Қулман Очилов. Сабр ва заҳмат (эссе)

Маматқул ака – иш одами. Баракали раҳбар. Бу бараканинг сири нимада? Масъулиятда, заҳматда! Ўз касбига, Ватанига, халқига меҳрида, садоқатида. Қаерда, қайси ишга қўл урмасин, бор меҳрини бериб, ихлос билан меҳнат қилишида.

Заҳматкашлиги, жонсараклиги, фидойилиги, ўзига ва қўл остидаги ходимларига ўта талабчанлиги учун Маматқул Ҳазратқулов бош-қош бўлган ташкилот борки, бирпасда қаддини тиклайди. Нуфузи чандон ошиб, жамоатчиликнинг назарига тушади. Барака инади.

Бунга Маматқул ака масъул котиби бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси яққол мисол. Атоқли адиб, устози Асқад Мухтор билан бирга нишона сонининг тархини чизган нашрнинг қиёфасида, орадан неча ўн йиллар ўтиб кетганига қарамай, ҳали-ҳамон ўша анъаналар уфуриб турибди.

Бунга Маматқул ака йигирма икки йил раҳбарлик қилган ва Ўзбекистоннинг ҳақиқий Миллий агентлигига айлантира олган ЎзАдек забардаст ахборот маҳкамаси иккинчи мисол.

Бунга Маматқул ака бир муддат бурун раҳбар этиб тайинланган ва кўз очиб юмгунча мамлакатимизнинг энг нуфузли нашрларидан бирига айланиб, яна қўлма-қўл ўқила бошлаган “Гулистон” журнали яна бир мисол.

Йигирма — йигирма беш йилдан бери маърифатли давралардан бироз “оёғи узилган” мазкур журналда, Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган замонлардагидек, яна атоқли адиблар, шоирлар, журналистлар, олиму уламолар, мусаввирлар, ёш ижодкорлар ўз асарининг чоп этилишини шараф деб билмоқда.

“Гулистон”да бўй кўрсатиш адабиётда, санъатда, умуман, ижодда эътироф этилишнинг ўзига хос рамзига, нашрнинг ўзи эса сара зиёлиларнинг табаррук минбарига айланди. Йўғон чўзилиб, ингичка узилиш арафасига етган пандемия шароитида ҳам таҳририят муаллифларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий-маънавий рағбатлантириш имконини топгани таҳсинга лойиқдир.

Инсоф билан айтганда, Маматқул Ҳазратқуловгача бу нашрга неча раҳбар келиб-кетмади дейсиз. Ҳеч кимни камситмаган ҳолда айтмоқчиманки, сўздан амалий ишга ўтиш жараёнида кўп одам бедарак йўқолади.

 

Санъатлар ичида энг муҳими 

Раҳбарлик – санъат. Чўнг заҳмат, фидойилик, донишмандлик, энг муҳими, юксак маданият талаб қиладиган санъат. Раҳбар ўзини бошқалардан, айниқса, қўл остидагилардан кўра ақллироқ ва донороқ санай бошладими, мисқоллаб йиққан обрўсини челаклаб сочгани – шу.

“Маматқул ака одам танийди, –дейди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. – Кимнинг қандайлигини бир қарашда билади. Ҳар қандай ишни қотиради. Лубой соҳани беринг, қотирмаса, отимни бошқа қўяман!”

У айрим раҳбарларга ўхшаб бақириб-чақирмайди. Столга муштламайди. “Думингни тугаман” қабилидаги дўқ-пўписа, дағдағаларга зўр бериб, ўзининг ожизлигини кўрсатмайди. Қўрслик қилмайди. Бировни беҳуда ранжитишдан қўрқади.

Ёдимда. Ўзбекистон ҳукумати билан машҳур халқаро банкнинг қўшма ахбороти эълон қилинадиган бўлди. Эрталабдан — ярим тунгача ЎзАга сим қоқмаган молиячи қолмади: “Бу ахборотни газеталарга биз жўнатаётган қоғозда қандай бўлса, шундайлигича, қўл теккизмасдан узатиш керак!”

Чўпон кўпайса, сурув ҳаром ўлиши тайин. Айнан шундай бўлди. Матнни териш чоғида, оператор қиз битта вергулни тушириб қолдирган, аксига олиб, бош муҳаррир ҳам бунга эътибор қилмаган экан. Қарабсизки, гапнинг маъноси тескарига айланиб кетган. Ана энди жанжалнинг зўрини кўринг! Халқаро тўполон-а!

Бош муҳаррирни эргаштириб, бош директор хонасига кирдим. Маматқул ака хўрсинади. Шу қадар оғир, шу қадар чуқур хўрсинадики, ёниб-ёрилиб кетмаганига ажабланасиз.

Сўнг у “пичоғи”ни қўлига олади. Пичоқ қайда? Бепичоқ сўйишга тушди: “Ука, сизки, ишга шундай енгил-елпи қарасангиз, бошқалардан нимани кутамиз!..”

Энг оғир таънаси ҳам, жазоси ҳам— шу.

Хўш, бундай гапга, муомалага нима деб жавоб берасиз? Ҳолингиз келса, узр сўрарсиз. Аммо сўрашдан олдин ернинг ёриғини излай бошлайсиз. Қани ўша ёриқни топсангизу кириб кета қолсангиз!

Танида тафти бор одамнинг бундай самимий дашномдан, маданиятли ва меҳрли муомаладан кейин икки-уч ҳафта кўзи ерни кўрмай, қулоғи гапни эшитмай, ваража тутиб юради.

 

Телефондаги тортишув

У – адолат туғини маҳкам тута олган одам. Кенгашишдан эринмайди. Мажлисбозликка тоқати йўқ, бироқ ўзи ишонадиган ва суянадиган ходимлар билан маслаҳатни пишитиб, кейин ишга қўл уради. “Юқоридан” топшириқ бўлса, айримларга ўхшаб ҳовлиқиб, шайтанлаб қолмайди. Керак бўлса,  унча-мунча амалдорнинг ҳар қандай нотўғри топшириғини “елкасидан ошириб отади”. Бажармайди.

Ўзим гувоҳ. Анча йил бурун Россия Федерациясининг ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга келиб, Биринчи Президентимиз, раҳматли Ислом Каримов қабулида бўлди. Матбуот хизмати танлаган ва газеталарда чоп этиш учун мўлжалланган ягона сурат – Ўзбекистоннинг давлат раҳбари билан вазирнинг қўл бериб, саломлашиб тургани – ЎзА бош директорига мутлақо ёқмади. Боиси, меҳмон – олдинроқда, Ислом Каримов эса унинг “соясида” қолган эди.

“Ну, что? – деди телефонда Матбуот хизмати раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турган шахс. – Он же Лавров!”

“Лавров бўлса-чи? У – вазир, – деди Маматқул ака. – Ислом Каримов – Президент! Мустақил давлатнинг раҳбари!”

“Бошингизни қотириб нима қиласиз, ока! Хўп деб беравермайсизми? Ўзлари кўриб берганлар!..”

Ўзбекистоннинг, халқнинг, миллатнинг шаъни, обрўсига путур кетиши мумкин бўлган жойда табиатан анча ювош, муросага мойиллиги кучли Маматқул Ҳазратқуловни танимай қоласиз: кўкрагини қалқон қилиб туриб олади. Менга нима деб, ўзини четга олмайди. Қўл силтаб кетмайди. Кетолмайди!

Телефондаги тортишув анча давом этди. Охири ЎзА раҳбарининг айтгани бўлди. Қабул иштирокчиларининг музокара столи бўйида ўтирган сурати чоп этилди.

Бандаси борки, каттадир-кичикдир бирор корхонага бошлиқ бўлгиси, бошқаларга ҳукмини ўтказиб, давраларнинг тўрида қўр тўкиб ўтиргиси келади. Шунга интилади. Бироқ синовли дамларда масъулиятни зиммага олиш ва одамларнинг самимий меҳрини қозониб, уларни ўз ортидан эргаштириш – ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган фазилат.

 

Афсус 

Маматқул аканинг ижоди ва асарлари ҳақида мунаққидлар кўп ёзган. Ҳали яна ёзади. Мен унинг раҳбарлик фаолиятига эътибор қаратганимнинг боиси шуки, сўнгги пайтларда машҳур арбобларимиз ҳақида деярли ҳеч ким сўз айтмай қўйди. Айтса ҳам, номигагина. Бундай “айтимлар” кўпинча юбилейлар арафасида бирров пайдо бўладию бенишон кетади.

Афсус!

Маматқул Ҳазратқулов асарлари, айниқса, публицистикаси ҳақида сўз юритар экан, мутахассислар кўпинча бир жиҳатга эътибор қаратадилар. Бу–донишмандларга хос тиниқ ва аниқ фикр. Бунда адиб меҳр қўйган устозлари Асқад Мухторга хос тутум — сокинлик, оғир-вазминлик, Одил Ёқубовга хос бағрикенглик, дангаллик, атоқли адиб ва мутаржим Ваҳоб Рўзматовга хос ҳазил-мутойибага мойиллик сезилади. Ҳовлиқиш, пала-партишлик, сендан мен камми деган ақидаю чапакбозликлардан йироқ.

Ҳаётда биров май, биров гул ишқида ўртаниб, бошқаси тўй-томоша қилиб яйрайди. Маматқул ака эса, иш кўпайган сайин димоғи чоқ бўладиганлар хилидан. Зиммасидаги юк, масъулият қанча ортаверса, гўё силлани қуритадиган қўшимча ташвиш эмас, мукофот олаётгандай, шунча кишти келаверади. “Шуниси етмай турганди!” деб нолинсангиз, эшитадиганингиз тайин: “Шукр қилайлик! Қўлимиздан келадиган иш-ку!..”

Акадан энг яхши кўрган сўзини сўрамаганман, лекин биламан: “Шукр!”

Бу фақат менинг фикрим эмас. Маматқул Ҳазратқулов билан бирга ишлаган, уни яқиндан билган юзлаб, минглаб ҳамкасб журналистлар, ёзувчилар, драматурглар, мутаржимлар, сценарийнавислар, ноширлар, санъаткорлар, мусаввирлар, устозларию шогирдларининг ҳам фикри. Бу –Маматқул аканинг юзлаб мақолалари, китобларини ўқиган, телекўрсатувлари, кинофильмларини, пьесалари асосида саҳналаштирилган спектаклларини томоша қилган мухлисларнинг-да эътирофи.

Мен ҳали талабалик пайтимда, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигига мусаҳҳиҳ сифатида ишга келганимда, у масъул котиб эди. Кейин яна ЎзАда бирга ишладик. У киши – бош директор, камина – ўринбосар.

Маматқул Ҳазратқулов – Ватанимизнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, халқаро ахборот майдонидаги нуфузини юксалтириш, истиқлолимизнинг мафкуравий, ғоявий асосларини мустаҳкамлаш ишига энг фаол, энг самарали ҳисса қўшган, бугун ҳам бу йўлдаги собитқадам, фидойи сиёсат ва маданият арбобларимиздан бири. Шу ишга умрини бағишлаган ижодкор.

Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсатига оид энг муҳим расмий ахборотлар йигирма икки йил мобайнида Маматқул Ҳазратқуловнинг назаридан ўтгандан кейин ЎзА орқали дунёга тарқатилган. Агентлик сайтига хабарлар ўзбек, инглиз, рус, немис, хитой, араб, испан, француз — жами саккиз тилда қўйила бошлаганида интернет ҳали нафақат Ўзбекистонда, узоқ хорижда ҳам бугунгидек кенг оммалашмаган эди.

 

Ётиб олиб ўқийди!

Маматқул Ҳазратқулов – ўзбек миллий журналистикасининг расмий, жумладан, халқаро ахборот йўналишида ўз тарихи ва анъаналарига эга мактаб яратган журналист.

Мамлакатимизда нафақат оммавий ахборот воситалари тизимида, балки маънавият, сиёсат, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар, парламентаризм, таълим-тарбия, адабиёт, санъат каби кўплаб соҳаларда бир тушунча қатъий шаклланганига анча бўлган: бирор ташкилотга ишга олинаётган номзод ЎзАдан чиққани айтилса, бас, ортиқча саволга ҳожат қолмайди. Билими, тажрибаси, салоҳиятига шубҳа-гумон қилмаса бўлади. Ишни ҳам, сиёсатни ҳам, масъулиятни ҳам, тилни ҳам, муомалани ҳам билади. Хат-ҳужжатга пишиқ-пухта, тайёр кадр!

ЎзАда Маматқул Ҳазратқулов мактабида шаклланиб, тобланган, иш ва тил ўрганиб чиққан, кўплаб йўналишларда самарали меҳнат қилаётган машҳур журналистлар, адиблар, сиёсатчилар, депутатлар, дипломатлар ва бошқа соҳалар вакилларининг номини, мансаб-мартабасини келтирсам, каттакон газетанинг саҳифаси камлик қилади.

Шу боис, фақат битта рақамни айтиш билан чеклансам. Бир неча йил аввал, Маматқул ака билан ҳали ЎзАда бирга ишлаб юрган кезларимизда, биз, шогирдлари ўзимизча санадик. Нуфузли вазирлик ва идора, ташкилот ва муассаса, нашрлару корхоналарда бош раҳбар бўлиб ишлаётган ЎзАнинг собиқ кадрларининг ўзи йигирмадан ошар экан.

Йигирмадан!

Шунда таниқли адабиётшунос Шуҳрат Ризаев ҳайратланиб гапирди: “Маматқул акадай газета-журнал, китобни кўп ўқийдиган одамни кам кўрганман! Қандай вақт топиб, ҳафсала қилади – ҳайронман!..”

Сўнг менга юзланди: “Раҳбарингиз ЎзАнинг материалларигаям онда-сонда кўз ташлаб турадиларми, ўзи?”

Бу саволни эшитиб, Агентликда икки йил бош директорнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Эркин Аъзам тиззасига шапатилаб кулди: “Кўз ташлаб турадиям гапми! Ётиб олиб ўқийди! Фармону қарорлардан тортиб, об-ҳаво маълумотигача шахсан ўзи ўқийди. Яна икки тилда!..”

Бу гапда мутлақо лутф ҳам, лоф ҳам йўқ. Бугун ҳам “Гулистон” журналининг материалларини, макетини, безакларини, суратларини, сарлавҳаларини– ҳаммасини ўзи бирма-бир, синчиклаб кўради. Ходимларига ишонмаганидан эмас, шундай ишлашга одатланганидан. Бундан катта завқ олганидан!

Ўзи раҳбарлик қиладиган нашрда нималар чоп этилгани ёки этилаётгани билан қизиқмасдан, билмасдан, тағин шу ҳолига фахрланиб ўтиб кетган бош муҳаррирларни ҳам кўп кўрганмиз.

 

«Ҳазратқуловнинг соати» 

2016 йил остонада эшик қоқиб турган кунлар эди. Иш одатдагидан ҳам кеч тугади. Жуда кеч. ЎзА мамлакатимиздаги жамики (билишимча, мингдан ортиқ) оммавий ахборот воситалари таҳририятларига сўнгги расмий материални узатиб, хайр-хўш қилганидан сўнг, газетани апил-тапил “ёпдик”.

Биз, навбатчи гуруҳ, “Правда Востока” газетасининг навбатдаги сонини босмахонага топшириб, машинага ўтирганимизда, пойтахтимизнинг қоқ марказидаги Матбуотчилар кўчасида жон зоти қолмаганди. Қандай қолсин! Изиллаган совуқда кимга зарил дейсиз.

– Соат неча бўлди? – уйқусираб сўради ҳайдовчининг ёнида қўнишиб ўтирган бош муҳаррир ўринбосари.

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Чамаси, чўнтагидаги телефонига ёки билагидаги соатига бирров кўз ташлашга бошқаларда ҳам на ҳафсала, на тоқат қолган эди.

– Ана, Ҳазратқуловнинг соатига қаранг, – деб норози тўнғиллади мусаҳҳиҳ аёл.

Ўринбосар ойнани тушириб, бошини чиқарди:

– Ў-ҳў! Учданам ўтибди-ку…

Чироқлар шуъласида парвозга шайланган оққушдек товланиб турган муҳташам бинонинг ўн еттинчи қавати пештоқидаги соат миллари майин жимирлайди.

“Ҳазратқуловнинг соати!” – деб пичирлайман мен ва кўз олдимга ЎзА бош директорининг “илонизи” хонаси келади. Кирган одамнинг эътибори отам замондан қолган сарғимтил мебелларга, бесўнақай алюминий деразаларга эмас, “буралиб кетган” хонанинг кулранг деворларига тушади. “Хонангиз метрога ўхшаркан” деган ҳазиллар кўп бўларди. Асли ўзи телефон станциясига мўлжаллаб қурилган бино яна нимага ўхшасин.

Ўзбекистон мустақилликка эришганига икки йил тўлиб, шўролар давлати тарих саҳнасидан аллақачон тушиб кетган бўлса-да, пул-молия масалаларида ҳали-ҳамон марказнинг таъсири сезилади. Ўзаро олди-сотди, товар айирбошлашда совет рубли муомаладан чиқиб, ҳамма бартерга ўтган.

Давлатимиз раҳбарининг 1992 йил 5 февралдаги фармонига биноан,  ЎзТАГ деб аталмиш агентлик Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) номи билан қайта ташкил этилди. Уч юз кишилик жамоада давлат тилида ёза оладиган уч мухбирни тополмайсиз. Томигача ваҳимали бетон панжаралар билан ўралган беш қаватли бинодан ҳамма ҳадиксирайди. Советлар замонида мустамлака зулми шу бинодан ёйилган, шу бино орқали оқланган. Тақдирни қарангки, менинг ўзимни ҳам шу бинода битилган мақолалар билан икки марта “Правда Востока”да миллатчиликда айблаб “уришган” эди.

Бировни ЎзАга ишга таклиф қилсангиз, маош қанчалигини эшитиб, қайтиб эшикдан бош суқмайди. Сталин замонидан қолган техника-технология деган (агар шундай аташ мумкин бўлса!) матоҳнинг ҳаммаси Москвада – ТАССда обдан ишлатилиб, кейин “қардош республикалар”га тақсимланган эмасми, бузилмаган куни йўқ.

Остона ҳатласангиз – бозор эди. “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг олдидан то соатли минорагача кўчанинг икки бўйини ёймачилар эгаллаган – эски-туски ашқол-дашқол, кийим-кечак, озиқ-овқатдан қозон-товоққача бор. Магазинлар бўм-бўш. Ун, ёғ, шакар, совун, ҳатто сигарет ҳам, ижроқўм рўйхати ва рухсати билан жон бошига ўлчаб берилади.

Хорижий тилларни биладиган журналистни кундузлари чироқ ёқиб топиш маҳол. Ўзбек расмий, айниқса, халқаро ахборот тили шаклланмаган. Давлат тилига таржима қилинадиган материалларни ёзаётган аксарият ходимларнинг эса хаёли паришон. Ўзбекистон мустақиллигини бутун дунё тан олган бўлса-да, уларнинг ҳали-ҳамон “катта оғалик” эгаридан тушгиси йўқ. Топшириқ берсангиз, тишини ғижирлатади…

ЎзАнинг бугун парвозга шайланган оққушдек товланиб турган биноси 2008 йили, Агентлик жамоаси унга кўчиб ўтганида, қандай аҳволда бўлгани ҳам ёдимда. Улкан иморатнинг ёнидан ўтиш хатарли. Мармар қопламаси кўчиб, бошни ёриши мумкин. Ёрган ҳам. Шундан сўнг атрофи қизил тасма билан ўраб қўйилган. Бинода ижарада турган ўнлаб фирмаю компаниялар хонасини ўз билганича таъмирлаб, ич-ташини яроқсиз ҳолга келтирган.

Ўзингиз айтинг, шаҳар марказидаги ҳайҳотдай бинони, сўнг уни таъмирлаш учун миллионлаб маблағни ундириш осон ишми? Муомала, обрў-эътибордан ташқари, сохт-сумбат, салобат ҳам муҳим. Кимга, қачон ва нима дейишни ҳам билиш керак.

 

Уйғоқ сўз ва дониш фикр қадри

Бу эссе фақат Маматқул Ҳазратқулов ҳақида эмас. У мансуб авлод, истиқлолнинг дастлабки йиллари ҳақида.

Бугун, орадан қарийб ўттиз йил ўтгач, ўша кунларни эслар эканман, баъзи воқеалар гоҳ кулгили, гоҳ фожиали бўлиб туюлади. ЎзАда янги ташкил этилган халқаро ахборот таҳририяти ходимларига ўқитувчи ёллаб, хорижий тилларни ўргатиш билан бирга, халқаро муносабатлардан ҳам сабоқ беришга тўғри келган.

Ҳали мустақил Ўзбекистоннинг давлат протоколи шаклланмаган. Ташриф буюрган хорижлик олий мартабали бир меҳмоннинг пойига оқ қўчқор сўйилса, бошқаси советчасига –нон-туз билан кутиб олинади…

Янги, мустақиллик шароитида ишлаш осон эмасди. Ҳали кўп нарсалар қандай бўлишини, замонавий миллий давлат қандай шаклланиши лозимлигини ҳеч ким аниқ билмасди. Марказнинг топшириғи, партия ва ҳукуматнинг етовига кўникиб қолган раҳбар кадрларнинг кўпи аросатда. Истиқлолнинг маънавий ва ғоявий асосларини мустаҳкамлашда миллатнинг онгу шуури, тафаккури теран илмий доиралари, ижодкор зиёлиларига таянилгани сир эмас.

Ўзбекнинг не-не адиблари, олимлари, уламолари ўз илмий-ижодий ишини четга суриб қўйиб, фаолиятини, умрини салтанату сиёсатга – Ватанимизнинг давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш ишига бағишлади. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Бахтиёр Назаров, Аббосхон Усмонов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Тошхўжаев…

Узоқ давом эттириш мумкин бўлган ушбу рўйхатда Маматқул Ҳазратқуловнинг алоҳида ўрни бор. Хароб бино, алмисоқдан қолган ускуналар, тажрибаси мўрт ходимлар билан иқтисодий-молиявий аҳволи абгор Агентликда иш бошлаб, уни минтақамизнинг энг нуфузли ахборот маҳкамаларидан бирига айлантира олган раҳбар — шу одам. Оммавий ахборот воситалари ЎзА тарқатаётган материалларга қараб андаза оладиган даражага кўтарган моҳир бошқарувчи, сарменежер – шу одам.

Унутмайлик: бугун мустақил Ватанимиз, она халқимиз, давлатимиз не бир ютуқларга эришган ва эришаётган бўлса, бу муваффақиятларнинг замирида миллий ижодкор зиёлиларимизнинг, арбобларимизнинг фидокорона меҳнати – уйғоқ сўзи, дониш фикри, адолатли маслаҳатлари ҳам мужассам.

Бугун етмишнинг нари-берисидаги ва ўзини “ёлғон-яшиқ китоблар, сохта ақидалар – коммунистик ғоялар руҳида  тарбиялангани учун “алданган авлод” (Эркин Аъзам ибораси) деб ўқинадиган зиёлиларимиз истиқлолнинг аввалида барча масъулиятни ўз зиммасига олишдан, хатолардан чўчимади.

Бу авлод салтанат тепасига келганида давлат раҳбаридан то оддий амалдоргача – ҳаммаси эгизакларга ўхшарди: эгнида бир хил –Тошкентдаги “Юлдуз” фирмасида тикилган қўшқатор тугмали одми қора костюм, бўйнида резина чандилган галстук, дазмол босилавериб сарғайиб кетган оқ кўйлак. Йўқсиллиги билан фахрланиб келган авлоднинг фарзандлари пўримроқ кийинишга истиҳола қиларди. Буни манманлик, кибр, муҳтожликда яшаётган халқининг юзига оёқ қўйиш, деб биларди.

Ўша кезларда ЎзА бош директорининг, яъни вазир мақомидаги юқори мартабали амалдорнинг, маоши ўттиз долларга ҳам етмасди, десам, манзара янада яққолроқ аён бўлади.

Қўлга киритилган мустақиллик завқидан маст бу авлод уй-рўзғори, бола-чақаси, ижодини унутиб тер тўккан, эл-юртининг ялт этган ютуғидан боши кўкларга етиб, бароридан келмаган ишларидан хафақонга чалинган.

Не тонгки, бу авлоднинг хатолари, улоқишлари кўп бўлди. Бироқ Ватан мустақиллигини шер каби улкан рашк, қизғаниш билан ҳимоя қилди. Шу неъматга соя соладиган ҳар қандай манфаатдан, жонидан ҳам, ўйлаб-нетиб ўтирмай воз кечди: “Ватан битта – жон битта!”

Ўзини эплай олмаган халқ етимга ўхшайди – “отаси”, ақл ўргатувчиси кўп бўлади. Боши ғавғою жанжалдан чиқмайди.

Ўзбек доим ўзини эплаган!

Ватанга, истиқлолга садоқат — фаолиятнинг энг муҳим, керак бўлса, муқаддас мезонига айланди. Ушбу мезон олдида бошқа айбу нуқсонлар, унча-мунча гуноҳлар ҳам кечирилди. Бугун дунёнинг энг тинч, энг осойишта мамлакатларидан бири – Ўзбекистонда бир пиёла чойимизни хотиржам ичаётган бўлсак, бола-чақамиз боғчага, мактабга, ишга бехавотир бориб келаётган бўлса, шу “алданган авлод”дан миннатдор бўлмоғимиз даркор.

Шу куйди-пишди авлоднинг саъй-ҳаракатлари самарасида ўзбек давлати истиқлолнинг пўлатдек мустаҳкам йўлига чиқиб олди ва уни энди ҳеч ким, ҳеч қачон бу йўлдан қайтара олмайди, деймиз. Кўп миллатли, кўп миллионли халқнинг онгу шуурига мустақил Ватан туйғуси, истиқлол ғояси метин қояга чуқур ўйилган гўзал нақшдек абадий муҳрланди. Миллатнинг онгидан большевизм, империализм, колониализм – ўзга давлат, ўзга халқ олдида қуллик ва мутелик ғояси сиқиб чиқарилди. Миллий ғурур шакллантирилди. Эрк, озодлик ва фаровонлик сари кенг йўллар очилди.

 

Икки соҳил оралиғи 

Сиз мендан 1947 йили Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги тоғли Мингбулоқ қишлоғида серфарзанд оилада туғилиб, вояга етган Маматқул Ҳазратқуловнинг тупроғи қаердан олинган деб сўрсангиз, жавобим аниқ: сабр ва заҳмат деган заминдан!

Адиб нашрга тайёрлаган янги китобини “Икки соҳил” деб атаган. Сўзбошида шундай сатрларни ўқийсиз:

“Бирон-бир дарёнинг бу соҳилидан у соҳилига сузиб ўтганмисиз? Бунга кўп вақт кетмайди. Шундайми? Аммо шу қисқа вақт ичида дарёдан қанча сув оқиб ўтади?

Инсон умрини ана шу жараёнга менгзаш мумкин. Ибтидосидан интиҳосигача бир лаҳзалик. Умр кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Шу қисқа умр давомида одам боласи нималар қила олди? Қандай савоб ишларга қўл уриб улгурди? Ёки бутун умр изсиз, самарасиз кечдими?

Гап ана шунда.

Кимдир Оллоҳ берган буюк неъмат – умрнинг ҳар куни, ҳар дақиқасидан унумли фойдаланишга, ўзидан муайян из қолдиришга интилади. Бу из, аввало, солиҳ фарзандлар, эл-юрт учун қилинган хайрли, эзгу амаллар, қурган иморатлар, барпо этган боғ-роғлар, ёзилган китоблар, тарбиялаган шогирдлар…”

Маматқул аканинг ушбу китобига жамланган ҳикоялар, қиссалар шулар ҳақида. Энг асосийси, китобнинг биринчи қисмидаги (Биринчи соҳил) қисса ва ҳикоялар собиқ шўро тузуми даврида ёзилган. Иккинчисидан (Иккинчи соҳилдан) жой олган асарлар эса, истиқлол йилларида битилган.

Хуллас, “Икки соҳил” – насрий асарлардан жамланган ажойиб гулдаста.

Бу гулдаста ўзбекнинг садоқатли фарзанди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби, таниқли адиб, солиҳ фарзандларнинг отаси Маматқул Ҳазратқуловнинг қанчалик серғайрат ижодкор, донишманд инсон эканлигини ҳам кўз-кўз этиб турибди.

  “Ҳуррият” газетасининг 2021 йил 10 февралдаги 6 сонидан олинди.