Одамлар ўз атрофини қуршаб турган мураккаб организмларнинг қандай яшашини ўрганиш мақсадида эволюция назариясини яратди. Кўпчилик олимлар бу назарияни тан олади, аммо айримлари уни рад этади. Улар, бу назария Инжилга зид, деб ҳисоблашади.
Ушбу назарияга кўра, замонавий ўсимлик ва ҳайвонот турлари табиий равишда нисбатан кўҳна ва энг оддий турлардан келиб чиққан. Улар ҳам ўз навбатида, янада оддийроқ турлардан вужудга келган. Шу тариқа миллион йиллар олдин ҳаётнинг бошида содда елимшаксимон протоплазма қуйқаси турган.
Бу назарияга кўра, одам ҳам, худди ҳозирги бир туёқли от беш панжали кичик аждодидан ўргиганидай (келиб чиққан), нисбатан соддароқ мавжудотлардан келиб чиққан.
Олимлар эволюция мавжудлигини исботлаш учун учта асосий далилни келтиришади. Биринчидан, қадим замонларда яшаган ўсимликлар ва жониворларнинг қазиб олинаётган қолдиқларини ўрганиш. Айрим қолдиқлар эволюция мавжудлигини тасдиқламоқда. Қазишмаларнинг шаҳодат беришича, ибтидоий одам бундан миллион йил аввал яшаган. Шунингдек, қазишмалар вақтида бундан 500 миллион йил аввал яшаган денгиз қисқичбақасига ўхшаш мавжудотларнинг қолдиқлари топилди. Қазишмалар тасдиқлашича, Ерда балиқлар амфибияларгача, амфибиялар судралиб юрувчиларгача, судралиб юрувчилар паррандаларгача ва ҳ.к. пайдо бўлган. Олимлар шуларга асосланиб, ҳаёт бир шаклдан иккинчи бир шаклга қараб ривожланиб борган, деб ҳисоблашади.
Эволюциядан дарак берувчи иккинчи далил эмбриологиядир. Бу фан организмнинг тухумдан бошлаб тараққий этиб боришини ўрганади. Жўжанинг ривожланиб бориши кузатилганда, ҳомила бир вақт балиққа, сўнгра амфибияга, ундан кейин эса судралиб юрувчиларга ўхшашлик босқичини ўтганидан кейин, ниҳоят парранда шаклига эга бўлиши ойдинлашади. Барча жониворларнинг ҳомиласи ўз тараққиёти тарихини қайтаради.
Учинчи далил эса ҳозирги ҳайвонларнинг тана тузилишидир. Масалан, тошбақанинг суяк ва оёғи мушаклари, қушларнинг қаноти, китнинг сузгичи, отнинг олдинги оёқлари ва одамнинг қўллари тузилиши бир хилдир. Одам танасида бир қарашда керак бўлмайдигандай туюладиган органлар бор. Тахминларга қараганда, улар бизга қадимги аждодларимиздан ўтган. Эволюция — табиий тараққиёт назарияси юзага келишига туртки берган далиллар ана шулардир.