Кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш учун курашаётган Туркия ахборот хуружлари, дезинформация хатарига ҳам дуч келмоқда. Бу ҳақда Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси бошлиғи Фахриддин Алтун баёнотида сўз боради.
“Биз бошдан кечирган катта офатдан сўнг зилзила қурбонларининг ҳаётини хавф остига қўйган жиддий дезинформацияга дуч келдик. Туркия президенти девони Ахборот-коммуникация бошқармаси фуқароларимиз билан биргаликда дезинформацияга қарши курашиш мақсадида Дезинформация ҳақида хабар бериш хизматини йўлга қўйди. Электрон ҳукумат ва мобиль иловалар орқали Дезинформация ҳақида хабар бериш хизматига келиб тушган ёлғон маълумотлар ва янгиликлар сони ҳозирда тахминан 6200 тага етди”, – дейди Ф.Алтун.
Қайд этилишича, дезинформация хизматига хабар қилинган ва мутахассислар томонидан аниқланган кўплаб ёлғон янгиликлар кундалик бюллетень ҳамда бошқарманинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари орқали жамоатчиликка етказилмоқда.
“Халқ сифатида катта офатни бошдан кечираётган мана шундай оғир кунларда, афсуски, дезинформация қанчалик инсон ҳаётини хавфга қўювчи иллат эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Ҳақиқатни очиб беришга интилаётган барча эҳтиёткор ва масъулиятли фуқароларимизга чин дилдан миннатдорлик билдираман”, – дейди бошқарма раҳбари.
Аввал хабар берганимиздек, Ахборот-коммуникация бошқармаси кучли зилзила муносабати билан аҳолини, шунингдек, миллий ва халқаро журналистларни манипуляция руҳидаги ахборотдан эҳтиёт бўлишга чақирган эди.
Туркиянинг жануби-шарқий минтақасида 6 февраль тонгида бошланган зилзилалар натижасида кўплаб вилоятлар, айниқса, Ғозиантеп ва Каҳрамонмараш катта талафот кўрди. Табиий офат, шунингдек, Ҳатай, Адияман, Диёрбакир, Малатя, Усмония, Элазиг, Килис, Шанлиурфа, Адана вилоятларида ҳам машъум из қолдирди. Минглаб инсонларнинг бевақт ўлимига олиб келган зилзила “аср фалокати” деб аталмоқда.