Ёз эди. Исфарак ўрикларга қизил югуриб, етилай деб қолган пайт синглим иккимиз энамизни кўриб келгани йўлга чиқдик.
Манзилга етиб, эшикдан киришимиз билан кўзимиз энамизга тушди. Айвонда тоғдек бўлиб ўтирибдилар. Ҳа, тоғ деса арзийди уларни. Шу ўтиришларида қанча ғамни кўтариб ўтирибдилар-у! Икки йил бурун ёшгина ўғилларини тупроққа қўйдилар. Унинг етти боласи чирқираб қолди. Ҳам жувонмарг ўғилларига, ҳам сағир набираларига куядилар.
— Яна Муҳиддин баннисадамиш. Биттанг бориб кўрмабсан, — дея одатдагидек ўпка‑гинадан бошладилар гапни.
— Эшитмабмиз, эна…
— Шунақа-да, — дея юзини боғ томонга ўгирди кампир.
— Ўзингиз тузукмисиз, эна? — дея гуноҳкорона бош эгиб, гап бошладик биз.
Тузук бўлганим қурсин. Мунчаям умрим узунакан-а. Қачон Нурматимнинг ёнига борарканман.
— Қўйинг, жон эна, ундай деманг, — деди кўнгли бузилиб синглим.
— Десам, демасам — ўлим ҳақ, — дея бош чайқадилар энам. — Пича пул йиққандим. Жон чиқиши билан ўликни нари қўйиб, сандиқ очишади-да, ҳали сизлар ёш, нимани билардиларинг. Бу кампир карак-карак гапиришни биларкан холос, пули йўқ экан, дейишмасин деб йиққандим. Шуни ҳидини сезишдими, билмадим, Доно (бирга турадиган невара келинлари); «Гўшт йўқ» деса, эри: «Пул йўқ», деб ғўнғиллайди нуқул. Охири оч анови сандиқни, ол ўша пулни, нима, гўристонда магазин бормиди, ўлсам бир гап бўлар, дедим…
— Қўйинг, эна, бизни қўрқитманг. Оғзингизда нуқул ўлим, ўлим. — Замира синглим йиғламсираб, кўзига ёш олди.
— Ўлим ҳақ, болам. Шоҳниям олади, гадониям… — Муҳайё! — У овозининг борича чеварасини чақирди.
— Ҳе! — деган овоз келди боғ тарафдан.
— Ўрикдан қоқиб ке. Ҳалиги катта шохига тегма. Униси опоқингга. Келганда ўзинг қоқиб берасан.
Муҳайё «рухсат» текканидан қувониб, боғ ичига худди қанот боғлагандек учиб кириб кетди. Зум ўтмай бир лаганни тўлатиб ўрик узиб чиқди.
Биз иштаҳа билан ўрикка ёпишдик. Энам эгниларидаги оқ штапель кўйлакларининг ёқасини тортиб, елпиндилар. Назаримда, хаёллари яна узоқларга кетди.
— Муқаддамнинг боласи тағин бўлмапти. Ҳеч бўлмаса шуниси турганда…
— Яна тушдими?
— Саккиз ойлик… Ўлик туғибди. Шулар тинчимади-тинчимади-да. Шулар тинчиганда… — Энамнинг кўзларида ёш милтиллади.
— Қўйинг, эна, йиғламанг… — Унга қўшилиб йиғлаётган эсамда, юпатган бўлдим.
— Ўзи болаларига бош бўлса бўлмасмиди?! Тағин келиниям кетиб қопти… Хаҳ, болам-а, болам…
— Эна, қўйинг шуларни, озгина ухлаб дам олинг, — дедим мен.
— Кундузиям ухлайдими одам? Нималар деяпсан, қизим. Мен Аъзамнинг (бирга турадиган неваралари) қоровулиман-а. Памилдорилар ҳам пишиб қолди. Маҳаллада бир-икки шумтака бор. Пайт пойлаб юришади. Ўтган йили боғдаги узумдан узиб қочишарди. Ҳассамни дўқиллатиб, орқаларидан қувай дердим-у, истиҳола қилардим… Муҳайё! — Энам қаёққадир ғойиб бўлган чевараларини чақиришга тушдилар.
— Ҳе, — Муҳайё югуриб ичкаридан чиқди.
— Сандиқни калитини биласан-а?
— Биламан.
— Очиб, ҳалиги тугунларимни олиб чиқ. Аммаларинг кўришсин.
Синглим иккимиз бир-биримизга қарадик: «Оббо, тағин ўша ўлимликлари…».
Муҳайё битта-битта олиб чиқиб, бир нечта тугунни олдимизга ташлади.
— Шошилмай, биттадан очавер. Ўзим нима-нимагалигини айтаман, — дедилар энам менга қараб.
— Муҳайё, дастурхонни йиғиштириб қўя қол, — дея яна уни хизматга буюрдик.
— Ол, анови катта тугунни еч, — дедилар ошиқиб.
Мен шоша-пиша тугунни олдимга тортиб, еча бошладим.
— Манови учта калиш-махси, тўн, кўйлак, лозим, рўмол… — ҳаммаси ювғичига.
— Ў… эна, намунча ювғичига шунча нарса?
— Аввало ўшани рози қилиш керак-да. Охирги марта кишини поклайдиган — ўша. Бу ишни ҳам юраги бор одам қилади. Киши пок бўлиб борса ер ҳам суюнаркан. Ҳаром-ҳаришдан, ювиқсиздан ер ҳам ҳазар қиларкан, болам.
Биз чурқ этмай тинглаб ўтирардик.
— Манави — тайпинлик. Икки бўлак. Биттаси ўттиз, биттаси йигирма метр. Ичини оч.
Қўрқа-писа кафанликларни ёздим. Ўттиз метрлининг ичидан кичкинагина, ёнғоқдек тугунча тушди.
— Сени эсинг бор, болам. Ҳали ёшсан, хаёлинг жойида. Тайинлаб қўяй. Ювиб, тайпинликка ўраб бўлишгач, мана шу тугунчадагини устимдан сепишсин… Хўп? Эсингдан чиқмасин.
— Қўрқиб кетяпман, эна… Нима бу ўзи?
— Райҳон билан жамбилнинг уруғи.
— Нимага сепиш керак уларни? — деб сўрадик биз.
— Қўрқаман, қўрқаман дейсанлар-у, сўроврасанлар… Аммо сепиш эсларингдан чиқмасин. Хўпми? Ўлик қирқ кундан кейин сув бўлиб оқаркан-да, тупроққа сингиб кетаркан. Суяклари қоларкан, холос. Ҳудди ўша қирқим куни мундоқ деб йиғланглар, эшитиб ол:
Райҳон бўлинг, жон энам,
Жамбил бўлинг, жон энам,
Вой, илойим шу кунларда
Бино бўлинг, жон энам…
Худди ҳозир энамиздан айрилиб қоладигандек, томоғимизга нимадир тиқилди, йиғлагимиз келди.
— Шунақа десаларинг, ажовмас, райҳон бўлиб, жамбил бўлиб, ерни ёриб чиқсам…
— Қўйинг, эна, ўлманг!
— Ўлим ҳақ. Қош билан қовоқнинг ўртасида. Муҳайё!
— Ҳе.
— Қўйларингга сув бердингми?
— Ҳозир бердим-ку.
— Ишонмайман. Пақир кўтариб сувга ўтганингни кўрганим йўқ. Бор яна бир сув бер. Кун иссиқ.
Муҳайё хушламайгина йўналди.
— Яна битта нарсани айтиб қўяй. — Энам катта пиёладаги яхна чойдан ҳўпладилар. Биз хушёр тортиб, энамга тикилдик. — Бир кунимни гуллатсаларинг бўлди. Ўлганимга суюнсаларинг ҳам элни олдида йиғлаб туринглар. Опчиқиб кетгунларича «энамлаб» турсаларинг бас. Хўпми? Барингни елкамда кўтариб катта қилганман. Яна одамлар айтмасин, бу хотин бола боқмаганакан, деб. Ҳа, худо буюрса, сен бор, Замира, Ҳалима, Тожихон, Ҳайринисо, Зулфия, Шоира… Ў-ҳў. Худога шукр, тобутимнинг тепаси бўш қолмасакан.
Энам, худди ўша дамни кўз олдига келтиргандек, мунғайиб жим бўлиб қолдилар.
— Болам… — Ўзларини хиёл ўнглаб, менга қарадилар. Томирлари бўртиб чиққан озғин қўллари билан кафтимни ушладилар. — Сенга яна битта ўтинчим бор.
— Айтинг, эна, — деб унинг сўлғин, бурушиқ ёноғидан беозоргина ўпдим. — Айтинг…
— Ишонганим — сен, болам. Невараларим ичида энг каттасисан. Ҳаммаси сенга боғлиқ… — Энам шундай деб нигоҳларини дарвоза томонга тикканча жим қолдилар.
— Бор гапингиз шуми?
— Йўқ… Болаларимнинг яхши‑ёмон ном чиқариши кўпроқ сенга боғлиқ демоқчиман-да. Ахир бари каттадан…
— Эна, — дея уларнинг саратон тафти уфуриб турган юзларини силадим. — Эртага албатта борамиз. Олдин Муқаддамни кўрамиз. Кейин Муҳиддиннинг ёнига ўтамиз…
Барибир чеҳралари очилмади.
— Ишонмайман! — дея туйқус ўгирилдилар бизга. Бирдан кўзларидан ёш қуйила бошлади: — Сизлардан умидим шумиди? — У рўмолининг учи билан кўзларини артди. — Бу бир-бирига қадри йўқларни ташлаб қандоқ кўз юмаман, эй худо?! — Энам астойдил нола қила бошладилар.
Ҳозир уларга бир гап айтиш учун тоғдек юрак керак эди. Чурқ этмадик. Муҳайё ҳеч нарса бўлмагандек ичкарига кириб кетди.
— Мукаррам!
Ерга киргудек аҳволда ўтиргандим, номимни эшитиб, бошимни кўтардим.
— Туринглар! — Энамнинг буйруқлари қатъий эди. — Анови келтирган қанд-қурс, нон-понларингдан олиб, Қумри энангларни кўриб чиқинглар. Уям таварик бўб қолди. Бирёғи қариндош, бирёғи қўшни. Кеча баннисадан обкелишди. Кўзини апараста қипти. Кириб кўриб чиқолмадим. Кошки оёғим бўлса. Зўрға судраб уйдан шатга обчиқиб қўйишади. Донохон барака топсин. Бошқа келин бўса, худо билади, нима бўлардим.
Биз аста қўзғалдик.
— Кирақолинглар. Сўраб қўйинглар, хўпми?..
Эртасига, уйимизга қайтаётиб, яна энамнинг оғизларини пойладим. «Менга нима гаплари борикин?»
— Эна, хижолатман. Ҳалиги… гапизни айтинг.
Энам жаҳлланиб боқди.
— Шошилма, болам. Вақти‑соати келади…
Ташвиш баҳорга яқин ўз оёғи билан кириб келди:
— Энам оғир ётибдилар. Овқат ҳам емаяптилар. Одамниям танимаяптилар…
— Нима?! — Ичимда бир нима узилгандек бўлди. — Одамни танимаяпти дейсанми?
Укамнинг гаплари ёлғон бўлишини шунчалар истардим ҳозир…
«Нега? Нега? Нега? Нега шунча ойдан бери ёнингизга шошилмадим?! Балки тузалиб кетарсиз ҳали?..»
Умид билан йўлга тушдим.
Энам кичрайиб, юзлари бир тишлам бўлиб қолган, қийналиб нафас олардилар.
«Наҳот? Наҳот? Наҳот, кечиккан бўлсам, энажон? Менга айтмоқчи гапингиз бориди-ку? Нега мени кутмадингиз?..»
— Эна!!! — дея фарёд чекиб юбордим мен.
— Эшитмайди энди. Энди ҳеч нарса билан иши йўқ, ўзи билан ўзи овора… — деб юпатган бўлди бош томонда ўтирган қўшни кампир ва: — Халча опа, болалариз келишди. Рози бўлинг энди… Ҳаммаси шатда, — дея ҳаммага эшиттириб, энамнинг қулоқларига шивирлади.
Энамнинг тоғдек ўтиришлари, тийрак нигоҳлари кетмасди сира кўз ўнгимдан. Ҳовлига чиқдим. Тўрдаги каттакон боғ ҳам ғариблашиб, бош эгиб тургандай эди назаримда. «Энам ҳар битта шохни авайлардилар-а…»
Шу пайт уйдан қий-чув эшитилди. Жонҳолатда ичкарига чопдим.
— Эна-а!!! — Фарёдим уйни тутди. — Кечикдим, энажон, кечикдим! Ишонганингиз мен эдим-ку!.. Йўқ, энг ёмон болангиз мен-ман, эна! Энг ёмон фарзандингиз…
Энам ҳеч нарсани эшитмасдилар. Худди ухлаётганга ўхшардилар улар. Айни райҳон ҳамда жамбилга айланаётган пайтларини туш кўраётгандек.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 8-сон