Байкал деярли Осиёнинг марказида, Москва ва Воронеж, Лондон ва Эдинбург кенгликлари ўрталиғида жойлашган. Агар Ер юзида илк яратилган куйи сақланиб қолган жойлар бўлса, бу, аввало, Байкал кўлидир.
Байкал Ер шаридаги кўллар ичида марварид донасидай ажралиб туради. У геологик жиҳатдан кўҳналиги, ажойиб ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, улкан ўлчамлари, ўта тиниқ суви ва гўзал иқлими билан машҳурдир. Дунёдаги уч миллиондан ошиқ кўллар ичида энг катталаридан бири Байкалдир. Унинг узунлиги 636 км.
Унинг ҳудудида Голландия, Бельгия еки Швейцария бемалол жойлашиши мумкин. Байкал — дунёдаги энг чуқур кўл. Унинг энг теран жойи 1 637 метрдир. Байкал ҳавзасида Ер шаридаги жами чучук сувларнинг бешдан бир қисми жойлашан. Байкалга Балтика денгизининг суви ва Азов денгизидан юзтаси сиғади.
Байкал — дунёдаги энг кўҳна кўллардан бири. Унинг ҳавзаси шаклланиши 30 млн йилдан бери давом этмоқда. Нега давом этмоқда? Чунки кўл минтақасида жойлашган сейсмик станциялар ҳар йили икки мингга яқин зилзилани қайд этишади. Улардан айримлари ўта кучли бўлади. Масалан, 1959 йили ер қимирлаши натижасида Байкалнинг туби 15 метр пасайди. 1862 йили Селенга дарёси дельтасидаги 200 кв.км. соҳилбўйи ерлари сув остига чўкиб кетди.
Кўлда ўсимликларнинг 850, ҳайвонларнинг эса 1400 тури мавжуд. У ердаги ўсимликларнинг 133, ҳайвонларнинг эса 848 тури дунёнинг бошқа жойларида учрамайди. Баъзи тирик организмлар дунёнинг бошқа ҳеч бир кўлида йўқ. Байкал кўҳна мавжудотларнинг табиат музейи деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бу ерга туб ҳайвонлар — эндемикалар келганига беш миллион йилдан ошган. У ердаги омуль ва нерпани ҳамма эшитган бўлса керак, аммо тирик туғадиган голомянка балиғини ҳамма ҳам билавермайди. Унинг ёғи таркибида фойдали дармондорилар бор ва бу дармондорилар азалдан тиббиётда ишлатилиб келади. Кўлда яшовчи жониворлардан бири эпишура қисқичбақасидир. Ҳар бир квадрат метр сув остида, тахминан, 30 миллиондан ошиқ бундай қисқичбақа бор. Эпишуралар Байкал сувининг тозалиги учун «масъул»дир. Сувнинг шаффофлиги 40 метрни ташкил этиши ҳам унинг «меҳнатлари» самарасидир. Масалан, сувнинг шаффофлигини ўлчайдиган Секки гардиши Каспий денгизида 25 метр, Севан кўлида эса 20 метр чуқурликда кўринади. Шаффофликда Байкалга машҳур Алп кўллари ҳам тенг кела олмайди.
Байкал устида кўпинча ҳаво очиқ бўлади. Унинг устидаги қуёшли кунлар қора денгиз курортларидагига, ҳатто Ниццадагига нисбатан ҳам кўпроқдир. Байкалдаги очиқ кунлар 2 583 соатга етади. Энди кўл устидаги мусаффо осмонни бир тасаввур қилиб кўринг. Байкал ўз соҳилларидаги иқлимни юмшатади. Нисбатан узоқроқ минтақалардагига қараганда, қишда бу ернинг об-ҳавоси 5—7 даража илиқ, ёзда эса салқин бўлади.
Байкал сувининг таъми жуда мазали. Бунинг сабаби сув тозалиги билан бир қаторда таркибида минераллар ҳам кам. Кўлнинг тоза ва чучук суви ҳақиқий табиат хазинасидир. Аммо хазиналар тадқиқотчилар билан бир қаторда ҳар хил авантюрист ва енгил бойлик орттириш иштиёқмандларини ҳам ўзига жалб этади. 60—70-йилларда Байкал омуль (лосослар туркумига мансуб балиқ) тутувчи браконьерлар — ўғринча овчиларнинг маконига айланиб қолди. Асрнинг бошларида эса машҳур Байкал сувсари қирилиб кетаёзган эди. Унинг соҳилига целлюлоза комбинати қурилганини ваҳшийликдан бошқа нарса деб бўлмайди. Албатта, Байкал кучли ва қудратли кўл, аммо шу билан биргаликда ҳимоясиз ҳамдир.
Инсон Байкал бойликларини эндигина ўргана ва ўзлаштира бошлаган кезлар унинг сувини булғаш қатъий тақиқланган эди. Атрофдаги ўсимликларни пайҳон қилмаслик учун фақат сўқмоқлардан юришга рухсат этилар эди. Балки ушбу тартибларни қайтадан жорий этиш керакдир?
Байкал ўз бағрига Россиядаги чучук сувларнинг 80% ини, сайёрадаги чучук сувларнинг эса бешдан бир қисмини сиғдиради.