Тамаки ўсимликнинг бўйи 1 — 2 метргача боради. Япроқларининг бўйи 0,5 — 1 метрга етади. Улар узун ва юмшоқ тукчалар билан қопланган. Тукларнинг таркибида смолали шарбат бор.
Бу ўсимликни ўстириш усуллари кўп, аммо уларнинг ҳар бири алоҳида ғамхўрлик талаб этади. Тамаки уруғи экишдан олдин ўғит ва дон билан аралаштирилади ёки чигит билан озиқлантирилади. Иқлими иссиқ минтақаларда унинг кўчатлари экилган жўяклар пахтадан тайёрланган газмол билан ёпилади, совуқ минтақаларда эса теплицаларда ўстирилади. Кўчат 6 — 10 ҳафта мобайнида 20 см. гача ўсади. Ҳар бир ўсимлик 4 — 6 донагача барг ёзади. Кўчатлар олдиндан ўғит бериб тайёрланган ерларга кўчириб экилади.
Ўсимлик гулга киргач, тепа қисми, яъни уруғкуртак бошчаси чилпиб ташланади. Натижада барглар бақувват ва ранги тўйиқ бўлади.
Кўчат ўтқазилгандан сўнг 3 — 4 ой ўтиб, ўсимлик йиғимга тайёр бўлади. Уни йиғиб олишнинг икки тури мавжуд: баргларни навбатма-навбат кесиб олиш ва тамаки поясини тубидан қирқиб олиш.
Биринчи усул бўйича пишган япроқлар бўлак-бўлак ҳолда кесиб олинади. Тамаки ўсимлиги ҳар ҳафта 2 — 4 дона япроқ ёзади. Бу жараён 5 — 8 ҳафта давом этади. Иккинчи усул бўйича эса усимлик таг-туби билан кесиб олинади.
Тамаки йиғиштирилгандан сўнг қуритилади. Япроққа қуритиш орқали тегишли ранг берилади. Тамаки барги ҳавода, Қуёш тафти билан ёки олов ёқиб қуритилади. Барглар олов билан қуритиш учун кичик бир саройга осиб чиқилади ва печка ёқилади. Пояси билан кесиб олинган тамаки очиқ ҳавода қуритилади. Тамакининг бошқа турлари таёққа боғланади ва Қуёш нури тегадиган жойга осиб қўйилади.
Тамаки тайёрлашнинг сўнгги босқичи пишиб етилишидир. Бу япроқни юмшатиш ва тамаки таъмини яхшилаш учун зарур.