Ҳаммаси тушликка яқин бошланди. Хаёлида ер силкинаётгандай бўлаверди. Бир қаршисидаги компьютерга, бир шифтдаги лампага қаради-ю, шартта кўзларини юмиб олди ва бошини чангаллаганича, столга энгашди. Назарида, ер аста-секин қимирлаяпти. Мана, ўзи ўтирган кресло ҳам оҳиста тебрана бошлади. Ҳозир ҳаммаси тамом бўлади, шаҳар остин-устун бўлиб кетади. Шу пайт буғиқ ғийқиллаб турган креслодан “пусс”, деган товуш чиқди-ю, ола-тасир бўлиб қолди. Кресло чўкиши баробарида, жон ҳолатда ўрнидан туриб кетган Пўлатнинг кўз олди қоронғу эди. У юраги ёрилгудек бўлиб, атрофига аланглади. Сўнгра ер силкинмаётганини ўзича тусмоллади ва қўрқа-писа ортидаги дераза томонга бурилди. Осмон булут экан, ёмғир иси ҳам келяпти, хаёлидан ўтказди. У бир зум деразадан шаҳарга термулиб турди. Ҳадик ҳали ҳам кўнгилни тарк этмаган эканми, тезда хонадан чиқмоқчи бўлди-ю, бошини эшикка уриб олди ва оғриқнинг зўридан инграб юбораёзди. Шундагина хаёли бироз жойига келди.
Пўлат ишхонасидан чиқиб, сайилгоҳ томон юрар экан, кеча нималар бўлганини бирма-бир эслашга уринди. Лекин ҳарчанд уринмасин, уддасидан чиқолмади. Унинг боши ғовлаб кетганга ўхшарди. Баъзи нарсалар элас-элас ёдига тушардию, қўрқиб кетарди ва дарҳол қошларини чимирганича бутун вужуди билан эсламоққа тиришарди. Хотирани титкилагани сари баттар ғамга чўмарди: “Балки.., балки ундай бўлмагандир, йўғай, Худо сақласинай, эҳтимол бу тушдир!?”
Пўлат йиғламоқдан бери бўлиб сайилгоҳнинг хилватроқ жойидаги ўриндиққа бориб чўкди ва кўзларини юмганича, кечаги кунга лаънатлар айтди. Ичкилик таъсиридаги ҳорғинлик, қарама-қарши ўйлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан толиқтирган эмасми, кўзлари юмилиб-юмилиб кетаверди. Энди кўзи илинган ҳам эканки, чўчиб уйғонди, гўёки ўриндиқдан сирғалиб тушиб кетаётгандай бўлди. Шундан сўнг баъзур ўрнидан туриб, эснаганича атрофига назар солди, чўнтагидан қўл телефонини олиб, соатига қарамоқчи бўлди, бирданига телефони кеча йўқолгани эсига тушди.
Пўлат ишхонаси томон қадам ташларкан, бироз қорни очганини ҳис қилди, бояги ҳорғинлик, ваҳимали ўйлар сал чекингандек туюлди. Гўёки, бир лаҳзалик уйқу қўрқувни қувгандек эди. Сал юргач, тағин кечаги воқеаларни ўйлашга тушди. Ўйлаши баробарида юрагида яна оғриқ турди. Энди бўлиб ўтган воқеалар хотира пучмоқларида анча тиниқ жонланиб, бари бирин-кетин эсга туша бошлади…
* * *
Пўлат олдинлари онаси қайта-қайта таъкидлаб айтадиган заҳар-заққумдан умуман татиб кўрмаганди. Негадир татиб кўришдан ҳам қўрқарди. Чунки отаси эсини танибдики, ичар, бундан бутун бошли оила азият чекиб келарди. Онасининг оҳ-зорлари, кунда-кунора йиғи-сиғиси юрак-бағрини қон қилиб юборган бўлса, отасининг бу юришидан қаттиқ уяларди. Синфдошлари олдида ўзини гўёки айбдор ҳис қилар, бемалол ичидагини ташига чиқара олмас, хуллас, қисиниб-қимтиниб юришга мажбур эди. Ҳаёт шу тарзда давом этаверди. Пўлат бор аламини китобдан олди, тунлари ухламай қўшни қишлоқ мактаби кутубхонасидаги китобларгача ўқиб чиқди. Дарсларни яхши ўзлаштирдики, мактабни тугатиб, синфдошлари ичидан бир ўзи нуфузли олийгоҳга ўқишга қабул қилинди. Бундан онанинг қувончи чексиз бўлди, қўни-қўшни, тенг-тўш барчанинг ҳаваси келди. Отанинг кўкраги янада керилди, улфатчилиги авжига минди, ўзи ишлайдиган мармар конидан олтин топгандек беҳад севиниб юрди. Ўғлини бағрига босиб, улфатларига мақтади, боши осмонга етди…
Кунлар шу зайл ўтаверди. Пўлат олийгоҳда ҳам яхши ўқиди. Ўқишдан бўш пайтлари мардикорчилик қилди, талабаликнинг тотли онларинию, бор машаққатларини бошидан ўтказди. Олтин давр ҳам кўз очиб, юмгунча ўтиб кетди. Шундан сўнг у таҳририятга ишга кирди. Дастлаб қишлоқ соғинчи уфуриб турган қатралари газетада босилди. Болаликдаги ёрқин хотиралари, содда, тўпори қишлоқдошларининг юз-кўзлари, гап-сўзлари уни завқлантирди, ижод қилишга ундади. Ёзган катта-кичик ҳикоялари тезда тилга тушди. У ана шундай ижод завқидан сармаст бўлиб юрган кезларда шаҳарнинг бир четидаги боғчалардан бирида ҳам боғбон, ҳам қоровул бўлиб ишлайдиган синфдоши Пардабой қўярда-қўймай меҳмонга таклиф қилди. Пўлат меҳмонга ёлғиз бормади. Ўзи тенгқур бир шоиртабиат ҳамкасбини ҳам олиб борди. Шоиртабиат ҳамкасби унчалик танилиб, улгурмаган бўлса-да, лекин ўзи тенгилар ичида шоирликка асосий даъвогарлардан эди. Унинг асосий ютуғи камроқ ёзарди. Бўлар-бўлмас нарсаларни қоралаб, у ёқдан буёққа кўтариб чопмасди. Ҳадди-ю ўрнини билибгина ҳаракат қиларди. Пўлат ҳам уни шу феъли сабаб ҳурмат қиларди. Ўз ўрнида шоиртабиат ҳамкасбнинг ҳам Пўлатга ҳурмати баланд эдки, бу ҳам бежиз эмасди. Бир томондан иккаласи ҳам даштнинг йигитлари. Ҳавоси ҳам, лаҳжаси ҳам деярли бир хил. Ўша болаликдан қиру адирларда қўй-қўзининг ортидан пойи-пиёда кезиб улғайган йигитлар! Иккинчи жиҳати, Худо Пўлатни ҳам истеъдод аталмиш неъматдан қисмаган. Юқорида шаъма қилиб ўтганимиздек, ёзган ҳикоялари аллақачон тилга тушган. Лекин у ҳам кам ёзади. Ёзганларидан нишхўрд камроқ чиқади. Кўпчилик тенгқурлари ундан ҳайиқиброқ ҳам турадики, бу ҳам унинг ёзувчи сифатидаги диду фаросатини кўрсатиб туради…
Хуллас, учовлон белгиланган вақтда учрашиб, Пардабой айтган кафега боришди. Гурунг баланд кайфиятда бошланди. Пўлат Пардабойга шоиртабиат ҳамкасби Норқул Ҳасанни таништирди. Норқул Ҳасанга Пардабой ҳақида йўл-йўлакай гапириб келгани учун қисқа қилиб яна қайта таништирди.
Пардабой анчадан бери қишлоққа бормай юргани учунми жўрасини кўриб, яйраб кетди. Уни кетма-кет сўроққа тута бошлади. Иши, рўзғори, ҳол-аҳволидан ўтиб, қишлоқдаги янгиликлардан сўради. Болалик, мактаб даврлари ёдга олинди, хаёл қишлоққа, дашту адирларга кетди. Гурунг қизий бошлади. Пардабой айтдики, жўра, бугун биир қишлоқни эслаб, пиёлада ичамиз. Одам қишлоқни соғинди. Сен билан кўришмаганимизгаям минг йил бўлди. Бугун бир чўлга, қовун ўғирликка борганларимизни эслаб, бир отамлашайлик, ошна!..
Пардабой официантни чақириб, кабобу газаги билан анави ўлгурдан бир шиша буюртма қилди ва мана буларни йиғиштириб олинг, бизга ўзимизнинг пиёладан беринг, дея қадаҳларни қайтариб берди. Официант чаққонгина экан, бир зумда айтилган нарсаларни келтирди. Боғчада кечқурунлари оз-моз отиб ўрганган эмасми, Пардабойнинг шишани кўриб яна ҳам кайфияти кўтарилди. Қўлларини бир-бирига ишқалаганича шишани очмоққа чоғланди. Шиша ўлгур ҳам осонликча очилмас экан, санчиқини ишга солишга тўғри келди. Пардабой шишани очиб, пиёлаларга яримлатиб қуйди ва меҳмонларга қани, кабобнинг тагидан битта-битта олайликчи, дея узатди. Пўлат аввалига унамади: жўра, шоир икковларинг олаверинглар, мен ичмайман, деди.
Пардабой қўлида пиёла э, қўйсангчи, ошна, бунақамасда, ўн йил бир партада ўтирганимиз қайда қолади?
– Мана, шоирдан ҳам сўра, шу пайтгача умуман ичмаганман, деди Пўлат. Лекин негадир ич-ичидан ичиш истаги ҳам пайдо бўла бошлаган, ўзи айтмоқчи, шайтон йўлдан урмоқчи эди.
– Ээ, қўйсангчи, Пўлат! Ол, қўлимни қайтарма!.. Забтига олди Пардабой.
Пўлат унинг қистови билан пиёлани бир кўтаришда бўшатди. Ичи ёниб кетгандек туюлди. Бироздан сўнг юзи қизариб, кўз олди қоронғулашди. Нима бўлаётганини тушунолмай, бир муддат гаранг бўлиб ўтирди. Кейин бирданига бўшашди, кайфияти кўтарила бошлади. Пардабой кабобдан олишга ундаганича яна қуйди. Пўлат яна икки-уч қўл олди-ю, танасига сеҳрли бир куч қуйилиб келаётганини аста-секин сеза бошлади. Гурунг энди қизигандан қизий бошлади. Шу пайтгача кўп ҳам гапга аралашмай ўтирган шоирнинг ҳам тил тугуни ечилди. Пардабой билан ҳам худди эски қадрдонлардай апоқ-чапоқ бўлди, қолди. Орада шишанинг иккинчиси очилди, шоир тўрт қатор шеъри билан тилак айтди. Шундан сўнг кайфи оша бошлаган Пўлат айтдики, мазза эканку! Қуй, жўра, тўлдириб-тўлдириб қуй!!!…
Пўлат эртаси куни “Уҳ, энағар Пардабой! Қаёқданам сен касофатга йўлиқдим-а, қай гўрданам сенга дуч келдим-а!? Ишим кўп, чиқолмайман, десам ўламидим-а!?”, дея афсус билан бошини чайқади. Лекин шу-шу узатилган “қўл”ни қайтармайдиган бўлди. Бунинг эвазига эса такрор ва такрор мақтовлар билан сийланди. Аста-секин давралару даврадошлари сафи кенгая борди. Катта-кичик зиёфатлару чойхоналардан тортиб тўйларда ҳам қадаҳ сўзларини қойиллатиб айтар, бундан кўнгли тоғдай ўсарди. Бора-бора доимий улфатлар пайдо бўлдики, иш вақти тугаб, кеч тушишини кутиш одатга айланди. Қош қорайиши билан шаҳарнинг гоҳ у ерида, гоҳ бу ерида ҳар кунги улфатлар йиғилар, қизғин гурунгларда шишашаларнинг кети узилмасди. Бундай давралар алламаҳалларгача давом этар, ким, қандай уйига етиб олганини кўпинча эслай олиш имкони бўлмасди. Ҳаёт шу тарзда давом этаверди. Пўлат аввалига бундай яшаш ярамайди, дея турли баҳоналар топиб, улфатлардан бир муддат узоқлашмоқчи ҳам бўлди. Лекин уддасидан чиқа олмади. Улфатларини, қизғин давраларни қумсайверди. Охири кўникди. Ҳаёт шундай давом этиши керакдек юраверди. Жамоада “тўйган қўзидек йигит”, дея ном олган Пўлат аста-секин бутунлай бошқа одамга айланди. Энди у аввалгидек эрталаблари туриб ишга бормас, топшириқларни ўз вақтида бажаришга ҳам улгурмасди. Ишга кечикиб келиб, турли баҳоналарни тўқир, бундан заррача ҳам виждони қийналмасди. У кеча, зиёфатдан қайтишда бўлиб ўтган воқеларни ҳам тиришиб эслашга ҳаракат қилар экан, бирор бир жўяли баҳона топишга уринарди.
* * *
Тун ярмида уйга кайфи тароқ бўлиб келиб, ухлаб қолган Пўлат чошгоҳларда минг бир хавотиру ҳадик билан уйғониб кетди. Атрофга аланглади, уйда ҳеч ким йўқлигини тусмоллади. Баъзур ўрнидан туриб, гандираклаб ошхонага кирди ва совуқ сув жумрагини буради. Кафтларини тўлдириб муздай сув ичар экан, нафаси қайтди. Бошини кўтариб, чуқур нафас олди, бошидаги оғриқни ҳис қилди. Совуқ сувга бошини тутди, хиёл кўзи очилиб, ўзига келди. Соат неча бўлибди, деган ўйда ётган жойига кириб, қўл телефонини қидиришга тушди. Лекин топа олмади. Телевезорни ёқди, соати чиқиб турадиган каналга олди. Соат тўққиз ярим бўлибди, тўққизда тадбирга боришим керак эди, энди улгурмайман, ўйлади ва ҳафсаласизлик билан кийина бошлади. Ишга бориш керак!.. Пўлат ўйлади, тадбирга бормаганимнику сездирмасман, сезиб қолса ҳам бир амаллаб важ топарман. Лекин кеча бўлиб ўтган воқелар ишхонага, раҳбарга етиб келган бўлса-чи? Ўйлаши баробар жони бўғзига келаверди, нафас олиши қийинлашиб, тўхтовсиз уф тортаверди.
Пўлат боши шишиб, минг бир хаёллар билан кўчага чиқиб, такси тўхтатди ва ишхонаси манзилини айтиб, машинага ўтирди. Эллик қадам юрилмади ҳамки, ҳайдовчи секин гап бошлади: ака, кеча росааа бўганми, дейман, буруқсиб иси келаяпти…
Пўлат бирданига қизарди, ўзини ноқулай ҳис қилиб, шу ерда ҳам бир ёлғон гапирдики, ҳа, кеча бир улуғ ёзувчининг отини айтиб, шунинг туғилган кунида бўлдик, ғойибона устозимиз эди, ҳурматига роса ичибмиз. Ҳайдовчи айнан шу улуғ ёзувчининг Себзор тарафдаги кўп қаватли уйлардаги эски хонадонини сотиб олиб, шу-шу улуғ ёзувчи билан борди-келдини йўлга қўйган эканки, унинг туғилган кунларига бориб тураркан. Шартта дангалини айтди, ака, нима кераги бор, ёлғон гапиришнинг. У одам айни қирчиллаган қишда туғилгану, биз ҳар йили борамизку уйига, Қорасув тарафда ҳовлиси бор…
Пўлат ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади. Бир зум каловланиб қолди. Уят ўлимдан қаттиқ, деганларидек, вазиятдан силлиқ чиқиб кетмоқчи бўлди ва айтдики:
– Ака, улуғ ёзувчи асли қовун пишиғида, чўлда туғилган, киндигини онасининг ўзи кесган. Кейинчалик, чўлда ишлар саябир бўлгач, қишда отаси бориб ҳужжатини олиб келган. Шунинг учун улуғ ёзувчи йилига икки марта туғилган кунини нишонлайди. Қишдагиси расмий доиралар учун, куздагиси қариндош-уруғ, яқин оғайнилари учун. Бунга ҳеч ажабланишнинг ҳожати йўқ.
Пўлат ўзи тўқиган ёлғондан ўзича мамнун бўлиб, зимдан ҳайдовчига кўз ташласа, ҳайдовчи мийиғида кулиб келаяпти. Бир жаҳли чиқди, шартта машинани тўхтатиб, ярим йўлда тушиб қолмоқчи ҳам бўлди. Начора, туша олмади, кечаги бўлиб ўтган воқеаларни ўйлаб силласи қуриганди. У ишхонасига келгач, остонадан қўрқа-писа ҳатлади. Ҳарқалай коридорда ҳеч ким йўқ экан. Тез юриб, хонасининг эшигини очди ва кира солиб ичидан қулфлаб олди. Ғамгин, ичига чироқ ёқса ёришмайдиган ҳолатда хона тўридаги креслога ўзини ташлади ва кўзларини юмганича кечаги воқеаларни яна эслашга тушди.
* * *
Ҳаммаси тушликдан кейин ойдинлашди. Пўлат юраги така-пука бўлиб ўтирган эди, эшик очилиб, котиба кўринди ва бош муҳаррир сўраётганини айтди. Пўлат ранги-қути ўчиб, довдираб муҳаррирнинг хонасига кирди. Қараса, муҳаррирнинг чиройи очиқ, ҳеч нарса бўлмагандек, келинг, ўтиринг, дея имо қилди. Пўлат бадтар ажабланиб, секингина стулнинг бир бурчига ўтирди. Муҳаррир ҳол-аҳвол сўрашгач, шу кунлардаги муҳим бир сана муносабати билан каттароқ мақола тайёрлаши, мақола пишиқ-пухта бўлиши кераклигини тайинлади. Пўлат яна нима гап, дегандек бирпас каловланиб турди. Шунда муҳаррир: бўлди, шу топшириқ эди, яхшилаб тайёрланг, деди.
Пўлатнинг бирдан ичи ёришди ва илдам қадам ташлаганича хонадан чиқди. У қушдай енгил тортганди, ичкилик таъсиридаги қўрқув, шубҳа-гумонлар анча босилганди. Ваҳима, ҳадик нари сурилиши баробарида хотира ҳам тиниқлаша борди: Шеш кафе, улфатлар давраси, тушиб қолган телефон, бир чашка кофе, такси…бари бирма-бир ёдга туша бошлади.
Пўлат анчайин ўзига келгач, ўйлаб қараса, кеча унчалик ҳам ваҳимага тушадиган кор-ҳол бўлмаган, мелиса обкетмаган ёки бирор ким билан тўбалашилмаган, фақат қўл телефон қаердадир тушиб қолган. Лекин барибир эрталабдагидек бўлмаса-да, ички қўрқув, ҳадик ҳамон бор кўнгилда, лаънати ичкилик таъсиридаги қўрқув!
Пўлат бу қўрқувни енга оладими ёки бу қўрқув уни бир умр таъқиб қиладими? Буни ҳаёт кўрсатади…