Шаҳар чеккасидаги бу тўрт қаватли шафтолиранг уй узун, шу даражада узунки, чавгон дастасининг учидек бурилиб кетган. Охири кўринмайди. Йўлак-подъездлари кўчадан ичкарига – торгина майдончага қараган. Олди мудом гавжум. Бетони ўйилавериб аллақачон тақдирга тан берган йўлкаларда автомобилларга йўл бўшатиб чарчайсиз. Истиқомат аҳлининг машинасини қантарадиган, хонадонига кириб-чиқадиган жойи шу ҳовли – майдончадан.
Ундаги фақат битта квартирага орқа томондан, энг пастки қаватдаги, олдини сарғайган ўт-ўлан ва буталар босиб ётган айвончадан кириб чиқилади. Айвончанинг бетон тўсиғи ушатилиб, торгина темир зина туширилган. Тўрт поғонали зинага темир суянчиқ тиркалганки, ҳар иккисини аллақачон занг боса бошлаган.
Якшанба куни, чошгоҳ маҳали ана шу айвончада ўттиз беш ёшлардаги хипча белли, сийналари сўлқиллаган, гажаклари юпқа лабларининг икки четига буралиб тушган жувон пайдо бўлди. Ўзига астойдил оро берган, бутун қиёфасидан нозу истиғно уфуриб турган бу аёл бетон тўсиқ оша бўйнини чўзиб, атрофга ингичка қошларини чимириб назар солди. Қоматига ёпишиб турган пахталик адрас камзулининг чўнтагидан сарғиш латта чиқариб, суянчиқ устидаги қиламиққина қорни сидириб ташлаган бўлди. Кўтариб чиққани – оҳори кета бошлаган қизил бахмал кўрпачани темирнинг устига ёпди ва ўзини яна айвонга олди. Ҳузурланиб керишди. Тунни ғоят тотли ўтказган сулув жувонлар ана шундай, нималардандир энтикиб, қўмсаниб, нозланиб керишадилар. Ичкарилади.
Бирпасдан кейин уйдан эркак кишининг асабий овози қулоққа чалинди. Унга аёл ва гўдакнинг йиғиси қўшилгандай бўлди. Жимлик чўқди. Насиҳат оҳангида гапираётган эркакнинг бир зайлдаги салобатли овози келиб турди. Ярим соатлардан сўнг айвонда қоракўл телпакли барваста ва хушрўй киши кўринди. У ҳам аввал ўнгу сўлига ҳадиксирагандай кўз югуртиргач, кўрпача осилган суянчиқдан енгил ушлаганича авайлаб пастлади. Кенг кўкрагини тўлдириб нафас олганида яғриндор елкалари кўтарилиб тушди.
Ҳаво тоза, совуқ ва тунд эди. Кўрку салобатига ярашган қора пальтосининг мўйнали ёқасини кўтарди ва йўлакда турган ҳашаматли машинаси сари юрди. Кеча эриб улгурмай, тунда танкиллаган музга айланган қор ғичирлади. Қўнғироқ саси келгандай бўлди.
Эркак таққа тўхтаб, ён чўнтагига қўлини юборди. Кўзойнагини олиб, ҳамон жиринглаётган телефонга бир лаҳза тикилиб қолди. Бўёғи ялтираб турган тим қора, қалин, қарийб кирикларигача туташиб кетган қошлари учиб тушди. Авзойи бузилди:
– Нима гап?
– Дадаси, сизмисиз? – аёл кишининг хаста-ночор овози келди. Бугун хотин зотига худо берди, деган гап ўтди хаёлидан эркакнинг. Энди буниси додлайди. Ўзини афтода ҳолга солади. Гўё саноқли кунлари, йўқ, соатлари қолган хаста. Раҳм-шафқат қилмасангиз, рози-ризолигини олмасангиз, армонда қоласиз.
Кун бехосият бошланаётганини сезиб, юзи хавотир ва тахликали тус олди.
– Яна ким бўлиши керак, – деди айвондан узоқлашар экан.
– Яхши дам олдингизми?
– Шукр! Жойида. Ўзинг нечуксан?
Илгари хотини бундай қуруқ, қисқа ва совуқ жавобдан кейин гапни калта қиларди. Энди терговчига ўхшаб дарҳол савол-сўроққа, йўқ, жеркишга ўтди. Эри айнан шундай бўлишидан юрак ҳовучлаб турганди.
– Нега телефонни омайсиз? – ўшқирди аёл.
– Телефонимнинг товушини ўчириб қўйган эканман, – ўзини босиб жавоб берди эр.
– Кечаси билан минг марта телефон урдим…
– Оқшом исроиллик ҳамкорлар билан бирга эдик. Даққи жуҳудларга жузия тўламасанг, бир иш чиқиши қийин. Пахтани томчилатиб суғориш яна савил қолади, шекилли. – Унинг мийиғида маъюс кулги жилваланди. – Товарига отасининг нархини қўйган. Кейин сен же – мен же, дегандай. Биласан-ку. Иш битмади. Битса, менгаям чой пули қоларди.
– Яна ичдингизми?
– Ҳа, виски. Озроқ олдим. Итдай чарчагандим.
– Буни қаранг.
– Ишларимни бирёқли қилиб, хонамга чиқибману қотибман. Галстугимниям ечмабман. Ҳозир турдим.
– Ўлмасин ўша жуҳудлар, бунча сарсон қилди сизни. Ҳар ҳафта Тошкентга қатнайвериб ҳориб кетдингиз. Ҳар ҳафта-я!
– Ҳар ҳафтамас… лекин иш-да. Ўзинг ўйла. Фермерлар учун мен югурмасам, ким югуради.
Айтдики, туман Фермерлар уюшмаси деганинг етимдай гап. Иш буюрадиган отаси, хўжайини кўп. Ёрдам беришга қолганда ҳамма ўзини олиб қочади.
– Кечаси телефон қилсам, бир болача олди, – деди аёл. – Ким у?
Эркак тушунди: хотин ҳамлага тайёрланаётган илон қиёфасига кира бошлади. У аёл зотининг мана шундай ҳезланишларидан безган, чарчаган эди.
– Калланг жойидами? – бўш келгиси келмади эрнинг. – Ё, отангга ўхшаб, арақ-парақ ичиб олганмисан? Мусофирхонада бола нима қилсин?
– Отам раҳматлининг арвоҳини чирқиллатманг!..
– Бўлмаса, нимага ҳе йўқ – бе йўқ, бингакка ўхшаб нишингни тиқаяпсан?
Эркакнинг ажин соя ташлай бошлаган юзи буришиб кетди. Ичида хўрсинди. Хотинининг асабий титраётган лаблари, чақчайган кўзлари, қалтираётган қўллари кўз олдига келди. Энди кўҳна касали қўзигандан-қўзийди. Яна кўрпа-тўшак, яна дори-дармон, яна эмлаш. Вос-вос. Ичида шундай деди-ю, хотинига раҳми келаётганини ҳам сезди.
– Телефонга болакай жавоб бергани рост-ку! – гап кавлашдан тўхтай демасди аёл.
– Номердан адашган бўлсанг керак.
– Ҳозир қаердасиз, ўзи? Тўғрисини айтинг!
– Қаерда бўлардим. Тошкентдаман.
Эр телефонда ади-бади айтишиб ўтиришдан наф йўқлигини англади:
– Қўй, барака топкур. Яна жанжални касал бошингга сотиб олма. Ундан кўра, ўзингдан гапир.
Аёлининг ҳол-аҳволини суриштирган бўлди: қандинг жойидами? Қон босиминг-чи? Келин, неваралар қалай? Аёлининг қонидаги шира ўн саккизга чиқиб кетгани, туни билан мижжа қоқмагани маълум бўлди. Оғзини яна яра босиб, “осма” олиб ётган эмиш. Бундай гаплардан кейин қайси ичи тор хотин ҳиқилламайди.
– Оббо! Тағин оби дийдами? – Эр ҳаммасига чидарди-ю, аёлининг милдир-милдир кўз ёши тўкиши юрак-бағридан ўтиб кетарди.
– Телефонни оларсиз деб ҳали кутаман, ҳали кутаман…
– Айтдим-ку, қотиб қоппан деб.
– Йўқ, сиз менга тўғрисини айтинг! Қаердасиз, ўзи? Қайси сатангнинг уйидасиз?
Эр бошини асабий чайқади.
– Қаерда бўларди-им? – деди энди чўзиб. – “Интерконтиненталь” меҳмонхонасидан чиқиб, машинамга ўтиряпман.
– Ҳай, билмадим-ов…
– Нима? Бошқа борар жойим борми. Билсанг, айт ўзинг! Борми?
– Ёлғон гапирманг! Мени алдай олмайсиз. Бирорта қанжиқнинг қўйнидан чиқиб келяпсиз. Сезиб-билиб турибман!..
– Сайра! Сайрайвер-чи, охири нима бўларкин.
– Йўқ, сиз менга рўй-рост айтинг. Сен қариб қолдинг. Мен бошқасини, ёшроғини топдим, деб тўғрисини айтинг-қўйинг. Жанжал-панжал қилсам, тил тортмай ўлай… Пешонамдагини кўраман.
Эр биларди, бунда пайтда аёлининг ранги кесакдек гезариб кетади.
– Ўв, ҳаддингдан ошма! Сенга минг, миллион марта айтганман. Яна айтаман: умрим бино бўлиб, бирорта бегона аёлнинг қўлини ушламаганман. Биро-ортаям!.. Тавба! Энди, ёшим бир жойга борганида, жазман тутишни менга ким қўйибди…
– Қасам ичинг! Болаларингизнинг, невараларингизнинг ҳаққига қасам ичинг!.. Ичоласизми, ўзи?
– Қасамга таяма. Ишонмасанг, ўзингдан кўр! Ўзингнинг шўрингга.
– Хўп, гапингиз рост бўлса, телефондан кўрсатингчи ўша мусофирхонани! Оти нима эди?.. “Интерконтинентал”ни?…
– Телефонимда камера йўқ. Бўлганида ўн қаватиниям томоша қилардинг.
– Атайлаб эскисини опкетгансиз…
– Янгиси зилдай. Чўнтагимга солсам, костюмимнинг бир томони тош босгандай осилиб қолади.
– Буни қаранг. Сезмаган эканман…
– Қачонгача рашк қиласан, айт?
– Ўлгунимча! Сўнгги нафасимгача! Ўлаётганимдаям ичим куйиб-ёниб ўламан… Ернинг остидаям бағрим хун бўлиб ётаман!..
Хотиннинг куйиб-ёниб айтаётган гаплари ёлғон эмасди. Эрга нашъа қилди. Аёл эса, баралла биғиллашга ўтди.
– Худога солдим! – деди. – Ҳаммасини худога солдим! Тепада ўзи кўриб-билиб тўрибди! Қўрқмасангиз, юраверинг!..
– Нима билганинг бор ўзи? Шундан гапир!..
– Кўкайим тутаб кетаверса, нима қилай?.. – Увиллашга ўтди аёл. – Мени ойдай адо қилдингиз!..
Айвончада бояги хипча белли жувон билан уч-тўрт ёшли гўдак пайдо бўлганини эркак кўрмади. Жувон энгашиб, гўдакнинг қулоғига нимадир деди ва болакайнинг кўзларига тушиб турган қоп-қора қўнғироқ сочларини енгилгина силаб қўйди. Болакай зина томон талпинди. Онаси унинг билагидан ушлаб, авайлаб пастга туширгач, ўзини тағин лип этиб уйига олди.
Юпунгина кийинган болакай сунъий чармдан чатиб тикилган, пайпоғи баралла кўриниб турган хонадон шиппагига қор кирганига қарамай, икки ёнига майманглаганича телефонда гаплашаётган эркак томонга шошилди. Етиб келибоқ унинг этагидан қучоқлади:
– Дада-жон!
Эркаланиб, оппоққина, қонсизгина юзини отасининг муздай ўнгирига босди. Киприклари узун-узун кўзларини юмди:
– Дадажон, тетма-анг!.. Ийтимо-ос, тетма-анг!
Эркакнинг юзлари баттар буришиб кетди. Хиёл энгашиб, болакайнинг қўлчаларини этагидан авайлаб узар экан, телефонини чўнтагига тиқди.
– Бор! – деб шипшиди шоша-пиша. – Бор! Энангга бор!..
Гўдакнинг беғубор кўзларида ёш ғилтиллади. Кулимсиради. Чиллакдай ингичка оёқларини яна икки ёнига майманглатганича айвонча томон кетди. Зинадан амаллаб чиқиб, орқасига қаради.
– Дада-жон, тетма-анг! – деб шивирлади.
Эркак чўнтагидан телефонини чиқарди.
– Ёнингизда ким бор? – Телефондан яна шанғиллаган овоз келди. – Ўша кашмирими? Ё боласими?
– Ўв, мусулмон! Ким бўларди, шундай совуқда. Этигимнинг замогини ёпдим.
Бу пайтда жувон яна айвончага сирғалиб чиқди ва ўғлининг қулоғига энгашиб тағин нимадир деди. Яна зинадан пастга тушириб қўйди-ю, шартта ўзини орқага тортди. Майманглаганича отаси томон шошилган болакай яна терс ўгирилиб турган эркакнинг ўнгирига юзини босди.
– Дада-жон, нана тачон теласиз?
Ота оёғига бесар ит суйкаланаётгандек, чўчиб тушди.
– Бор, дедим-ку! Энангга бор! Шамоллаб қоласан!
Боланинг қоқсуяккина елкасидан тутиб, тўрт қаватли уй томонга буриб қўйди. Уни айвондан қараб-кузатиб турган онаси жўнатаётганини ва гап ўргатаётганини, шу йўл билан отасининг раҳмини келтириб, ораларидаги аразни кўтармоқчи бўлаётганини билиб турарди. Билгани учун ҳозиргина ўзи чиққан уй томонга лоақал бурилиб қарамади. Қарагиси келаётганини сезиб, илҳақ бўлаётгани эса рост эди. Қараса, ён берган бўлади. Ён берса, аёл киши ҳаддидан ошади. Хархашаси кўпайиб, эрнинг бошига чиқиб олади.
Отасининг дағал муомаласини кўриб, болакайнинг беғубор кўзлари яна ёшга тўлди. Оғизчаси камшайиб, дийдалари уча бошлади. Танбеҳ эшитиб қолишдан чўчигандай, юраги бетламайгина, дадасига – қовоқлари осилиб тушган ҳайбати баланд одамга қаради. Отанинг унга раҳми келди. Хаёлидан, шунчалар тошбағирмисан, деган ўй ўтди чамаси, пастки лабини тишлади. Бу бечоранинг айби нима? Ўзи ярим жон – бир оёғи калта бўлса. Совуққа этик дош беролмаяпти-ю, бу бечора шиппакда қор кечиб юрибди. Бир кўнгли гўдакни шартта кўтариб олгиси келди. Яна ўша заҳоти фикридан қайтди.
– Бор, – дея гўдакнинг нозиккина елкасидан итарди ота. – Энангга бор. Шамоллаб қоласан.
Болакай яна икки ёнига чайқалганича ортига кетди.
Боз телефон қўнғироғининг саси келди. Эркакнинг зардаси қайнади:
– Бўлди-да энди?!
– Яна нимага жавоб бермайсиз? Болангизга раҳмингиз келдими, дейман?
– Нима деб валдираяпсан? Қўясанми ўзи, йўқми?
– Қўймайман. Охирига етмагунимча қўймайман! Ҳали-ку Тошкент экан, Хиротгача бўлсаям бораман. Ҳа, бораман!..
– Қайси тилинг, қайси юзинг билан шу гапларни эп билиб гапиряпсан?
Қасдига олса, пешонасидан отиб ташласанг ҳам тўхтамайди. Худонинг жазоси – бу, деб бошини надомат билан ирғади эр.
– Мажбур қилаётган ўзингиз-ку! Ҳаммани алдир-гилдир қилиб, кунда-кунора ўша урғочининг олдига чопасиз. На ўғлингиздан, на келиндан уяласиз. Садқаи рўзғор кетинг!..
Эркакнинг уф тортгиси келди, аммо тортмади. Сокин ва осойишта жавоб қилдики, бу вазминлигидан ўзи ҳам таажжубга тушди:
– Ишонмасанг, энди ёнимга қўшилиб кел. Соядай эргашиб юр. Ҳаммасини ўз кўзинг билан кўр. Томоша қил.
– Уйда ўтирган чаласавод хотинни лаллайган деб ўйлайсиз-да, а?
Эркак ўзини мажбурлаб кулар экан, юраги баттар увишди. Токайгача давом этади бу машмаша. На қишлоқдаги уйда ҳаловат бор, на шаҳардаги.
– Қўй, онаси, – деди ҳорғин овозда. – Бўлар-бўлмас гапларни айтиб, ўзингниям, мениям қийнама.
– Вой-вой! Ким кимни қийнаяпти? Ўзингиз айтинг. Шу пайтгача сизга гап қайтарган куним бўлганми?
Инсоф билан айтганда, бўлмаган. Лекин сўнгги пайтда эр-хотиннинг ғиди-бидиси кўпайганини ҳамма – фарзандлариям, қариндош-уруғиям билади.
– Эндиям қайтарма. Аёл кишининг улуғлиги шунда. Тағин ўзинг тақводор бўлсанг…
Эрининг муроса гапи кор қилдими ё унга раҳми келдими, ҳартугул, аёл жаврашдан тўхтагандай бўлди.
– Ҳар доим худони ўртага солиб қутуласиз, – деди бирдан мулойим тортиб. – Қачон қайтасиз?
Титраб чиққан овозида соғинч, эркаланиш бор эди.
– Кечга довур бориб қоламан…
Эр енгил тортиб, машинасининг эшигини очди.
Болакай уйга кира-кира қаттиқ акса урди. Оғзидан сўлаклари сачраб кетди.
Ота машинасига ўтираётиб ҳам деразадан мўлтираб турган она-бола томонга бурилиб қарамади. Ойналари музлаб ётган совуқ кабинага чўкдию бир муддат моторнинг қизишини кутди. Ўғлига сим қоқди:
– Қаердасан, болам?
– Даладаман. Пайкал бошига гўнг ғамлаяпмиз.
– Бинойи. Энди гапимга қулоқ сол.
Ўғли жим эшитди. Ота ўтган куни ҳоким телефон қилганидан гап бошлади. Сиз, истеъфога чиққан бўлсангиз ҳам, барибир прокурорсиз. Қўлингиздан кўп иш келади, деб қўлтиғига бирпас сув пуркади. Биздаям қопкетмас. Ёрдам қилинг. Пойтахтдан экология бўйича катта комиссия келаётир. Орасида депутатлар ҳам бор эмиш. Лалми ерга экилган дарахтларнинг аҳволини кўрармиш. Сизнинг далангизга бошласак.
– Ҳаммаси ғирт ақлдан озган, болам, – деди ота. – Ўтган саратондаги жазирамадан арча қолдими. Шу биёбонда-я! Одам тутаб кетай деди-ку.
– Нима қил, дейсиз, дада? –тоқатсизланиб сўради ўғил.
– Хуллас, лалми ғалланинг бўйидаги арчалар…
–Ҳаммаси қуриб битган. Ўнтасидан биттасиям кўкармаган..
– Биламан.
– Яна красками?…
–Ҳа. Орасида йиқилиб, тўкилиб қолганлари бўлса, кўчириб опташланглар. Қолганига пистоқи бўёқдан сепиб чиқ. Кўзингга қара, ерга сачратиб-нетиб юрма, тағин.
– Дада, сачратсам-сачратмасам, бўялгани билинади-ку! Кўр эмас-ку, комиссиянгиз…
– Жуда яхши биламан. Кўр эмас. Лекин, болам, улар ям-яшил арчаларнинг ёнида расмга тушишга ишқивоз… Қолгани билан ишинг бўлмасин…
Ўғлининг дағал муомаласидан отанинг бирдан дами ичига тушиб, ойнада эриб бораётган қор аралаш муз парчаларига маъюс тикилиб қолди. Ҳамманинг олдида ўзини айбдор ҳис қилди. Мен ҳам эдим сендай, деб пичирлади, сен ҳам бўласан мендай. Ёлғончи дунё, болам!..
Рулни икки қўли билан оҳиста уриб қўйди. Қоракўл телпагини ёнидаги ўриндиққа ташлаб, газни босди ва шитоб билан жойидан жилди. Хиёлдан сўнг “Қадимий ва ҳамиша навқирон Қарши Сизга оқ йўл тилайди!” деган улкан лавҳанинг ёнидан ўтиб, шаҳарни тарк этди.
Бу пайтда шафтолиранг уйнинг пастки қаватидаги жувон эшикни шарақлатиб очди. Ўғилчаси тўшаб ётадиган қизил кўрпачани олиб, суянчиққа шундай жон-жаҳди билан уриб қоқдики, бутун айвон, уй зириллаб кетди. Ичкарига кирар экан, қуриб-қовжираб ётган хасларга қараб тупуринди:
“Нонемас!..”
Ойналарига пашша ўтириб кетган дераза пардасини ёпди.
“Ҳуррият” газетаси, 2022 йил 27 июль.