Бир вақтлар одамлар пайдо бўлган кометаларни кўриб даҳшатга тушишган. Улар кометани шайтон аломати, вабо, урушлар ва ўлим нишонаси деб билишган.
Бугунги кунга келиб, кометалар нима эканини билсак-да, улар ҳақидаги кўп нарсалар ҳали бизга маълум эмас. Кометага илк бор кўзимиз тушганда, гарчи диаметри бир неча минг километрни ташкил этса ҳам, унинг кичик бир шуълали жисм эканини кузатамиз. Кометанинг марказидаги кичик, ярқироқ ёруғлик нуқтасини ҳам кўриш мумкин. Ушбу ёруғлик нуқтаси кометанинг ядроси деб аталади. Мунажжимларнинг фикрича, ядро муз ва чанг зарралари аралашмасидир. Бу аралашмадан диаметри 0,5 дан 20 километргача бўлган шар ҳосил бўлади.
Қуёшга яқинлашиши билан кометанинг думи пайдо бўлади. Дум жуда сийрак газ ва ўта майда зарралардан иборат бўлиб, улар комета ядросидан Қуёш таъсири остида ажралиб чиқади. Комета ядросини унинг «пўстлоқ» деб аталмиш учинчи қисми ўраб туради. У қаттиқ моддадан иборат ёлқинланиб турувчи булутдир.
Кометалар думи турли шакл ва ўлчамга эга. Баъзилари — қисқа ва кенг, бошқалари эса узун ва ингичка. Баъзи кометаларнинг эса, умуман, думи йўқ. Комета Қуёшга яқинлашаётганда ундан дум ўсиб чиқади ва ҳаракати ҳам тезлашади. Бу вақтда комета боши олдинда куйи ҳаракат қилади. Сўнгра қизиқ бир вазият юз беради. Комета Қуёшдан узоқлашгани сари думи унинг олдига ўтади. Бунинг сабаби шундаки, Қуёш нурлари комета ядросидан материянинг майда зарраларини юлиб олади ва унинг Қуёшга тескари бўлган йўналишда думи пайдо бўлишига олиб келади.
Шунинг учун комета Қуёшдан узоқлашаётганда думи олдинда куйи ҳаракатлана бошлайди. Бу вақтда кометанинг тезлиги пасаяди ва аста-секин кўзимизга кўринмай қолади. Кометалар узоқ йиллар йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин, аммо аксарияти вақт ўтиши билан қайтиб келади. Улар Қуёш атрофида айланади. Айримларининг Қуёш атрофида бир марта тўла айланиб чиқиши учун жуда кўп вақт талаб этилади. Масалан, Галлей кометаси Қуёш атрофида 76 йилда бир марта тўла айланиб чиқади. Галлей кометаси илк марта хитойлик бир рассом чизган суратда мелоддан аввалги 168 йилда ўз аксини топган. 1682 йилда Британия қироли мунажжими Эдмунд Галлей бу кометанинг ҳаракатини кузатиш жараёнида олиб борган ўз ёзувларини синчиклаб текшириб чиққандан сўнг, айнан шу комета ҳар 76 йилда Ерга яқин келиб кетишини аниқлади. Бу кометани инглизлар 1066 йили Гастингс яқинидаги жанг арафасида кўришган. 1986 йили Галлей кометаси тўғрисида маълумот тўплаш учун космик кема учирилди. Кема кометанинг шакли ва ўлчамларини кўрсатувчи 2000 та суратни Ерга юборди. Аниқланишича, комета олимлар тахмин қилганидан икки марта катта экан. Унинг узунлиги 16 км.дан ошиқ, эни эса 10 км атрофида.
Мунажжимлар бугунги кунгача 1000 га яқин кометани рўйхатга олишган, аммо бизнинг Қуёш системамизда кўзга кўринмайдиган кометаларнинг сони бир неча юз мингдан ошиқ бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Ҳар бир асрда кометалар Қуёш яқинидан шу даражада кўп ўтадики, уларнинг ёрқин ва порлоқ «думи»ни Ердан ҳам кўриш мумкин бўлади. Кометани фақат Қуёшнинг ёнидан ўтаётганда кузатиш мумкин. Сўнгра Қуёш комета ядросидаги музни буғлантириб юборади. Қуёшдан чиқаётган радиация газлар орқали ўтиб, уларни ионлайди ва бу газлар нурланишига сабаб бўлади.