ҳақида шеър ёзган. Рус театри спектаклларини кўрган бу ҳар икки маърифатпарвар ўзбек миллий театрининг ҳам майдонга келишини орзу қилганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.
Афсуски, театр санъатининг катта тарбиявий ролини яхши билган мустамлакачи давлат 1914 йилда Биринчи жаҳон уруши майдонларида қиличи синиб, шармандаи шармисор бўлмагунича Туркистонда миллий театрнинг вужудга келишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатди.
Ҳам театр санъати, ҳам миллий матбуоти бўлмаган даврда боғчасаройлик И.Гаспринский муҳаррир бўлган “Таржимон” газетасининг Туркистонда тарқалиши мислсиз даражада катта воқеа эди. Бухоро ва Самарқандга келган И.Гаспринский билан учрашиб суҳбатлашиш, “Таржимон”да эълон қилинган тарихий даврнинг муҳим масалаларига бағишланган мақолаларни ўқиш Беҳбудий бошлиқ ўзбек жадидларининг басират кўзларини очиб юборган. Беҳбудий бошлиқ туркистонлик жадидлар Боқчасарой, Қозон, Уфа, Оренбург, Боку, Истанбул ва Калькутта сингари шаҳарларда нашр этилган газета ва журналларга обуна бўлибгина қолмай, ўзлари ҳам шу нашрлар билан ҳамкорлик қилишган.
Россия 1905 йилдаги рус-япон урушида енгилганидан сўнг Николай II “Давлат идорасини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳужжатга имзо чекишга мажбур бўлади. Тарихга “17 октябрь манифести” деган ном билан кирган бу ҳужжатда фақат рус халқига эмас, балки Россияда истиқомат қилган барча ўлкалар ва миллатларга ҳам Давлат Думасига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сўз, матбуот ва виждон эркинлиги берилган эди. Жадидлар шу имкониятдан фойдаланиб, 1905 йил охирларида “Ўрта Осиёнинг умргузаронлиги. Тараққий” газетасини чиқаришга муваффақ бўладилар. Бу газета муҳаррири Туркистон генерал-губернаторлиги томонидан белгиланган Иван Гейер эди. “Бу газета, – деб ёзган Зиё Саид “Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар” китобида, – ўзининг икки ойлик умрини губернатор томонидан тақдим қилинган фикрларни ташимоқ билан тугатди. Хизмати дуруст бир йўлга кирмаганини кўрган жадидлар унинг атрофидан кета бошладилар. Ҳадеганда обрўси кўтарилмагандан кейин ўзидан-ўзи ётиб қолишга мажбур бўлди”.
Бу газетадан кейин “Тараққий” (1906 йил, муҳаррири Исмоил Обидий), “Хуршид” (1906 йил, муҳаррири Мунаввар қори Абдурашидхонов), “Шуҳрат” (1907 йил, муҳаррири Авлоний), “Осиё” (1908 йил, муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров), “Самарқанд” (1913 йил, муҳаррири Беҳбудий), “Садои Туркистон” (1914 йил, муҳаррири Убайдулла Хўжаев), “Садои Фарғона” (1914 йил, муҳаррири Обиджон Маҳмудов) газеталари, “Ойна” (1913 йил, муҳаррири М.Беҳбудий) ва “Ал-ислоҳ” (1915 йил, муҳаррири Абдураҳмон Содиқ ўғли (Сайёҳ) журналлари нашр этила бошлади. Уларнинг аксари ислоҳотчилик ва тараққийпарварлик ғояларини баланд пардаларда ифодалай бошлаганларида Чор охранкасининг тазйиқи ёки моддий аҳволининг ёмонлашиши натижасида ётиб қолди. Шунга қарамай, Авлоний, Беҳбудий, Мунаввар қори, У.Хўжаев муҳаррирлигида чиққан газеталар аҳоли ижтимоий онгининг ошиши ва жадидчилик ғояларининг тарғиб этилишида муҳим роль ўйнади.
Туркистонда бу нашрлардан аввал, 1870 йилдан бошлаб генерал-губернаторликнинг ўзбек тилида “Туркистон вилоятининг газети” чиқа бошлаган эди. Турли вақтда Ш.Иброҳимов, Ҳ.Чанишев ва Н.Остроумов муҳаррирлик қилган газета Туркистон генерал-губернаторлигининг нашри бўлганлиги учун сиёсий-ғоявий йўналишини Россия империяси манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгилаган эди. Шунга қарамай, газета саҳифаларида ўзбек сайёҳларининг сафарномалари, миллий зиёлиларнинг илмий-оммабоп мақолалари, бадиий асарлари ва таржималари босилган, жаҳон, шу жумладан, рус адабиёти намояндаларининг кичик ҳажмли асарлари муштарийлар эътиборига ҳавола қилинган. Миллий матбуотда босилган материаллардек, бу газетадан ўрин олган асарлар ҳам Туркистон жадидлари фаолиятининг янги босқичга кўтарилишида муайян роль ўйнаган, десак хато бўлмайди.
Шундай қилиб, биринчидан, мустамлака Туркистондаги тарихий, ижтимоий, маданий ва иқтисодий шароит, иккинчидан, ўзбек маърифатпарварлик адабиёти намояндаларининг тараққийпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари, хорижий мамлакатларга бориб, қардош халқларнинг иқтисодий ва маданий ҳаёти билан танишган сайёҳларнинг хотиралари, учинчидан, Туркистон билан хорижий дунё ўртасида ижтимоий-маданий алоқаларнинг ўрнатилиши, тўртинчидан, Туркистонга Қрим, Туркия ва Волга бўйидан маърифатпарварлик, тараққийпарварлик ва ислоҳотчилик ғояларининг кириб келиши, бешинчидан, Туркистонда миллий матбуот ва театрнинг туғилиши ХХ аср бошларида биз яшаётган заминда жадид адабиётининг майдонга келишида асосий манбалар бўлиб хизмат қилди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 9-сон